Home /   / Ҳақоратланган инспектор

Ҳақоратланган инспектор

Азиз, Зафар ва Худоёр (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир маҳалла болалари, қолаверса, ёшлари ҳам тенг, ўртоқ. Азиз билан Худоёр илгари судланган. Зафар судланмаган, 3-гуруҳ ногирони.

Бир куни улар кечки пайт ов­қатланиш мақсадида Лойиш шаҳарчасига боришди. Бу ердаги ошхоналардан бирида овқатланиб, уч шиша ароқ ҳам ичишди ва маст бўлиб қолишди. Ошхонадан чиқиб ҳаммомга боришди. Бу ерда ҳам пиво, ароқ ичишди. Йигитлар ҳаракатларини бошқаролмайдиган аҳволда бўлишса-да ўзларини шердай ҳис қилишарди.

Бу пайтда Даҳбед қўрғонида ЙПХ инспекторлари Бахтиёр Ҳикматов ва Абдумўмин Рустамов ўз хизмат вазифасини бажараётган эди. Улар аҳоли яшайдиган ҳудудда меъёридан анча тез келаётган «Дамас» автомашинасини тўхтатишди. Машина эгаси Сирожиддин Эгамбердиев ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим қилолмади. Инспекторлар унга нисбатан маъмурий баённома тузишини айтиб турганда, сармаст учовлон пайдо бўлди. Улар Сирожиддиннинг маҳалладошлари эди.

Ичкилик таъсиридаги йигитларга маҳалладоши яқин қариндошидек кўриниб кетди чоғи, шу ҳолатга ёпишиб олишди.

— Ака, маъмурий баённома ёзманг, — деди улардан бири.

— Сизнинг бу ишга дахлингиз йўқ. Хизматимизга халақит берманг, — деди ЙПХ ходими.

Лекин улар баттар қаршилик кўрсатаверди.

— Нимага дахли бўлмас экан? Маҳалладошмиз биз. Одамгарчилигинг борми сенинг? Шунча одам илтимос қилаяпмиз, — деб бақирди Азиз.

У гапига парво қилмай ўз ишини давом эттираётган ходимларнинг ҳаракатини ўзига нисбатан ҳақорат деб билди чамаси, Абдумўминнинг ёқа­сига ёпишди. Бир-икки силтаб, погонини йиртиб ташлади.

Зафар билан Худоёр ҳам қараб ўтиришмади. «Нимага баённома тузасан, эркакмисан?» деб куракда турмас сўзлар билан унинг шаъни ва қадр-қимматини оёқости қи­лишди.

Бундай ҳолатда вазифаларни бажаролмаслигини билган инспекторлар вазиятни отряд командирига маълум қилиб, Сирожиддин билан жарима майдончасига кетишди.

Азиз билан жўралари ҳам уларнинг ортидан боришди. Сирожиддиннинг машинасини чиқаришини талаб қилиб яна жанжал қилган йигитлар Абдумўминнинг юзига мушт туширишди…

Судда ЙПХ ходимлари судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини, улар кечирим сўраб ярашганини айтишди. Аммо хизмат вазифасини бажараётган ходимларни ҳа­қорат қилиб, жароҳат етказганлар қонун олдида жавоб бериши лозим.

Суд ҳукми билан Азиз Кенжаев ва Худоёр Усмоновга 3 йилу 6 ой, Зафар Мўминовга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Саъдулла ЮСУПОВ,

Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: