Home /   / Ахлатхонадан топилган чақалоқ

Ахлатхонадан топилган чақалоқ

Болани туғиб ташлаб кетиш, уни пуллаб юбориш каби ҳолатлар бот-бот қулоғимизга чалинаяпти. Бироқ фарзандни дунёга келтириб, уни ўлдириш… Айтишга тил бормайди аслида. Таассуфки, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ана шундай муд­ҳиш ҳодиса содир бўлди. Маълум бўлишича, маҳалладаги ахлат қутисига ташлаб юборилган сумкадан бир нечта жойига пичоқ урилган янги туғилган чақалоқнинг жасади топилган.

Зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разил, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади. Чунки, соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Зеро, инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эркак билан аёлнинг ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият томонидан кафолатланган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса наслу насаб пок­лиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаган. Ушбу ақида Сожида Пир­матова (исм-фамилиялар ўз­гартирилган) учун бегона эмас эди.

Оиласи билан Ғиждувондан Навоий шаҳрига кўчиб келишганда Сожиданинг  ўзини тутиши-ю, одоб-ахлоқи бошқача эди. Беҳзод билан кафеда танишиб қолганида ҳам ҳаммаси бошқача эди. Нигоҳлар тўқнашуви, юракларда туғилган туғён муҳаббатга ўхшарди. Кейинги сирли учрашув Навоий шаҳрида йигитнинг ижарада яшаётган уйида бўлди. Ке­йин яна учрашишди. Афсуски, бундай учрашувларнинг якуни ҳақида на қиз ва на йигит ўй­лаб кўрмади.

Кўп ўтмай қизнинг кўнгли айниб, ҳомиладорлик белгилари кўриниб қолди-ю, у йигитнинг олдига югурди. Ҳолатни тушунтириб, ота-онасига билдиришни, тўйни бошлаш кераклигини айтганида, «Қа­нақа тўй?! Тўйга ҳали вақт бор», деган жавобни эшитди. Шундан сўнг йигит қорасини ҳам кўрсатмай кетди. Сожида эса ота-онаси билан яна Ғиждувонга қайтди.

Кунлар кетидан ойлар ўтаверди. Жажжи вужуд гўёки меҳ­рибон онасининг юраги остида улғаяётгандек эди. Сожида ҳомиласини яшириш учун кенг кўйлаклар кийиб, кундан-кунга катталашаётган қорнини яширишга уринар, имкон борича онаси, янгаси, акаси, айниқса, отасининг кўзига кўринмасликка ҳаракат қиларди. Шундай кунларнинг бирида, яъни ўтган йил октябрь ойининг охирги кунида белида оғриқ сезган Сожида уйдагилари тезроқ уйқуга кетишини кутди. Аммо она қизининг безовталигини сезиб қолиб, аҳволини сўраган эди, у яхшилигини айтиб, сир бой бермади.

Кайвони онахонларимиз туғруқ тўлғоғида осмон ларзага келиб, тоғ-тошлар чарсиллаб кетади, дейишади. Фарзандини дунёга келтираётган аёл эса  ҳаёт ва ўлим ўртасида фарёд чекади. Ўзи нима бўлса ҳам майли, аммо боласи тирик қолишини Аллоҳдан илтижо қилиб сўрайди, ёлворади….

Сожида-чи?! Бемаврид ишқ «мева»сидан қандай қутулишни билмай, оғриқни ичига ютишга мажбур эди. Қулоқлари том битган, ички фарёди  яхшилик ҳақида ўйлашига изн бермас, бу шармандаликдан қандай бўлмасин, қутулишдан бошқасини ўйлашга маънан ожиз эди…

Қизалоқ туғилди. У пешонасига бахтиқаролик ёзилганини билгандек, овозини чиқармай мўлтираб турар, гўё шундай қилса онаси қабиҳликка қўл урмайдигандек… Аммо Сожида қизчасини бағрига босмади. Суйиб эркаламади. Аксинча, қўлига пичоқ олди… Ҳозиргина ёруғ дунёни кўриб, нафас олишни бошлаган гўдагининг жажжигина танасига бир неча маротаба пичоқ урди. Жони узилганига ишонч ҳосил қилгандан кейин эса уни сумкага солиб кўздан яшириб қўйди.

1 ноябрь куни эрта билан уйдагилар ўқиш-ишига жўнагач, гуноҳлари яширинган сумкани тўйхона ёнидаги ахлатхонага келтириб ташлади. Орадан уч кун ўтиб, тоза ҳудуд хизматчилари чиқиндиларни олиб кетиш учун келиб, сумкани очишади ва унда чақалоқ жасадини кўриб, тегишли жойга мурожаат қиладилар.

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган тезкор суриштирувлар жараёни ҳамда шифокорларнинг кўриклари натижасида қотил онанинг кирдикорлари фош бўлди. Сожида айбини тан олишдан бошқа иложи қолмади.

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди Сожида Пирматованинг қилмишига яраша жазо тайинлаб ҳукм чиқарди.

Шу ўринда савол туғилади: дард чекиб, бир аёлнинг кўзи ёрийди-ю, унинг уйи­дагилари қандай қилиб ғафлат уйқусидан уйғонишмади экан?!

Сожида энди бир умр виждон азоби билан яшайди. Қилғиликни қилиб қўйиб, жавобгарликдан қочган Беҳзод-чи? У бу гуноҳи учун қандай жавоб берар экан?!

Жаҳонгир ҲАЙДАРОВ,

Бухоро вилоят прокуратураси  бўлим катта терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: