Home / Тавсия этимиз / Ҳaëт лaззaти дopидaми?

Ҳaëт лaззaти дopидaми?

Ҳозирги даврнинг глобал муаммоларидан бири гиёҳвандликдир. Шу боис бутун дунёда, хусусан, юртимизда ҳам унга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бироқ бугун айрим ёшлар гиёҳвандликнинг бошқа йўлини ўйлаб топиб, бу балога ўз тенгдошларини ҳам гирифтор қилишаяпти.

Аслида «Лирика», «Трамадол» ва таркиби шунга ўхшаш дорилар кучли оғриқ қолдирувчи ҳисобланади. Улар асосан ўта оғир аҳволдаги беморларга шифокор рецепти асосида берилади. Буни истеъмол қилган бемор оғриқни буткул сезмайди. Лекин унинг кўп миқдорда истеъмол қилиниши кишини гиёҳванд қилиб қўяди. Дастлаб бу дорининг таъсири унча сезилмайди. Аммо уни истеъмол қилишга ўрганган шахс аста-секин унинг миқдорини ошириб боради ва дорини ичмаса тутқаноқ тутгандек қалтирай бошлайди. Бундай пайтда кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Нима қилиб бўлса ҳам шу дорини топиш пайида бўлади. Аслида бу каби дорини истеъмол қилиш саломатлик учун жуда хавфли. Энг ёмони, бундай дориларни истеъмол қилган одам унинг таъсирида жанжалга мойил бўлади.

Шунинг учун ҳам 2018 йил 22 октябрда «Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра психотроп моддалар ҳисобланган «Трамадол», «Лирика» каби дорилар наркотик моддалар таркибига киритилди. Ушбу дорилар ноқонуний сотилишининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар кучайтирилди.

Ж.Анваров Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқиб юрган кезлари бир гуруҳ болалар билан танишиб, улардан «Трамадол ланнахер» номли дорини ичишни ўрганади. Бора-бора унга ўрганиб, гиёҳванд бўлиб қолади. Мунтазам истеъмол қилинган дори вақт ўтган сайин Жавлонбекни салбий томонга ўзгартира бошлайди. Энди у безорилик қилиб ҳаётдан завқ олишга одатланади. Бир куни ўқишдан чиққан Жавлонбек ҳар доимгидек ўзига ўхшаган бангилар билан учрашиб дори истеъмол қилади ва унинг таъсирида йўл ёқасида турган «Ласетти» автомашинасини ўғирлайди. Гувоҳи бўлганингиздек, гиёҳ­ванд­лик воситаси ёшгина йигитни жиноятга бош­лади. Жавлонбек ўғирланган машинада узоқ саёҳат қила олмади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тезда қўлга олиниб, жиноят иши очилди. Тергов жараёнида у ўқишдан ҳайдалди. Лекин судда Жавлонбекнинг ёшлиги, биринчи марта бундай ишга қўл ургани эътиборга олинди ва унга жарима жазоси тайинланди.

Келаси йили Ж.Анваров ўқишини тиклайди. Ота-онаси ўзининг машинаси бўлса, бош­қа бундай ишга қўл урмайди деган ўйда унга «Ласетти» олиб беришади. Муаммолари ортда қолган йигит, афсуски, эски ҳунарини ташламайди. Энди у ўз машинасида йўлдаги бошқа одамларнинг ҳаётини хавфга қўйиб, кўп қоидабузарликлар содир этади. Оқибатда ота-онаси катта миқдорда жарималар тўлашга мажбур бўлади. Фарзандининг бундай қилмишлари ҳиқилдоғига келган ота-она ундан автомашинани олиб, калити ва ҳужжатларини яшириб қўядилар. Ўқишини эса молия институтига кўчиришади. Бу билан ҳам ўғилнинг қилиқлари барҳам топмайди. Ўқиш баҳона уйдан чиқиб кетиб, аввалги ишини давом эттираверади. Ж.Анваров бу юришларнинг охири вой бўлиб, шу пайтгача ҳеч кимга яхшилик келтирмаганини тушунмади ёки тушунса-да, бу йўлдан қайтмади.

2019 йилнинг 2 март куни «Ўрикзор» бозоридаги ўзига тегишли дўконга бориб, зериккунича ўша ерда ўтиради. Орадан бир неча соат вақт ўтгач суяклари қақшаб оғрий бошлаганини ҳис қилади. Сал ўтмай муздек тер чиқиб қалтирай бошлайди. Дарҳол телефонини титкилаб, ўша дорини сотувчиларни излашга тушади. Жавлонбек излаган дорилардан бири тезда топилақолди. Айтилган манзилга бориб, дори эгаси билан олди-берди қилгач, икки донасини дарҳол сув билан ичиб олди. Орадан кўп ўтмай суякларининг зирқираб оғриши қолди, лекин бирор сабабсиз фиғони фалакка чиқиб, асабийлаша бошлади. Бу ҳолат эса ўша дорини мунтазам ичишнинг оқибати эди.

Ж.Анваров уйига келганида соат эндигина ўн яримдан ўтганди. Кийимини алмаштириб, ошхонага кирганида опаси Дилором Анварова телефонда ким биландир гаплашиб ўтирарди. Дори таъсирида асабийлашаётган Жавлонбекка бу ҳолат ёқмайди. Дарҳол опасини сўроққа тутади. Аммо опа укасининг саволларига «Сенинг нима ишинг бор?» дея савол билан жавоб қайтаради. Шу орада опа-ука ўртасида гап қочиб, жанжал бўлади. Опа укасининг дори таъсирида эканини қайданам билсин? Билганида балки тортишиб ўтирмасмиди, ота-­онасини куйдириб, уйдан пул ўғирлаганларини укасининг юзига солмасмиди…

Дори истеъмоли ортидан ихтиёрини шайтоннинг измига топшириб қўйган Жавлонбекнинг ёдига опасининг машинасида турадиган пичоқ тушади. Дарҳол пичоқни олиб келади ва опасига ўқталади. Дилором эса укасига энди шу ишни қилишинг қолувди деб унинг қўлига урганида пичоқ Жавлонбекнинг оёғини жароҳатлайди. Бундан ғазабланган Ж.Анваров ўз опасига бир неча дақиқада 25 марта пичоқ уради. Оқибатда Д.Анварова воқеа жойида вафот этади.

Ўз жигарининг қотилига айланган йигит опасининг жасадини одеялга ўрайди ва судраб ҳовлидаги ҳаммомга яшириб қўяди. Сўнг қочиб кетишни мақсад қилади. Жавлонбек шу ўйда «Ласетти»нинг калити ва ҳужжатларини қўлга киритиш учун ота-онасининг ётоқхонасига кирмоқчи бўлганида эшик қулф эди. Дарҳол марҳум опасининг автомашинасини ҳайдаб, уста топиб келади ва ундан эшикни бузиб беришини сўрайди. Аввалига уста унинг ҳаракатларидан шубҳаланиб, айтилган ишдан бош тортади, аммо Ж.Анваров уй ўзиники эканлиги, фақат хонанинг калитини йўқотиб қўйганини айтиб ишонтиргач, эшикни бузиб очиб беради ва иш ҳақини олиб, уйдан чиқиб кетади. Ота-онасининг ётоқхонасидан автомашинасининг калитини қидираётган вақтда отаси Жўрабек Анваров келиб қолади. Ўғлининг бу ҳаракатларига гувоҳ бўлган ота дастлаб уни пул қидираётганликда гумон қилиб, койишни бошлайди. Шу вақт кутилмаганда Жавлонбек отасига ҳам ёнидаги пичоқ билан ҳамла қилади. Дори таъсирида инсонийлигини йўқотиб, ҳайвон қиёфасига кирган йигит отасининг ҳам боши ва бўйнини пичоқ билан жароҳатлайди. Яхшиямки ота қаршилик кўрсатиб, ўғлининг қўлидан пичоқни тортиб олади. Шундан сўнг Ж.Анваров опасининг машинасини ҳайдаб уйдан қочиб кетади. Бу орада Жавлонбекнинг онаси келиб, турмуш ўртоғига ёрдам кўрсатади, мазкур ҳолат бўйича тегишли жойга хабар беради. Шу куннинг ўзида Ж.Анваров ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди. Ўз қилмиш­ларига иқрор бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг мажлисида Ж.Анваров бу ишларни дори таъсирида содир қилганини айтиб, қилмишини хаспўшламоқчи бўлди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг 56-моддаси «о» бандида мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсирида жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб белгилаб қўйилган. Суд ҳукм ўқиди. Унга кўра Ж.Анваров 17 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Шу ўринда хулоса қиладиган бўлсак, инсон ҳаётга бир марта келади. Зеро, умр бу фоний дунёда энг бебаҳо неъмат саналади. Унинг қанча давом этиши ва қандай кечиши эса аввало, тансиҳатликка боғлиқ. Шу боис одамзод соғлиқни туман бойликка менгзайди, ўзлигини танигандан буён мудом уни асраб-авайлашга интилади. Турли хасталикларни даволаш, олдини олиш ва асоратларини йўқотиш чораларини кўради. Минг хил дориларни кашф қилиб, янги-янги муолажа усулларини яратади. Илло, асалнинг ози ширин бўлганидек, ҳар қандай шифобахш неъматни ҳам меъёрида истеъмол қилиш лозим. Дори-дармонлардан фой­даланишда эса шифокор тавсиясига риоя этиш жоиз. Айниқса, инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи психотроп моддалардан зинҳор-базинҳор ўзбошимчалик билан фойдаланмаслик керак. Акс ҳолда улар шифо омилига эмас, саломатлик кушандасига, умр заволига айланади.

Модомики, шундай экан, биз жиноятларга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси дея лоқайдликка берилмаслигимиз, ҳамиша ҳушёр бўлишимиз, атрофимиздагиларни ҳам огоҳликка чорлашимиз керак. Қонунбузарларни, миллий қадриятларимизга зид иш тутганларни тўғри йўлга солишда профилактика нозирларига ва маҳалла фаолларига мададкор бўлмоғимиз даркор. Ана шунда юртимиз тинч, кўнглимиз хотиржам, турмушимиз фаровон бўлади.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: