Home /   / Аҳоли фаровонлиги йўлида…

Аҳоли фаровонлиги йўлида…

Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказиш, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ёки ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашиш ва бошқа ҳолатлар юзасидан доимий назорат ўрнатилган.

Шаҳар прокуратурасида «Прокурор тадбиркорларга ёрдам кўрсатади» номли гуруҳ фаолият кўрсатаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълум қилинган, бу ҳақидаги эълонлар шаҳар бўйлаб юздан ортиқ жойга ўрнатилган. Шунингдек, тадбиркорлар йўллаган мурожаатлар «Telegram» мессенжери орқали қабул қилиниб, ҳал этилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар ижроси юзасидан тадбиркорларга ёрдам кўрсатилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилаяпти. Шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан экспортчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойига чиқиб ўрганилганда, “JNS LABS” МЧЖ антисептик маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш учун тегиш­ли ташкилотлардан рухсат олишда, «Zafarxon» ва «Glass expo» МЧЖлар автомашиналарига махсус стикер олишда, «Osiyo batareya», «Adsi impex» МЧЖлар банклардан имтиёзли кредит олишда, «Almus», «Tiger line» МЧЖлар эса солиқ органларидан қўшилган қиймат солиғи ўз вақтида қайтарилишида муаммоларга дуч келгани маълум бўлган. Мазкур ҳолатлар юзасидан мутасадди идораларга топшириқлар берилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Бундан ташқари, 2020 йил май ойида шаҳар прокуратурасининг аралашуви билан «O’zkommunissiqlikta’mir» МЧЖ раҳбари А.Джамаловнинг идоралараро комиссия қароридан норози бўлиб қилган мурожаати қаноатлантирилди. Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида, Идоралараро комиссиясининг 2019 йил 30 апрелдаги қарорига асосан ушбу МЧЖга нисбатан қўлланилган 1 млрд. 887 млн. сўм ер солиғи бекор қилиниши таъминланди.

Таъкидлаш лозимки, пойтахтдаги 78248 та тадбиркорлик субъектидан 46773 таси пандемия вақтида фаолиятини тўхтатган эди. Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда кўрсатилган ёрдам натижасида 35382 тасининг фаолияти тикланди ҳамда 278 минг 557 киши иш жойига қайтди.

Ҳозир қолган 11391 та (98065 та иш ўрни) корхонага фаолиятини давом эттиришга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Масалан, Яшнобод туманидаги «Sardoba agro holding» МЧЖ 2020 йилнинг 1-чорагида жами 10,1 млрд. сўмлик товар реализация қилган. Корхона ишлаб чиқарган озиқ-овқат маҳсулотларини ички бозорга чиқаради, Туркманистонга ҳам экспорт қилади.

Бироқ корхона Covid-19 пандемияси сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Ушбу МЧЖнинг муаммолари жойида ўрганилиб, ходимларига ишга келиб-кетиш­лари учун автобус ташкиллаштирилди ҳамда айрим енгил автомобилларига махсус рухсатнома (стикер) расмийлаштирилиши натижасида корхона фаолиятини тиклади.

Жорий йилнинг май ойида 82 та тадбиркорлик субъектларига фаолиятини тиклаши учун банклар томонидан айланма маблағларини тўлдиришга 214,3 млрд. сўм кредитлар берилди.

Тоҳиржон ҲУСАНОВ,

Тошкент шаҳар прокуратураси
бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: