Home /   / Адолат барқарорлиги фаолиятимиз мезонидир

Адолат барқарорлиги фаолиятимиз мезонидир

Прокурор ёки терговчи лавозимига биринчи марта тайинланаётган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади: «Ўз хизмат вазифаларимни ҳалол ва виждонан бажаришга, қонун бузилишига қарши муросасиз курашишга, фуқаро, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тантанали қасамёд қиламан!»

«Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасидан

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги «Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида»ги фармонида «Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси     Ўзбекистон Респуб­ликаси прокуратурасига айлантирилсин» деб белгилаб қўйилди.

Шу асосга кўра Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 декабрда «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади ва 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланди. Бу куннинг байрам сифатида нишонланиши прокуратура органлари зиммасига катта масъулият юкланганининг далилидир.

Давлат органлари тизимида прокуратуранинг алоҳида ўрни бор. Мамлакатимиз ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хил бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар зиммасига юкланган. Прокуратура органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади. Бу қоида Асосий қонунимизнинг 24-бобида мустаҳкамлаб қўйилган.

Давлат мустақиллигига эришгунимизга қадар ҳам республикамизда прокуратура органлари фаолият кўрсатар, бироқ улар вазифалари жиҳатидан ҳам, иш усуллари жиҳатидан ҳам ҳозирги прокуратура органларидан тубдан фарқ қиларди. Прокуратура коммунистик мафкура таъсирида бўлиб, унинг содиқ хизматкорига айланган эди. Собиқ иттифоқ таркибидаги барча респуб­ликалар сингари Ўзбекистон прокуратура органлари ҳам марказга бўйсунар, ҳамма идораларда иш рус тилида олиб бориларди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йил 9 декабрда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунни қабул қилган эди. 2001 йил 29 августда ушбу қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унинг 2-моддасида прокуратура органларининг асосий вазифалари белгилаб қўйилган. Қайд этилишича, мазкур вазифалар қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўз­бекистоннинг конс­титуциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат.

2019 йилнинг 11 ойида мазкур вазифаларни бажариш учун Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан ўтказилган 1760 та текшириш натижасига кўра 9 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, 21 289 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 1 млрд. 255 млн. сўмлик зарарнинг қопланиши таъминланди, қўпол қонунбузилишлар юзасидан 55 та жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, 389 нафар шахсга нисбатан юритилган 270 та жиноят иши айб­лов хулосаси билан судларга юборилди, етказилган 11 млрд. 600 млн. сўмлик зарарнинг дастлабки тергов жараёнида тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Прокуратуранинг фуқаролар усти­­дан назорат қилувчи органдан уларга хизмат қилувчи органга айлантирилгани янги қонуннинг илгаригисидан фарқ қилувчи энг муҳим жиҳатидир. Эндиликда прокуратура назорат қилувчи ва текширувчи эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи орган сифатида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ прокуратура органлари ходимларининг иш ҳақи оширилди ва улар учун имтиёзлар белгиланди. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Судьяларга имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш ҳамда судьяларга уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиблари тўғрисида»ги низом талаблари 2014 йил 1 январдан прокуратура ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 октябрдаги «Прокуратура органлари ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранс­порт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 873-қарори билан прокуратура ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, қўшимча имтиёзлар тақдим этилди.

«Прокурор» (лотинча procurare) сўзи ғамхўрлик қилмоқ деган маънони анг­латади. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантиришимиз лозим» дея қайд этди. Ҳозир прокуратура ходимлари сайёр қабуллар уюштириб, фуқароларнинг олдига бориб, уларнинг дардларини эшитаяпти, муаммоларини ҳал қилиш чораларини кўраяпти.

Бугун прокуратура тизимида хизмат қилиш ҳам шарафли, ҳам ниҳоятда масъулиятли иш ҳисобланади. Ходимларимиз ҳар бир инсоннинг дардига, муаммосига ўз дардидек муносабатда бўлсагина одамлар улардан рози бўлади. Зеро, биз қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни зиммамиздаги асосий вазифа деб билар эканмиз, қонунларга амал қилишда ўзимиз ҳам бошқаларга намуна бўлмоғимиз лозим.

Азамат МИРЗАЕВ,

Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: