Home / Жиноят ҳақиқати ва адолати / Абитуриент ниқобидаги талаба «чучварани хом санаган» экан…

Абитуриент ниқобидаги талаба «чучварани хом санаган» экан…

Айни кунларда талаба бўлиш орзусидаги ёшларимиз ўзлари истаган касб эгаси бўлиш умидида олийгоҳларга ҳужжатларини топшириб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиш тадоригида юришибди. Шундай кезларда абитуриентларни чалғитувчи кимсалар ҳам ғимирлаб қолишади. Кимлардир шундай «учар»ларнинг қармоғига илиниб, эртага аттанг қилиб қолиши мумкин. Шу боисдан ҳам бундай ҳолатлардан огоҳ этувчи мақолаларни бериб боришни мақсад қилдик.

«Имтиҳон — мен учун байрам…» Ҳар сафар ўзгача завқ билан томоша қиладиганимиз «Шурикнинг янги саргузаштлари» фильмида жағини боғлаб олган талабанинг бу гаплари барчамизнинг ёдимизда. Ва албатта, унинг домласига ўтмай қолган «приём»и ҳам эсимизда…

Бу — аслида жуда эски кино. Йиллар ўтиб, «тиниб-тинчимас» «ихтирочи» талаба ва абитуриентлар домлаларининг кўзларини шамғалат қилишнинг янги ва янги «усул»ларини кашф қилиб бордилар. Кимдир туфлисининг пошнасини ўйиб, орасига митти телефон ё калькуляторни яширган, кимдир соч турмаги орасига «шпаргалка» бекитган… «Паравоз», «зайчик», «бункер», «парашют»… — эҳҳе… назоратчиларни чалғитишнинг минг бир «нағма»ларини ўйлаб топишди улар… Бироқ улар «профессорнинг ҳам аппарати бор»лигини унутишди чоғи. Худди бизнинг «қаҳрамон»имиз сингари…

Ўтган йилнинг 2 августи. Қарши олимпия захиралари ва спорт коллежи биносида нав­батдаги кун тест синовлари бошланмоқда. Эшик ёнидаги назоратчилар бирма-бир абитуриентларнинг ҳужжатларини текшириб, ичкарига киритишмоқда. Шунингдек, ўрнатилган махсус ускуна орқали паспорт ва бармоқ излари солиштирилмоқда.

Ўзини «Бўриев Мансуржон Шоназар ўғли» деб таништирган абитуриентнинг паспорт ва бармоқ излари маълумотлари икки хил чиқди. Назоратчилар унинг қўлидаги паспорт ва абитуриент рухсатномасини ҳужжатлаштириб олиб, ўзини шаҳар ички ишлар бўлимига олиб боришди…

Дўстлари ва устозлари Асомиддин Ҳақбердиевни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жуда қобилиятли йигит сифатида билишарди. Асли Ғузор туманининг Батош қишлоғидан бўлган бу йигит ТАТУ Қарши филиали компьютер инжиниринг факультетининг 4-босқичида таҳсил оларди.

Ўтган йил июль ойининг бошларида Асомиддин Мансуржон Бўриев билан танишиб қолди. Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан фойдаланиш йўналишига ҳужжат топшириш ташвишида юрган бу абитуриентга Асомиддин ўз таклифини айтди. Яъни оилавий шароити яхши эмаслигини, шу сабабли агар «рози қилса», тест синовларига унинг ўрнига кириб беришини билдирди. Мансуржон ҳам ниятини осонгина амалга оширадиган «ҳожатбарор» топилганидан қувониб кетиб, унинг таклифини бажонидил қабул қилди. Агар иш «ўхшаса», хурсанд қилишини айтди. Абитуриент ва талаба шу тариқа қўл ташлашишди.

Режага кўра, Мансуржон Асомиддинга ўзининг фуқаролик паспорти ва коллежни тугатгани тўғрисидаги дипломини (иловаси билан) берди. Асомиддин бу ҳужжатларни олиб, тиббий маълумотнома олиш учун оилавий поликлиникага бош суқди. Ўрта ёшлардаги бир ҳамширага учрашиб, ўзининг сурати ва Мансуржоннинг паспортини унга берди. Ҳамшира ҳам паспорт бошқа бировники эканига эътибор қилиб ўтирмади. Шу тариқа Асомиддин Мансуржоннинг номига ўзининг сурати ёпиштирилган тиббий маълумотнома олишга эришди.

Биринчи «босқич» силлиққина кечди. Шериклар енгил тин олишиб, энди режанинг навбатдаги қисмига ўтишди. Асомиддин ҚМИИ қабул комиссиясига Мансуржоннинг ҳужжатларини кўтариб, «абитуриент» қиёфасида кириб борди. Мансуржоннинг паспорти билан назорат вебкамерасига суратга тушди. Қабул ҳайъатига ўзининг сурати ёпиштирилган тиббий маълумотнома, 6 дона суратини топширди. Орадан бир неча кун ўтиб, Мансуржон Бўриев номига расмийлаштирилган, аммо ўзининг сурати ёпиштирилган абитуриент рухсатномасини қўлга киритди.

Энди режанинг навбатдаги — асосий «босқич»ига ўтиш вақти келган эди. Тест синовлари яқинлашгани сари сохта «абитуриент»нинг ҳам, унинг «бу­юрт­мачи»сининг ҳам юраги тобора тезроқ урарди. Бироқ Асомиддинга Мансуржоннинг ўрнига тест топшириш насиб этмади. Эшик олдидаги ускунада унинг барча фириби ошкор бўлди…

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг Кунчиқар маҳалласидаги сайёр суд мажлисида мазкур жиноят тафсилотларига батафсил ойдинлик киритилди. Асомиддин Ҳақбердиев судда ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди. Унинг қилмишлари суд экспертизаси хулосалари ва бошқа бир қатор далиллар ор­қали ҳам ўз исботини топди.

Суд ҳукмига кўра Асомиддин Ҳақбердиевга жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 1 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди…

Сизнингча, билимли ва доно одамнинг бир-биридан қандай фарқи бор? Ҳеч қандай дейсизми? Йўқ, жуда катта фарқи бор. Айтайлик, шундоққина компьютер қаршисида ўтириб, катта банкларни «яхлатиб» кетадиган хакерлар ҳам аслида жуда билимли кишилар бўлишади. Ахир мураккаб пароллару дастурларни бузиб кириш учун ҳам ўта кучли билим керак-да!

Хўш, доно одам-чи? У олган билимларини фақат эзгулик йўлида сарфлайди.

Асомиддин ана шу оддийгина ҳақиқатни тушуниб етдимикан?!

Жавоҳир МЎМИНОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим прокурори

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: