Home /   / Акаларга йиртиқ шим, сингилларга калта юбками?..

Акаларга йиртиқ шим, сингилларга калта юбками?..

Инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, гўзаллик, нафосат, назокат, одоб борасидаги қарашларини очиб берадиган восита унинг кийиниш маданияти саналади. Кишининг кийинишига қараб, унинг нафақат маънавий-маданий даражаси, балки моддий аҳволи, касби, жамиятдаги мав­қеи, ҳатто эътиқодини ҳам аниқлаш мумкин.  Аммо кейинги пайтларда миллий қадриятларимиз намунаси саналган либосларимизнинг шакли, кўриниши ўзгармоқда. Айниқса, ўзбекона ки­йиниш усулимиз “оммавий маданият” таъсиридан холи бўла олмаяпти десак, янглишмаймиз. Бу ҳолат айниқса,  ёш йигит-қизларимизнинг кундалик кийимларида кўзга яққолроқ ташланмоқда…

Кейинги пайтларда нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам “мода”нинг ортидан қувиши урфга айланмоқда. Автобус, истироҳат боғи, бозор, кўча-кўйда ва бошқа жамоат жойларида соқоли ўсган, калта шўртик, ҳар хил ёзувли футболкалар кийган ёки сочини бўяб олган йигитларга кўзингиз тушади. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган, скелет расми солинган ёки хорижий тилларда турли иборалар ёзилган футболкаларни кийишга иштиёқманд йигитларимиз бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини билишади, албатта.

“Европа модаси” деб урф бўлган йиртиқ шим, калта юбка ва тор кўйлакни кийиб, ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб ҳисоблайдиган ҳар бир йигит-қиз қаттиқ адашади ва аксинча, улар ўзларининг маънавияти, тафаккури ва дунёқараши қай даражада эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос ки­йиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи омил ҳисобланади.

Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиш ўринли, деб биламан.  Йигит-қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларини ўйлаб кўришмайдими? Афсуски, ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.

Яқинда буюм бозорида тиззаси йиртиқ жинси шимларга кўзим тушди. Икки ёш қиз ўзларига тўғри келадиган ўлчамли йиртиқ шимни олиш учун кийиб кўраётган экан. Қизлар “мода”даги шимни бир-бирига мақташ билан овора. Лекин менинг кўзимга бу кийим жуда хунук кў­ринди. Энг қи­зиғи, қизларнинг юзу кўзи ҳаддан зиёд бўялган, соч­лари ёйилган. Улардаги ёшлик ифоридан, табиий гўзалликдан асар ҳам қолмаган. Ёш қизларнинг бу ҳолатини кўриб, “ғоз юриш, сарв қоматлар қайда қолди, қизларимиз ниманинг қулига айланмоқда”, деган фикр билан ҳайратда қолдим. Ёшлар шу аҳволда ота-онаси олдидан кўчага чиқмаяптими? Устозлари ҳузурига бораяптими? Ориятли акалар, тарбиячи тоғалар, меҳрибон амакилар қани? Ибрат бўлувчи амма-ю, онанинг ўрнини босувчи холалар қани? Улар нима билан банд? Уларнинг дарди, қайғуси нима?

Хўш, бу муаммоларнинг илдизи қаерда? Аслида ғарбона кийим-кечакнинг тарғиботчиси савдо марказлари, кийим бозорлари десак, адашмаймиз. Сабаби, бугун кийим-кечак бозорларида, савдо марказларида айнан ёшларга мўлжалланган бачкана бўлмаган, ҳеч қандай ёзувсиз, оддий кийимни топиш муаммо. Шу ерда мана бу мисолларга тўхталиб ўтмоқчиман. “Jorj exclusive” (Ажралиб турувчи, махсус Жорж), “Love Fashion” (Севимли мода, фасон), “No, You HANGUP” (Йўқ, сен осиласан), “You heart wanted love me” (Сенинг юрагинг мени севишни хоҳлаяпти), “What EVER” (Яна нима), “Kiss me slowop lose me fast” (Мени секин ўпиб, мендан тез ажрал) ва ҳоказо ёзувли кийимлар қайси мақсадларга хизмат қилади? Энг ачинарлиси, санъаткорларимиз ичида бу каби ёзувли ки­йимларни кийиб, клип суратга олиш ёки тўй ва концертларга бориш ҳам “мода”га айланган. Улар ажнабий ёзувлар маъносини тушунмаслиги мумкин эмас. Ёшларнинг аксарияти бугун санъаткорларга тақлид қилишни яхши кўришади. Аммо бугунги кунда айрим ўзбек санъаткорларининг кийиниш маданияти Шарқ эмас, Ғарб давлатлари меъёрларини ҳам ортда қолдирмоқда. Айниқса, телеканалларда эфирга берилаётган баъзи клиплар, кино, сериалларидаги санъаткорларнинг кийиниш услуби ёшларни маънавий жарликка етакламоқда.

— Ёшлигимизда ҳозиргидек тўқчилик, бозорларда тўкин-сочинлик бўлмаган. Кўп фарзандли оилаларда катта фарзандга олинган кийимни ундан кейинги укалари ҳам кийишарди. Агар кийимингиз йиртилиб қолибди, дейишса, йиртиқдан уялиб, шарманда бўлишдан қўрқардик. Лекин бугун юртдошларимизнинг кийим борасидаги қарашлари жуда замонавийлашган. Айниқса, ёшлар очиқ-сочиқ, ярми йиртиқ кийимларни ки­йишга, шу кийимларда никоҳ ва кечки базмларга боришга одатланишмоқда. Бу билан ўзбекона урф-одатларимизга, миллий қадриятларимизга ҳурматсизлик кўзи билан қаралмоқда, — дейди 70 ёшли урганчлик Ойбиби она Вафоева.

Онахонни гапларини тинглаб, хаёлимдан ўзбек дизайнерлари сифатли ва бежирим кийимларни таклиф этмас экан, фарзандларимиз йиртиқ кийимларни кийишдан тўхташмайди, деган фикр ўтди. Лекин мавзунинг яна бир оғриқли томони ҳам йўқ эмас. Ҳо­зирги замонавий ахборот технологиялари асрида интернетда, айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн тадбиркорлик оммалашмоқда. Интернет савдо гуруҳларига аъзо бўлган инсон Туркия, Хитой ва бошқа давлатлардан келтирилган уст, оёқ ва бош кийимлар ҳақида ҳар куни янги эълонлар билан танишади. Ушбу гуруҳлардаги савдо талаблари ҳам кишини таажжубга солади. Яъни гуруҳ аъзолари буюмнинг ранги, ўлчамини айтиб, буюртма беришади. Энг ёмони, гуруҳ харидорларининг “Очиқроғи йўқ­ми?”, “Калтароғи йўқми?” каби саволлари ва бунга жавобан янада калта, янада очиқ кийимларни таклиф этаётган интернет сотувчиларини моддий бойликдан ўзгаси қи­зиқ­тирмаслиги аён аслида. Аммо на илож, даромад тадбиркорнинг бирламчи мақсади бўлиб қолган. Авваллари кийим олиш учун бозорга атай чиқиш, уни соатлаб айланиш, сотувчи билан тортишиш керак эди. Бугун уйдан чиқмай туриб ҳам нафақат кийим, бошқа нарсалар ҳам харид қилиш мумкин. Айниқса, тўй-ҳашам учун бозорга нисбатан арзон кийим-кечаклар бундай онлайн бозорларда талайгина.

— Яқинда бир қариндошим ўғлини уйлантирди. Бахт остонасига эндигина қадам ташлаётган келиннинг эгнидаги оппоқ либоси барчанинг диққатини тортди. Елкаси ярим очиқ, этаги ўзидан икки-уч метр узун тўй кўйлаги охирги русумдаги “мода” экан. Келиннинг тўй либосидан андиша қилдик. Лекин ёш келин-куёв тўй охиригача ўзларини бемалол тутишди, тинимсиз суратга тушишди, энг қизиғи, катта даврада ярим елкаси очиқ оқ либосли келин куёв билан рақсга ҳам тушишди. Балки бу ҳолат ёшлар учун замонавий мода, янгича удум саналар, лекин ижара пули ўзидан кўп­роқ, ярми елкаси очиқ келин кўйлакларини олишга, тўй рақси билан ҳаммага кўз-кўз бў­лишга шароит яратиб бериш миллийлигимизга тош отиш деганидир, — дейди Боғот туманида яшовчи фуқаро Зумрад опа Оллаберганова.

Гап кийиниш маданияти ҳақида борар экан, унга аллақачон одамларнинг меъдасига теккан мавзу эмас, балки танамизни иссиқ-совуқдан асровчи, шу билан бирга, кимнинг ким эканлигини кўрсатувчи восита сифатида қарашимиз лозим. Энг аввало ота-она ўз фарзандининг кийинишига эътибор бериши, доимо назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки, қизларимиз ибо-ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти ҳам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса, нур устига нур бўлар эди.

— Фарзандларимиз “оммавий маданият” қурбонлари бўлмаслиги учун биз, катталар нафақат бонг уришимиз, балки уларни миллий маданиятимизга ўргатишимиз керак. Бу борада Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига хотин-қизлар қўмиталари, “Нуроний” жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бош­қа фуқаролик жамияти инс­титутлари ёрдам бериб, мактаб, коллеж, академик лицейларда, олий ўқув юртларида, ёшлар оммавий йиғиладиган жойларда тарғибот ишларини кучайтириши зарур. Бу ишга маш­ҳур ва энди иш бошлаётган либослар дизайнерларини таклиф этиб, уларнинг кўргазмалари намойишини ташкил этиш ҳам ўз навбатида кийиниш маданиятимизнинг ўзбекона қиёфаси сақланиб қолишига амалий ёрдам беради, — дейди меҳнат фахрийси Гулнора Исмоилова.

Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимизнинг кийинишига беэътибор қарамаслигимиз керак. Либосларимиз шунчаки танамизни ёпувчи мато эмас, балки халқимиз маданиятини, қарашларини ўзида мужассам этиб, миллатимизга, миллийлигимизга муносабатимизни ифодалайди. Ўзбек оилаларида фарзанднинг ўзини тутиши ва кийиниши нафақат ота-она, балки бобо ва бувилар назоратида ҳам бўлиб келган. Ўйлайманки, ҳар бир оиланинг ёши улуғлари ўғил-қизларининг кийинишига назоратни кучайтирса, “ёшларнинг ҳаммаси шундай кийинаяпти-ку,” деган “тасалли”ни фикрлар луғатидан олиб ташласа, айни муддао бўларди. Ватанимизга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бизнинг эгнимизда миллий либосларимизни кўриб ҳайратланса, қандай яхши! Миллий либосларимиз тимсолида уят, андиша, ибо, ҳаё каби гўзал хислатларимиз ҳам ўзини намоён этади. Қолаверса, “Акасига йиртиқ шим, синг­лисига калта юбка олиб бердим”, деб мақтанаётган айрим ота-оналарга маҳалла-кўй дашном берса, миллий анъаналаримиз давомчисига айланишига ҳис­са қўшган бўлар эди.

Юрагингизда айтар дардингиз бўлса, тўкиб солинг, муҳокама қилайлик.

Дилрабо КУРЯЗОВА,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: