Home /   / Қабул қилинган ҳар қандай қонун, давлат ва шахс манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади

Қабул қилинган ҳар қандай қонун, давлат ва шахс манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади

Гувоҳи бўлаётганимиздек, мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари каби аграр соҳадаги ислоҳотлар натижасида барқарор ривожланиш таъминланиб, ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга оид фармон ва қарорлари, шунингдек, қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари амалга оширилиб, бу ўз навбатида, соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ўтказган мониторинг ва текширишлар натижасида жорий йилнинг олти ойида 180 га яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича иккита жиноят иши қўзғатилди, 26 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди.

Назорат тадбирларида асосий эътибор жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ер ажратишда қонунларга риоя қилиниши, гидротехника, мелиорация иншоотларини таъмирлаш учун ажратилган маблағнинг тўғри сарфланиши, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлатишда хўжасизликнинг, минерал ўғит ва ёнилғи талон-торож қилинишининг олдини олиш, озиқ-овқат дастурлари ижросини таъминлаш каби масалаларга қаратилди.

Олти ой давомида ҳар бир қарич ернинг қадрини биладиган, ҳалол ва виждонан меҳнат қиладиган деҳқонларимизга 188 гектар ер айнан фермер хўжалиги ташкил этиш мақсадида олиб берилиши таъминланди. Шу билан бирга, соҳа вакилларига банклардан 2,2 миллиард сўм кредит, 111 миллион сўм иш ҳақи, 703 миллион сўм нақд пул, 17 тонна нефть маҳсулотлари, 1,5 тонна омухта ем, 51 тонна минерал ўғит, 6,4 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлар ажратилишида, 24 та ҳолатда эса техникаларни ҳужжатлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди.

Албатта, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши, дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлиги ва табиийки, халқимиз ҳаётининг фаровонлиги таъминланади. Шундай экан, бу борадаги ишлар фақат қонун доирасида бўлиши лозим. Бундай дейишимизга сабаб шуки, ер тўғрисидаги қонунлар ижроси ўрганилганда айрим жавобгар шахс­ларнинг қонунга зид ҳаракатлари аниқланмоқда. Хусусан, ўтказилган мана шундай тадбирлар якунига кўра 8 нафар шахс расман огоҳлантирилиб, қонунга зид бўлган ҳужжатларга нисбатан 23 та протест келтирилди. Қонун бузилишини бартараф қилиш мақсадида 7 та тақдимнома киритилиб, айрим шахслар жавобгарликка ҳам тортилди.

Гап қишлоқ хўжалиги ҳақида кетар экан, бунда сув ва гидротехника иншоотларидан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаш лозим. Бу борада прокуратура органлари томонидан мунтазам равишда текширишлар ўтказилаяпти. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш мақсадида прокурор таъсир чоралари қўлланмоқда. Хусусан, давлатга етказилган 3,2 миллион сўмлик зарарнинг ихтиёрий равишда тўланиши ва 18 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқ­лари тикланиши таъминланди. Масалан, “Элликқалъа давсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонасида 2018 йил дастурига киритилган “КТ-1” ва “К-5” коллекторининг реконструкция қилиниши ўрганилганда жами 717 минг сўмлик ишлар бажарилмасдан, ушбу маблағ талон-торож қилингани аниқланди ва корхона раҳбари жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра 1 та жиноят иши қўзғатилди. Хусусан, Тўрткўл туман ирригация бўлими ҳисоботларида Бозорқалъа каналининг 10 км. қисмида 40,1 миллион сўмлик тозалаш, таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари олиб борилгани кўрсатилган. Аммо текширишда аниқланишича, 6,6 км. жойда 26,5 миллион сўмлик, Калтаминор каналида эса 1,8 км. жойда 11,6 миллион сўмлик ишлар бажарилмаган. Оқибатда бюджетга тегишли 38,1 миллион сўм пул талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, 14 миллион сўм иш ҳақи ҳамда 12,5 миллион сўмлик дизель ёнилғиси ҳужжатларни қалбакилаштириб, талон-тарож этилган. Табиийки, қайд этилган ҳолатлар юзасидан Тўрткўл туман ирригация бўлими мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Қонун устуворлиги мамлакат тараққиётининг гаровидир. Қонун талабларининг аниқ ва бир хил бажарилишини таъминлаш давлат, жамият ва фуқаролар ҳаётида катта аҳамиятга эга. Мана шундан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш керакки, прокуратура органлари шартнома интизоми юзасидан ўтказган назорат тадбирлари натижасида қонун бузилишига йўл қўйган икки нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, етказилган 1,2 миллион сўмлик зарар ихтиёрий тўланишига эришилди. Масалан, Беруний туманидаги Қирғоқларни ҳимоялаш дамбалари ва ўзанларни тартибга солиш иншоотлари бошқармаси бошлиғи Б.Иброҳимов ҳамда бош ҳисобчиси Г.Матризаева бошқарманинг бульдозер ҳайдовчиси М.Абдуллаевга ишда бўлмаган кунлари учун жами 1 миллион 459 минг 421 сўм иш ҳақи тўлаб бергани аниқланди ва уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши, сақланиши ва реализация қилиниши тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишларда ҳам қатор камчиликлар маълум бўлди. Масалан, Тўрткўл тумани “Шўрахон” сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Х.Розумов фермер хўжаликларини сув билан таъминлаш, каналлардан олинадиган ва уларга қуйиладиган сувнинг ҳисобини юритиш журналларини юритмагани оқибатида “Шўрахон” ОФЙда сув сарфи ошиб кетгани аниқланди ва Х.Розумовга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Тўғри, ўтказилаётган текшириш ва мониторинглардан кўзланган мақсад фақат қонун бузилишини аниқлаш ва унга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш эмас. Мақсад камчиликларни бартараф этишдир.

Умуман, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан жойларда юқоридагилардан бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасида қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан 32 та протест келтирилиб, 6 та тақдимнома киритилди. 15 нафар шахс интизомий, 11 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги давр­да прокуратура органлари зиммасига жуда катта ва масъулиятли вазифалар юклатилган. Бундан кўзланган мақсад эса аввало инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини сўзсиз таъминлаш, қонун ҳамда адолат устуворлигини қарор топтириш ҳисобланади.

Шу боис биз ушбу масъулиятли вазифаларни бажаришда ўз ваколатларимиз, билим, тажриба ва имкониятларимизни ишга солиб, асосий эътиборни, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, қонун бузилиши ва шунга ўхшаш салбий ҳолатларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратамиз.

Даулетбай ЕЛМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: