Home /   / Адолат ва инсон манфаатлари йўлида

Адолат ва инсон манфаатлари йўлида

«Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг орқасидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши шарт. Шунда… бутун халқимиз биздан рози бўлади».

Мазкур сўзлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга қилган мурожаатида айтилди. Бу эса прокуратура органларининг ходимлари мурожаатда баён қилинган ҳар бир мақсад ва вазифага шу нуқтаи назардан ёндашиб, ўз вазифаларини адолат ва садоқат билан бажаришларини тақозо этади.

Айни пайтда Сирдарё вилояти прокуратура органлари маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматнинг фармон ҳамда қарорлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда.

Ўтган 2019 йилга тўхталадиган бўлсак, соҳалар бўйича амалдаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган 1252 та текшириш натижасига кўра аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш учун 2917 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди. Хусусан, ғайриқонуний ҳужжатларнинг 769 тасига протест келтирилди, аниқланган қонунбузилишлар 680 та тақдимнома орқали бартараф қилинди. 272 нафар мансабдор қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди, 1470 нафари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонунбузилишлар юзасидан 140 та жиноят иши қўзғатилди.

Етказилган зарарни ундириш юзасидан судларга 1 млрд. 424 млн. 300 минг сўмлик 114 та даъво аризаси киритилиб, 2 млрд. 235 млн. 200 минг сўмлик зарар айбдорлардан ихтиёрий равишда ундирилди, 3310 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси тизимидаги тиббий муассасаларда текшириш ўтказилиб, натижасига кўра 88 киши маъмурий ва 103 киши интизомий жавобгарликка тортилди. 44 та ғайриқонуний ҳужжатга протест келтирилди ва иккита жиноят иши қўзғатилди. 23 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланиб, прокуратуранинг ёрдами билан 810 кишининг даволаниши ташкил этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож 181 нафар шахсга бепул даволаниши учун ордер берилди, 53154 киши тиббий кўрикдан ўтказилди. Масалан, Сайхунобод туманида ўтказилган сайёр қабулда кам таъминланган М.Исматова ва Ғ.Кенжаевга даволаниш ва эндопротез ускунасини сотиб олиш учун жами 40 млн. сўм пул ажратилиши таъминланди.

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида вилоятда 146 560 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. Фуқароларнинг кредитга талабини ўрганиш натижасида 17474 та оилага 441 млрд. 800 млн. сўм кредит ажратилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 апрелдаги экспортни рағбатлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари юзасидан бир қатор ишлар қилинди. Хусусан, 2019 йилда 61 млн. 360 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш белгиланган бўлса, амалда 66 млн. 434 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, режа 108,3 фоиз бажарилиши таъминланди.

Бу борада вилоят прокуратураси органлари томонидан 101 та экспортчи корхонадан 69 тасига ёрдам кўрсатилиб, 3 тасига 4 млрд. 300 млн. сўм кредит, 18 тасига 1017 гектар ер, 5 тасига бино ажратилишида, 5 тасига коммуникация тармоқларига уланишда, 2 тасига лицензия ва рухсатнома олишида, 6 тасига солиқ ва божхона билан боғлиқ масалада, қолган 23 тасига бошқа масалаларда кўмаклашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги «Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича бир қатор ишлар қилинди. Жумладан, вилоят прокуратурасининг ёрдами билан Ўзбекистон карлар жамияти марказий бошқарувининг 2019 йил 23 апрелдаги қарорига асосан Сирдарё вилояти кар ва соқовлар жамияти ташкил этилди.

Жамият фаолият юритиши учун вилоят жисмоний тарбия ва спорт бош­қармасининг «Гулистон» марказий стадиони биносидан учта хона ажратиб берилди. Шунингдек, жамиятнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш мақсадида Боёвут туманидан ҳокимнинг 2019 йил 19 апрелдаги 2866-қарори билан 10,4 гектар ер ажратиб берилиши таъминланди.

Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш, деҳқон ва фермер хўжалик­ларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган текшириш натижасига кўра 524 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, 134 та ғайриқонуний ҳужжатга протест келтирилди, аниқланган қонунбузилишлар 66 та тақдимнома орқали бартараф қилинди. 200 нафар мансабдор расман огоҳлантирилди, уларнинг 61 нафари интизомий, 61 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонунбузилишлар юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилди. 13 кишининг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Хусусан, «Ўзагролизинг» АЖ Сирдарё вилояти филиали томонидан лизинг шартномасига асосан «Агротех пахта МТП» МЧЖга 293 та чопиқ трактори тўлиқ моддий жавобгарлик асосида етказиб берилгани, бироқ жамиятнинг Сайхунобод тумани бўлими вакили У.Ўроқов ҳамда Сардоба тумани бўлими бошлиғи А.Хўжанов қиймати 529 млн. 400 минг сўмлик 6 та тракторни талон-торож қилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонунлар ижроси ҳам мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, Ширин шаҳри ёшлари билан бўлган учрашувда бир гуруҳ ёшлар Сирдарё ИЭС фаолияти билан яқиндан танишиб, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни бўйича тасаввурга эга бўлдилар. Шунингдек, Янгиер шаҳар ёшлари билан учрашувда улар «Омад текс» тикувчилик ва электр чойнак ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бундай учрашувлар ёшларнинг касбга қизиқишларини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғининг ижроси бўйича вилоят, ҳар бир туман (шаҳар) ҳамда маҳаллада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Жиноят ҳақиқати ва адолати концепция­си ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.

«Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилга амал қилган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар, шунинг­дек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини  кўриб чиқиш, ҳал этиш ва уларнинг поймол этилган ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор берилди.

Ходимлар томонидан 13764 нафар, жумладан, шахсан прокурорлар томонидан 5741 нафар жисмоний шахс ва юридик шахсларнинг вакиллари, шундан 6964 нафари меҳнат жамоаларида ва яшаш жойларида қабул қилинди.

Президентимизнинг парламентга мурожаатида қайд қилинган  замонавий билимларни ўзлаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш,  давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимлар мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботни парламент ва халқ депутатлари кенгашларида эшитиш тизимини йўлга қўйиш, хусусий секторга кенг йўл очиш ва бошқа талабларнинг сўзсиз бажарилиши олдимизда турган асосий вазифа бўлиб, бу борада кенг қамровли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Равшан  Машарипов,

Сирдарё вилояти прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: