Home /   / АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ халқ прокуратураси мақомига эришишнинг муҳим омилидир

АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ халқ прокуратураси мақомига эришишнинг муҳим омилидир

2017 йил 8 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат раҳбари прокуратура органлари зиммасига ҳам ҳудудларни ривожлантириш бўйича қўшимча масъулият юклади. Шундан буён секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўриб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 8 январдаги 4102-қарори билан секторлар таркибига киритиладиган идора ва ташкилотларнинг намунавий рўйхати тасдиқланди, ҳар бир сектор бўйича масъул ходим, сектор раҳбари бошчилик қиладиган идора(ташкилот)дан сектор штаби котиби сифатида алоҳида ходим бириктирилди, штаб аъзоларини моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди, аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари белгиланди. Жорий йилнинг 2 апрелдаги 5700-сонли фармонга асосан “маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ҳудудларни секторларга бўлиш ва долзарб муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш орқали мамлакатимизнинг нафақат ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, балки давлат бошқаруви сифати ва самарадорлиги бўйича жаҳон рейтингларида (Аҳоли фикрининг ҳисобга олиниши ва давлат органларининг ҳисобдорлиги – Voice and Accountabillity, Сиёсий барқарорлик ҳамда зўравонликнинг йўқлиги – Political Stability and Absence of Violence, Ҳукумат фао­лиятининг самарадорлиги – Government Effectiveness, Қонун устуворлиги – Rule of Law, Коррупцияни тийиб туриш – Control of Corruption) юқори ўринларни эгаллашимизга эришилади.

Юқоридаги рейтингларда юртимиз кўрсаткичларини янада яхшилаш, шунингдек, ҳудудларни ривож­лантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш мақсадида прокурорлар раҳбарлик қиладиган секторларда муайян ишлар қилинаяпти. Хусусан, Жиззах вилоятида уйма-уй юриш жараёнида аниқланган ичимлик суви билан боғлиқ 799 та муаммо аниқланиб, 751 таси ҳал қилинди. 25,7 км. ичимлик суви тармоқлари жорий таъмирланди. Шунингдек, вилоят прокуратураси ташаббуси билан 18,5 км. ички йўллар жорий таъмирланди. 14,3 км. масофага электр тармоқлари тортилиши таъминланди.

Тадбиркорликни жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, 5197 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 8717 нафар тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишга кўмаклашилди. Шу жумладан, 4717 нафарига 112,8 млрд. сўмлик кредит олишда, 1632 нафарига ер ажратилишида, 2368 нафарига бошқа масалада ёрдам кўрсатилди. Ундан ташқари, фаолиятини тўхтатган 9499 та тадбиркорлик субъектидан 3992 тасининг фаолияти тикланиб, 12 784 та иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Президентининг бешта ташаббуси доирасида ҳам қатор ишлар қилинди. Навоий вилояти Нурота тумани прокуратураси масъул бўлган сектор ташаб­буси билан Сентоб маҳалласида 280 млн. сўм эвазига 3000 та китоб фондига эга бўлган кутубхона ташкил этилди. Бугунги кунда у ҳақиқий зиё масканига айланиб, аҳолининг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилмоқда.

Самарқанд вилояти Иштихон туман прокуратурасининг ёрдами билан фуқаро Г.Равшанованинг кредит ажратиш ва бино топишда ёрдам бериш ҳақидаги мурожаати асосида “Мадина ред стар” тикув цехи ташкил этилди. Унга 180 млн. сўмлик кредит ҳамда “Ўзтелеком” АЖ Иштихон филиалига қарашли бўш турган бино 5 йиллик ижара шартномаси асосида ажратилди ва шу тариқа кам таъминланган ва ёлғиз яшовчи 15 аёлнинг ишга жойлаштирилишига эришилди.

Прокурорлар секторидаги аҳволни яхшилаш Бош прокуратуранинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Бу борада 1 ноябрь куни махсус фармойиш қабул қилинди. Бош прокуратуранинг Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бош­қармасига секторлар фаолиятини ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш, республика миқёсидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Ушбу бошқарма Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бўлимлари прокурорлар сектори фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга услубий кўмаклашиш бўйича масъул этиб белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда прокурорлар уйма-уй юриш орқали халқ дарду ташвишини аритиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларнинг имкониятини ўрганган ҳолда тўғридан-тўғри инвестицияни жалб қилишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Шу билан бирга, юқоридаги вазифаларни бажариш, олижаноб халқимизнинг муаммоларини ҳал этиш орқали чинакам халқ прокуратураси мақомига эришиш прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналиш­ларидан бири бўлиб қолади.

Алишер МАХМУДОВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: