Home /   / Aлaмзaдалик

Aлaмзaдалик

Кимгадир жаҳл қилиб, ақл бовар қилмас ишларга қўл уриш, ўзлигини унутиш… Афсуски, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кимдир гоҳ қайнонасига, гоҳ хотинига, эри ё бошқага жаҳл қилиб ўз фарзандини ўлдираётгани ҳақидаги хабарларни ўқир экансан, вужудингни титроқ босади. Наҳотки одамзод шу қадар тубанлашиб бораётган бўлса?!

Аслида бу мавзуда ёзиш жуда оғир. Бироқ кўз олдимизда бахтли ҳаётини ўзи остин-устун қилган аёллар тақдири кимнидир шум ўйлардан қайтарар, кимгадир сабр қилмоқни ўргатар деган мақсадда шунга жазм этдим.

Муқаддас ҳам эрини жону дилидан яхши кўрар, ишдан келса илиқ кутиб олиб, олдига ошу нонини қўярди. Қайнота-қайнонасининг ҳам дуосини олишга ошиқарди.

Уч фарзанднинг ота-онаси бўлишганида бу оиланинг ҳаловати бузилди. Носир кўп ичадиган, ҳатто баъзан тунлари уйга қайтмайдиган одат чиқарди. Биров “бу болани пул қутуртирди” деса, кимдир “онасининг ўлимини кўтаролмади” деди… Чунки ўша кунлари онаси қазо қилганди.

Отаси Назар аканинг насиҳатлари ерда қолаверарди. Ана шундай кунларнинг бирида алламаҳалгача уйга келмаган эрини пойлашга аҳд қилган Муқаддас қор гупиллаб уриб турган тунда қизини етаклади-ю, Носирнинг ортидан ишхонасига борди.

“Собиржон билан чиқиб кетишувди. Балки Мухторникидадир… Эрингиз аслида бугун ишга чиқмаганди…”.

Қоровулдан бу гапни эшитган аёл баттар жаҳл отига минди. “Уйи куйган бу ярамаснинг…” дея ғудраниб, эрининг ҳамкасбиникига йўл олди.

Бемаҳал ташрифдан қўрқиб кетган Мухторнинг хотини: “Вой ўлай, улар бу ерга келишмади, – дея олди базўр. – Муқаддасхон, ҳа энди… эркак кишилар бўлса… Баъзан шундай юришади-да тентираб… Оғайнилар бирор ерда улфатчилик қилишаётгандир… Мана, бизнинг хўжайин ҳам йўқ… Сиз яхшиси уйга қайтинг. Болангиз совуқдан кўкариб кетибди, яна шамоллатиб қўйманг…”.

Аммо Муқаддаснинг кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Қўшни аёллар, таниш-билишларнинг эри ҳақидаги миш-мишларини ўйласа… У гумонсираган манзили томон йўлга тушди. Ортидан совуқдан қалтираган қизчаси ҳам бурнини торта-торта эргашди.

Дарвозанинг қаттиқ тарақлаши, аёл кишининг бақир-чақиридан қўрқиб кетган уй соҳибаси чиқиб эшикни очди. Унинг исми Шоира эканини эшитганди. Муқаддас унга бир оғиз ҳам гапирмай, ўзини ичкарига урди. Минг афсуски, тахмини тўғри чиқди. У эрини ярим- яланғоч ҳолатда кўриб, жонҳолатда бақиришга тушди:

– Мана, отангни кўр!.. – у қизини отасининг ёнига судраб борди. Кейин кутилмаганда эрига ташланиб, юзларини тимдалай кетди. Аммо Носир бунга жим қараб турармиди?! Айб ўзида бўлишига қарамай, хотинини аямай калтаклашга тушди. Ярим тундаги бу “қиёмат” бутун қишлоқни тутди…

Эрининг аёвсиз тепкиларидан аъзои бадани қақшаётган Муқаддаснинг афти-ангорини кўриб бўлмасди. Даҳшатли можарога гувоҳ бўлган ва онасини бу аҳволда кўрган қизалоқнинг эса ҳарорати кўтарилгандан кўтарилиб борарди.

Уйга базўр етиб келган Муқаддас шоша-пиша қизига дори ичираркан, аламдан бир жойда ўтиролмас, дам-бадам эшик ёнига бориб келиб эрини қарғарди. Охири кўнглига адоқсиз оғриқ бераётган ғалаёнга чидолмади чоғи, нимагадир қатъий қарор қилгандек ҳовли тўрига шошди. Бир четда турган бензин тўла идишни олиб келди-ю, ичидагини уйи атрофига сепа бошлади…

Уйининг алангаси кўкка ўрлаганда Носир маҳалла бошида чайқалиб келмоқда эди. Кўз ўнгидаги даҳшатли манзарадан талвасага тушганча дастлаб нима бўлаётганини англолмай, анграйиб турди. Кейин ўзини аланга ичига урди. Афсуски, болаларини олов чангалидан омон олиб чиқолмади. Иккитаси касалхонага етиб бормай минг азобда жон берди. Муқаддас ва ўғлининг аҳволи эса жуда аянчли эди.

Уч кун ўтгач, ҳушига келган аёл базўр лабини қимирлатди.

– Бо… бо…

Уни тушунишди.

– Болаларингиз яхши, улардан хавотир олманг…

Бироқ бу гаплар уни тинчлантириш учунгина айтилган эди холос. Шу куни тонгга яқин ўғли ҳам узилди…

Тортмаган азоби қолмаган Муқаддасни эса таниб бўлмас, ўзининг аянчли кўринишидан борган сари даҳшатга тушарди.

– Ойижон, мен… болаларимни кўрмоқчиман, – деди у бошида парвона бўлаётган онасига ёлвориб. – Улар ҳам шу ердами?! Улар ҳам менинг ҳолимга тушишганми?! Айтинг, онажон?! Мен тортган азобларни наҳот улар ҳам…

– Йўқ, қизим… Улар анча тузук…

Онанинг овози титрарди.

– Мени алдаяпсиз, онажон… Асли мен аблаҳман, она эмасман! Жоҳил, нотавонман… Энди эсим кирди, ойижон!.. Ахир уларни бундай ҳолга солишга ҳаққим йўқ эди, уларда айб йўқ… Бечораларим… нима учун бундай ётиши керак?.. Мен нима қилдим ўзи?! Нима қилиб қўйдим!!!

Уни зўрға тинчлантиришди.

Муқаддас тузалиб боргани сайин “Болаларимни кўрсатинглар!” дея фарёд қилар, уни бир амаллаб тинчлантиришарди…

“Энди бошқача яшолмайман, – хаёлга берилди шундай кунларнинг бирида. – Майли, ногирон, хунук бўлай… Майли, менга ижирғаниб қарашсин, устимдан кулсинлар… Аммо энди болаларим учун иродали бўлиб, сабр-бардош билан яшайман. Майли, отаси бизга қиё боқмасин, аммо болаларимни энди ҳеч кимга муҳтож қилмай катта қиламан. У меҳримизни қўмсаб ўзи қайтади бир куни. Ҳали меҳр-муҳаббат, садоқат қанақа бўлишини унга ўзим исботлайман! Фақат… болаларим билан…”.

Аммо оқилона қарорга жуда кеч келганини, фарзандлари энди йўқлигини у ҳали билмасди…

Ҳозир Муқаддас телбанамо бўлиб қолган. Баъзан бир неча кунлаб йўқолиб, қўшниларни хавотирга солса, баъзан ҳафталаб уйига беркиниб олиб, ғам дарёсига ботади. Гоҳида қабристонда тентираб юрганини кўришади…

Кейинги фожиа ҳам юракни эзади.

Мунира ўғлининг бирданига камгап, одамови бўлиб қолганидан хавотирда. Мунг тўла кўзларига қарашга ботинолмайди. Аслида унда ҳеч бир гуноҳ йўқки, болаларидан хижолат қилса. Фақат мана шу дилбандлари учун оиласини сақлаб қололмади. Кўнглига қарши чиқолмади…

Мунира диплом олиши билан ота-онаси уни турмушга бериш ҳаракатига тушиб қолишди. Икки-уч қишлоқ наридан келаётган совчиларга розилик берилди.

Куёв бўлмиш Қодиржон бироз ўзига бино қўйган, атрофдагилар билан муносабатга киришиб кетавермасди. Бир кўришда ёқмаган бўлса ҳам Мунира ота-онасининг раъйига қарши боролмай, иложсиз кўнди.

Ёз охирида тўйлари бўлди. Дастлаб у Қодиржонга ўрганиб кетолмай, роса қийналди. Лекин кейинчалик ўзи учун қайғурадиган, топган-тутганини уйга ташийдиган эрига бутунлай боғланиб қолди. Ҳатто бир кун уйда бўлмаса, дунё кўзига тор кўринарди унга.

Катта қизлари туғилгач, Қодиржоннинг ишлари юришиб кетди. Шаҳар марказидан уй сотиб олишди, машина дегандай… Ўғилчаларининг қадами қутлуғ келиб, “Жигули” “Нексия”га алмашди. Бироқ… Кутилмаганда Қодиржон уйга тун ярмида келадиган бўлиб қолди. Эртароқ келса ҳам нималарнидир баҳона қилиб кўчага чиқиб кетади.

Мунирани ғам эза бошлади. Нега эри бу қадар ўзгариб қолди? Рўзғор билан ҳам иши йўқ… Болаларига ҳам қарамай қўйди. Авваллари ишдан келибоқ уларни қўлига олар, ухлагунларича бирга ўйнар, Мунира эса бундан фойдаланиб, чала қолган юмушларини бажариб оларди. Энди эса…

Бир куни Қодиржон кўчадан маҳзун кайфиятда кириб келди. Аввал болаларини суйиб эркалади, хотинига ҳам алланечук ғалати термулиб қўйди. Гўё дилини бир ғам эзаяпти-ю, ҳеч кимга айтолмаётгандек… Ниҳоят, болалар ухлагач, икки мижжасида ёш милтиллаганча Мунирага яқинлашди:

– Мунира, эрингни катта бир ташвиш эзиб, адо қилаяпти-ю, сезмайсан ҳам-а?!

– Қайдам… – елкасини қисди Мунира. – Ўзингиз бирор нима демаганингиздан кейин…

Ўша тун Қодиржон иш баҳона бир аёл билан танишгани, у билан хиёнат кўчасига киргани, бу йўл хатолигини анг­лагач, ортга қайтмоқчи бўлгани, бундан ғазабланган таниши уни ҳар кўйга солиб, ишхонасида беобрў қилаётганини айтар экан, Муниранинг ғазабдан тили айланмасди. Наҳот покиза деб ҳурматлаб, жону жаҳонини берган эри шу қадар тубан инсон бўлса?! Наҳот шу жирканч ишларга қўли борган бўлса?!

Аввалига ўзини қўйгани жой тополмаган аёл эри билан роса жанжаллашмоқчи бўлди. Бироқ Қодиржон қилғиликни қилиб ҳам паст тушай демасди. Аксинча, Мунирани обдон калтаклаб, ота уйига кетиб қолишидан қўрққанидан уйга қамаб қўярди. Бир ой ичида аёлнинг кўкармаган жойи қолмади.

Қодиржон бу абгор ҳолатига хотини айбдордек тутарди ўзини. Аёл барига чидашга мажбур эди. Ахир эри билан ажрашиб кетса, эл-юрт олдида нима деган одам бўлади?! Қолаверса, икки боласининг бошини бегона қўл силармиди?! Боз устига, улар отасига полапондек талпинса… Бетоблигини баҳона қилиб бир-икки кун ота уйида турганида катта қизи ичикиб, туни билан ҳарорати кўтарилиб чиқди. Ҳеч гапдан хабари йўқ Муниранинг отаси тонг-саҳарда уларни Қодиржоннинг қўлига топшириб, кўнгли тинчиди.

Йўқ, Мунира изтиробларга барибир тоқат қилолмади, эрининг хиёнатини кечиролмади. Гарчи эри бутунлай ўзини ўнглаб олган бўлса-да, қалбини нафрат эгаллаб бўлган экан…

Мана, тўрт йилдирки, у ёлғиз. Оиласини йўқотганидан заррача афсусланмаса-да, болаларининг хархашаси жон-жонидан ўтиб кетганида ўксингандек бўлади. Лекин начора! Қадамни қўйиб бўлди, энди ортга қайтиш йўқ. Ишхонасида обрўси яхши, рўзғорда муҳтожлиги йўқ ахир.

У ўз хаёллари билан эндигина хамир қормоқчи бўлиб турганди, қўшни бола югурганича кириб келди:

– Мунира опа, Мунира опа! Қандайдир одам Собирни кўчада судраб кетаяпти!.. Қаергадир олиб кетмоқчи!..

Мунира шошиб қолди. Нима бўлаётганини тушуниб-тушунмай кўчага чоп­ди. Не кўз билан кўрсинки, Қодиржон ўғлини қўлидан маҳкам ушлаб судраганча сал нарида кетиб борарди.

Бир зум уларга қараб турди-ю, югуриб бориб эрининг қўлига ёпишди:

– Болани нега судрайсиз?! Нима қилмоқчисиз уни? Қаерга олиб кетаяпсиз?

– У мен билан яшайди энди! – деди эри ҳансираганча унга боқиб. – Ортиқ бардошим етмайди ёлғиз яшашга!..

У шундай деди-ю, важоҳат билан ўғлига юзланди:

– Эшитаяпсанми?! Энди мен билан яшайсан!

– Барибир қочиб кетаман! – Собиржон ёш тўла кўзлари билан отасига боқди. – Ҳеч қачон сиз билан яшамайман!

Отаси онасини уриб, хўрлаб ҳақоратлаган кезлари Собиржоннинг қалбини отасига нисбатан нафрат эгаллаб улгурганди…

– Унда мана, мана… – Қодиржон ғазаб билан ўғлининг дуч келган ерига тепа бошлади. – Агар мен билан яшамасанг… онанг билан ҳам…

Мунира дод солганча эрига ёпишди. Бироқ ғазабдан қутуриб кетган Қодиржонга бас келиб бўлмасди.

Қип-қизил қонга бўялиб, оғриқлардан йиғлашга-да мадори қолмаган ўғлига қараб аёлнинг ҳуши бошидан учди. Шу пайт ерда ётган тошга кўзи тушди-ю, миясига келган ўйнинг тўғри ёки нотўғри эканини ҳам таҳлил қилмай уни жон ҳолатда қўлига олди…

Дам ўтмай юзи аралаш сачраган қон ва эрининг ғайритабиий инграши-ю ерга юзтубан йиқилиши ҳушига келтирди. Қодиржон ётган ерида типирчиларди, бироқ Мунира унга эътибор қилмай ўғли томон югурди. Бироқ минг афсус­ки…

Ёнма-ён жойлашган икки қабр ўртасида беҳолгина бир аёл ўтирарди. Дам ўзича бир нималар деб кулса, дам ўтмай йиғлаб дилни ўртайди:

– Ўз отаси қўлида ўлган болам-ов!.. Ота-она қурбони, арслоним-ов!..

Дам ўтмай хо-холаб кулади:

– Мен ўлдирдим уни… Ҳа, ўлдирдим! Сенинг қасдингни олдим, болам… Ёнинг­га боргунимча анави мегажинни ҳам ўлдирсам… Ҳа-ҳа-ҳа!..

Юқоридаги каби фожиалар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Зеро, Муқаддас ва Мунира сингари йўл тутиш мўътабар аёлга асло ярашмайди. Илло, халқимизда “Эрнинг бузуғини хотиннинг тузуги ўнглайди” деган гап бор. Ана шу ақида ёддан чиқмаса бўлди…

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: