Home /   / Адолат ва қонун устуворлигига ишонч янада ортмоқда

Адолат ва қонун устуворлигига ишонч янада ортмоқда

Давлат ва жамият ҳаётида кечаётган ислоҳотларни қонун устуворлиги тамойилисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жараёнда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Юртимизда инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасини нафақат ватандошларимиз, балки  дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этаяпти. Секторлар фаолияти йўлга қўйилгани, уйма-уй юрилиб, одамлар орасига кириб борилаётгани, уларнинг муаммолари жойида ўрганилиб, ҳал этилаётгани прокуратура органлари ходимларининг ҳам кундалик фаолият тарзини ифодалайди. Ишга бундай янгича ёндашувлар аҳолининг прокуратурага бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Энг асосийси, ўтган йилда прокуратура органлари фаолия-тида ҳам давр талабларига хос янгича тизимли ёндашувлар кўзга ташланди. Жумладан, қонун бузилиши оқи­батларини эмас, балки тизимли муаммо ҳамда камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилгани фаолиятимизда ижобий ўзгаришларга олиб келди.

Сирдарё вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтган йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Президентимизнинг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ҳамда Бош прокурорнинг буйруқ ва кўрсатмалари ижросини таъминлашга жиддий масъ­улият билан ёндашилди. Кўрилаётган амалий-ҳуқуқий чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч янада ортмоқда.

Таҳлил этилаётган давр мобайнида тегишли соҳалар бўйича амалдаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган 901 та текширишлар натижасига кўра 3099 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Хусусан, ғайриқонуний ҳужжатларнинг 1169 тасига протестлар келтирилди, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари 773 та тақдимнома орқали бартараф қилинди, 104 нафар мансабдор шахс қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди, мансабдор шахсларнинг 1037 нафари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 107 та жиноят иши қўзғатилди.

Етказилган моддий зарарларни ундириш юзасидан судларга 858,9 миллион сўмлик 292 та даъво аризаси киритилиб,     1 миллиард 94 миллион сўмлик зарарлар айбдор шахслардан ихтиёрий равишда ундирилди, 5856 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар жамият ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Биринчи нав­батда соғлиқни сақлаш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини ошириш, арзон ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифалар ижроси йил давомида доимий эътиборимиз марказида бўл­ди.

Вилоят прокуратураси томонидан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонун ижроси юзасидан соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида текшириш ўтказилиб, унинг натижаларига кўра 52 нафар шахс маъмурий ва 58 нафари интизомий жавобгарликка тортилди, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 44 та тақдимнома киритилиб, 5 та жиноят иши қўзғатилди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастурларининг ижроси ҳам алоҳида назоратга олинди. Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган 18 443 нафар ишсиз фуқаронинг 7727 нафарига меҳнат бозоридаги мавжуд иш ўринларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди, 11 488 нафари ишсиз деб эътироф этилиб, 204 нафарига ишсизлик нафақалари тайинланди, 420 нафар иш излаган фуқаро турли йўналишларда касб ўқувига юборилди, 10 864 нафари қурилиш, ободонлаштириш ва бошқа соҳаларга ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажариш учун жалб қилинди. Йил давомида ўтказилган 72 та меҳнат ярмар­касида 2007 нафар иш қидирувчилар ишга жойлаштирилди. Шунингдек, ишсиз 7549 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди. Кў­рилган чора-тадбирлар натижасида 2458 нафар аёллар тадбиркорликка жалб қилинди, уларнинг аксарияти чеварлик ва тикувчилик билан шуғулланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 13 апрель куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида вилоятда 30 200 та янги иш ўрнини яратиш масаласида берган топшириқлари асосида бугунги кунга қадар 32 803 та янги иш ўрни яратилиб, шунча фуқаролар иш билан таъминланди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунчилик ижроси юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Йил давомида тадбиркорларнинг 39 нафарига 171,9 гектар ер майдони, 72 нафарига 90 миллиард 876 миллион сўм кредит ажратилишида, 15 нафарига 538,3 миллион сўмлик ҳақи ундирилишида, 2 нафарига 2,3 миллион сўмлик ортиқча ундирилган маблағи қайтарилишида, 2 нафарига банк муассасасидан 10,6 миллион сўмлик пул маблағлари олиб берилишида, 13 нафар тадбиркорга ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинишида ҳамда 58 нафарига бошқа масалаларда ёрдам берилди. Бунинг натижасида 53 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, 129 таси ўз фаолиятини тиклади, тадбиркорлик субъ­ектларида 398 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Вилоят прокуратураси ор­ганлари ходимлари тадбиркорликни ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаш учун уларга пешвоз чиқишди. Улар иштирокида 392 маротаба ўтказилган тадбирларда тадбиркорлар, фермерларни қийнаб келаётган кўплаб масалаларга ечим топилди.

Вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 февраль куни импорт ҳажмини қисқартириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспортни рағбатлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижроси ҳам алоҳида назорат қилиб борилди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокурорининг ўринбосари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилди.

Вилоят ҳудудларининг табиий ресурслари, ички имкониятлари ҳамда экспорт салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда экспортёр корхоналарга йиллик 72,321 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспортини амалга ошириш белгиланган эди. Йил якунига кўра 72,877 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши таъминланган.

Ишчи гуруҳлар томонидан экспортни амалга оширувчи янги тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ўрганилганда 40 та муаммо аниқланиб, шундан 24 таси ҳал этилди, 16 тасига таклифлар берилиши таъминланди. Ўрганишлар натижасида 17 та янги тадбиркорлик субъектининг экспорт фаолияти йўлга қўйилди.

Туман-шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар фаолиятида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ҳам прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Шу каби ички ишлар идораларининг воя­га етмаганлар орасида ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш гуруҳлари фаолиятида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида 26 та тақдимнома киритилди, 8 нафар ички ишлар ходими интизомий жавобгарликка тортилди.

Коллеж ва лицей ўқувчиларининг дарсларда қатнашиш давомати бўйича ўтказилган мониторингларда 46 нафар ўқувчиларнинг чет давлатларга чиқиб кетганлиги аниқланиб, улардан 22 нафарининг ўқишга қайтарилиши таъминланди. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни талабига зид равишда фарзандининг таълим олишини таъминламаётган ота-оналардан 914 нафари МЖтКнинг 47-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу даврда вояга етмаганлар ўртасида  жиноятчилик кўрсаткичи 2017 йилга нисбатан 35,3 фоизга камайди.

Профилактика ишлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишнинг асосига айланиб бормоқда. Бундай мақсадга фақат ҳу­қуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат идоралари, жамоат ташкилотларининг ўзаро мустаҳкам ҳамкорлигини йўл­га қўйиш асосида эришиш мумкин. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура — ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин.

Вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасидаги фаолият натижасида 2018 йилда умумий жиноятлар сони 2591 тадан 1295 тага ёки 50 фоизга камайди. Таҳлил даврида айрим турдаги жиноятларнинг ўсиши кузатилди. Шу боис жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, тезкор қидирув ва дастлабки тергов фаолиятининг аҳволи таҳлил қилиниб, натижалари вилоят ҳамда туман-шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мувофиқлаштирувчи Кенгашларида муҳокама этилиб, аҳволни яхшилашга қаратилган тегишли чоралар кўрилмоқда.

«Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак». Давлатимиз раҳбарининг эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзагига айланди.

Равшан МАШАРИПОВ,

Сирдарё вилоят прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: