Home / Тавсия этимиз / Қадриятларимиз тимсоли

Қадриятларимиз тимсоли

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллигига

Ҳар бир халқнинг беназир маънавий бойликларидан бири она тилидир. У инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, Яратганнинг бебаҳо неъмати ҳисобланади. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белги ҳам тилдир. У одамларни миллат сифатида бирлаштиради, яъни халқнинг ўзлигини намоён қилади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Шунинг учун ҳам инсоният маданий ҳаётининг шаклланиши ва тараққиётини тилсиз тасаввур этиб бўлмайди. Замон эврилишлари, бемисл тараққиёт даставвал тил орқали ифодаланади.

Байроқ, герб ва мадҳия сингари миллий тили ҳам давлатнинг муқаддас рамзларидан биридир. Шунинг учун ҳар бир халқ ўз тилининг тараққиёти учун қайғуради. Афсуски, салкам бир юз ўттиз йил мустабидлик исканжасида қолган она тилимиз ана шу эркинликдан, ривожланишдан маҳрум бўлган эди. Айтиш жоизки, 1989 йил 21 октябрда “Ўзбекистон Республикаси давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши, яъни мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган бир даврда халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири саналмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақом ва ҳимоясига эга бўлиши ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеалардан бири бўлди.

Бугунги кунда ер юзида беш мингга яқин тил бўлиб, улар ҳуқуқий мақоми, тутган ўрни ва қўлланиш доирасига кўра уч турга бўлинади. Яъни 6 та халқаро тил (инглиз, француз, испан, рус, араб ва хитой тиллари), 200 га яқин давлат тили (ўзбек, немис, украин ва бошқа тиллар), қолган 4800 га яқини — маҳаллий тиллар (на халқаро, на давлат тили мақомига эга тиллар).

Она тилимиз — бизнинг ўзлигимиз. Ўзлигимиз эса ҳаёт саҳнасида  миллат сифатида борлигимиздир. Ўзбек тили 1989 йил 21 октябргача учинчи даражали, яъни маҳаллий тил даражасида бўлиб, жуда ҳам ғариб аҳволга тушиб қолган эди. Юқорида қайд этилган қонуннинг қабул қилиниши ўзбек тилини иккинчи босқичга олиб чиқди, яъни маҳаллий тилдан давлат тили даражасига кўтарди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Айниқса, Ўзбекистон Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб белгиланиши тилимизнинг ижтимоий ҳаётда қўлланиш мавқеини янада мустаҳкамлади, уни муқаддас ва буюк тимсолга айлантирди. Миллат, халқ тушунчаси улуғликларга ундайди, эзгу амалларни бажаришга даъват этади. Зотан, яшашнинг мазмун-моҳияти ҳам ўзлигимизни, қадриятларимизни эъзозлашимиздадир. Шунинг учун она тилимиз қулоққа ажиб бир наводай қуюлади, ундан жонимиз ҳузурланади. Бизни улуғвор этадиган, улуғвор яшашга ундаб турадиган ҳам она тилимиздир.

Тилимизни қадрлаш — ҳар биримизнинг бурчимиз. Баъзан қадриятларимиз тимсоли — она тилимизга нисбатан эътиборсизликни кўриб ранжийсан киши. Чет тиллар олдида ўз тилимизни паст кўриш (унга давлат тили мақоми берилган бўлса-да) урф бўлиб бораяпти. Мисол учун, Қарши шаҳри кўчаларига бир қаранг! “Версаль” тўйхонаси, “Пирамида” емакхонаси… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Наҳотки, тўйхона-ю емакхоналарни аташ учун ўзбекча чиройли номлар топилмаган бўлса?! Ўз юртимизда ўзимиз ўз тилимизни беқадр қилсак, унинг қадрини ким келиб кўтариб беради?!

Учрашув ва конференцияларнинг таклифнома ёки дастурларини олайлик: инлизча ёки русча таржимаси бор, ўзбек тилида ёзилган қисми ҳам ё русча, ё инглизча атамаларга тўлиб-тошган. Йиғин танаффусида бериладиган “бир пиёла чой”ни “кофе-брейк” деймиз, негадир уни “чойтаътил” деб аташни ор биламиз. Ёки минбарга чиқиб олиб, шевада гапираётган айрим нотиқларни кўриб, энсанг қотади. Майли, шевада гапирсин, тўйиб гаплашсин. Зеро, шевалар тилнинг илдизи, тўғрироғи — булоқлари, улар ҳам қуриб қолмаслиги лозим. Бироқ минбарга чиқиб кўпчиликка юзланган одам, агар ўзини ҳурмат қилса, марҳамат қилиб адабий тилда гапирсин! Минбарга етган одамнинг елкасида миллат юки бўлмоғи даркор! Мактабдан олий ўқув юртларигача, мажлису йиғинлардан расмий тадбирларгача давлат тилида олиб борилмоғи керак. Яна бир гап. Масалан, телевидение бошловчиси бир кўрсатувни олиб борди дейлик. Кўрсатув ниҳоясига етгач, у телетомошабинларга юзланиб, “сиз билан фалончи писмадончи (исм-фамилиясини айтади) бўлди” дейди. Бу гапни қандай тушуниш керак? Шундай гапларни эшитаркансан, халқимизнинг “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган мақоли хаёлдан ўтади.

Тилимизга давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлиши муносабати билан катта-катта тадбирлар ўтказилмоқда. Бу жуда қувонарли ҳолат. Аммо ўтган йиллар давомида байрамдан кейин ҳаммаси олдинги ҳолатига қайтиб, аввалгидай эътиборсизлик бошланганини албатта оқлаб бўлмайди. Буюк ёзувчи Абдулла Қаҳҳор таъкидлаганидек, “Бизнинг жуда бой, чиройли тилимиз бор, бу тилда ифодалаб бўлмайдиган фикр-туйғу, ҳолат йўқ”. Ҳақиқатан ҳам ўзбек тили ўзининг сўзга бойлиги, мусиқийлиги, оҳангдорлиги, сўз бирикмаларининг қулайлиги, мақол, матал ва ибораларнинг кўплиги, сўзларининг сермаънолиги билан бошқа тиллардан ажралиб туради. Шундай бой ва катта тарихга эга тилимизни асраб-авайлаб кейинги авлодларга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бизда болаларга тил ўргатиш муаммоси қандай ҳал этилаяпти? Бу муаммонинг туб илдизи чуқурроқ, масала тилнинг сут билан кириши, боланинг она тилини қаерда ўргана бошлашида. Бешик тебратадиган келинларнинг бир қўли бешикда, икки кўзи телевизорда — алла фақат кўрик-танловларда айтилаяпти… Эртак айтиб берадиган бувилар кам. Дастурхон атрофидаги гурунг­лар йўқ бўлиб кетди. Шундай экан, бола тил машқини қаердан олади — у ҳам ноилож телевизорга тикилади, сал эси киргани компьютерни титкилайди, суррогат нарсалар онгига қуюлаверади, жумладан бузуқ тил ҳам. Фикр шакл­ланиши, тилни билишнинг муҳим омилларидан бири китоб, бадиий асар ўқишдир. Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, ота-онаси қўлига китоб олмаган боланинг бадиий китобга ошно бўлиши даргумон.

Миллий сўз (тил) чет тилини ўрганишда асосий замин ҳисобланади. Шу боис она тилимизни қанча теран билсак, чет тилини шунча пухта ўзлаштирамиз. Мана ўйланг, масалан, ўзи асли ўзбек бўлатуриб, болалигидан русча боғчага қатнаб, русча мактабда ўқиб ва табиийки, кейинги ҳаёти давомида европача муҳитда яшаган одамларнинг тили ҳаминқадар, фикрлаш тарзи ҳам на у, на бу бўлиб қолади. Тафаккури ҳам ўзгаради. Бунга бадиий адабиётимиз ҳам бир мисол. Ўзи ўзбек бўлатуриб бошқа тилда ёзган истеъдодларнинг асарлари ўзбек заминида унча илдиз ота олмади, ҳатто уларни таржима қилганда ҳам ташқаридан қараш, бадиий тафаккур бегоналиги сезилиб қолади. Айнан шу тоифадаги ёзувчиларнинг яқинда рус тилига расмий тил мақомини бериш борасидаги мурожаати қанча эътирозу баҳсларга сабаб бўлганидан кўпчиликнинг хабари бор.

Маълумки, бой маданият ва юксак маънавиятга эга ҳар бир халқнинг ўз ёзуви бор. Жумладан ўзбек халқининг ҳам. Туркий халқлар, хусусан, ўзбек халқи ўзининг кўп асрлик тарихида оромий, хоразмий (милоддан аввалги III-I асрларда), сўғд (эрамизнинг V асрига қадар), ўрхун-энасой (руник) VI-VIII асрлар), араб (VIII асрдан 1929 йилгача), уйғур (X-XV асрларда), лотин (илк марта 1930-1940 йиллар), кирилл (1940 йилдан ҳозирги кунгача) ва яна лотин (1993 йилдан ҳозирги кунгача) ёзувларидан фойдаланган. Бир алифбодан иккинчисига ўтиш ёшларнинг ватани, ота-боболари ўтмишидан бехабар қолишига олиб келади. Арман олими Месроп Маштоц бундан икки минг йил аввал арман ва грузин ёзувини ихтиро қилган. Ушбу ёзув ҳозиргача қўлланади. Мазкур халқларнинг бу ибратли ишидан ўрнак олса арзийди.

Истиқлолгача ўзбек тилининг бебаҳо мулки бўлган, ҳаётда бекаму кўст қўлланиб келган жуда кўп сўзлар шўро сиёсати талаби асосида диний, эскирган каби тамғалар билан тазйиққа учраб, истеъмолдан чиқарилди. Бугун юртимиз озод, миллий қадриятларимиз билан бирга тилимиз ҳам жаҳонга юз тутди. Кураш, ҳалол, чала, ёнбош деган сўзларимиз бутун дунёда қўлланмоқда. Ўзбекча сўзлар бошқа миллат вакилларининг тилида ҳам қўшиқ бўлиб янграмоқда.

Мамлакатимизда рўй бераётган улкан янгиланишлар, кўп давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларнинг кучайиб бораётгани қисқа вақт ичида ўзбек тилининг бойишига сезиларли таъсир кўрсатди. Масалан, ижтимоий-сиёсий ҳаётга оид брифинг, геосиёсат, глобаллашув, конвенция, рейтинг каби, бозор иқтисодиёти, янгича иқтисодий сиёсат тизимига оид аудит, брокер, валюта бозори, дилер, инвестор, инновация, инфратузилма, конвертация, маркетинг, менежмент, мониторинг, провайдер, тендер каби атамаларнинг истеъмолга кириб келиши шунинг самарасидир.

Яқинда Президентимиз “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туркий мамлакатлар мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Мазкур кенгаш халқаро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳу­дудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни кучайтиришга қаратилган.

Буюк авар шоири Расул Ҳамзатов авар тили бор экан, мен борман, авар тили йўқ экан, мен ҳам йўқман деган экан. Демак, она тилимиз — бизнинг жонимиз, танимиз, хуллас, ўзимиз, ўзлигимиз, онажонимизнинг тилидир. Бу ҳақда Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповдан орттириб бир нарса дейиш қийин:

Она тилим — онажоним тили бу,

Бешикданоқ сингган жону қулоққа.

Она тилим — хонумоним тили бу,

Қадимликда ўхшар она тупроққа.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: