Home /   / Аҳоли эътирози ўзлари иштирокида ўрганилди

Аҳоли эътирози ўзлари иштирокида ўрганилди

Газетамизнинг  2019 йил 11 апрелдаги 15-сонида чоп этилган «Каналларга оқизилаётган канализация» сарлавҳали мақолада Чирчиқ дарёсига оқизилаётган канализация сувлари сабаб Бектемир туманида таралаётган бадбўй ҳид сабаблари очиқланган эди. Бу сафар эса Зангиота туманида жойлашган «Сувсоз» ДУК Бўзсув аэрация станцияси (БАС) фаолияти билан танишдик.

БАС идорасига етиб борганимизда мазкур ҳудуддаги Намуна ва Шойимкўприк маҳаллаларининг фаоллари жам бўлиб турганига гувоҳ бўлдик. Каналдан анқиётган бадбўй ҳид аҳоли эътирозига сабаб бўлгани учун мутасаддилар уларни ҳам таклиф қилишган экан. Масъ­уллар томонидан маҳаллалар фаоллари ва ОАВ вакилларига БАС фаолияти, шаҳардан канализация қувурлари орқали келадиган оқава сувлар қай тартибда тозаланиб, Бўзсув каналига чиқариб юборилиши ҳақида тушунтириш берилди. Маълум бўлишича, оқава сувлар биологик усулда тозаланар экан. Бундай усулда сув 70 фоиз тозаланади.

Бўзсув аэрация станцияси пойтахтнинг Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Юнусобод ва Чилонзор туманлари канализация қувурлари орқали келган оқава  сувларни тозалаш билан шуғулланади. Иншоотнинг қуввати 1970 йилда суткасига 200 минг м3 бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 730 минг м3.

Станциядаги технологик қурилмаларнинг моддий ва маънавий эскиргани туфайли тозалаш самарадорлиги 30 фоиз эди. Шунинг учун 2012 йилга келиб оқава сув ташлашнинг меъёри (ПДС) талабларини бажариш учун эскирган технологик қурилмаларни замонавий қурилмаларга алмаштириш чоралари кўрилди. Модернизация ишлари 2017 йилда якунланиб, самарадорлик оширилди. Натижада оқава сувлар 75 фоиз тозаланадиган ҳолатга келтирилди.

Жараён билан танишар эканмиз, оқава сувларни тозалаш белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдик. Хўш, унда муаммо қаерда?

– Бўзсув ГЭСлар каскадида реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабабли оқава сув чиқариладиган очиқ сув ҳавзасининг 3-3,5 км. масофасида сув оқими турғун ҳолатга тушиб қолган. Натижада канал тубига муаллақ моддаларнинг чўкиши туфайли атроф-муҳитга ҳид чиқиб турибди, – деди Тошкент шаҳар оқава сув тармоқлари бошқармаси бошлиғи Мақсуд Аббосхонов.

Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади 1-ГЭС раҳбари Баҳром Мирҳожиев ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, ҳозир модернизация ишлари олиб борилаётгани, 2020 йилнинг март ойида биринчи ирригат ишга тушиб, каналда сув юриши яхшиланишини, тезлашишини таъкид­лади. Маҳалла фаоллари ҳам юзага келган вазиятни тушунишди ва аҳоли билан мулоқотга киришиб, ҳолатга бевосита жараённинг ўзида тушунтириш бергани учун станция жамоасига миннатдорлик билдиришди.

Демак, келаси йил март ойидан бу ҳудуддан бадбўй ҳид чекинади. Бироқ яна бир жиҳатни назардан четда қолдириб бўлмайди. «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ сув объектларига оқинди сувларни оқизишга сув объекти таркибидаги ифлословчи моддаларнинг белгилаб қўйилган меъёрлардан ошиб кетишига йўл қўймаслик шарти билан, шунингдек, сувдан фойдаланувчи ҳамда сув истеъмолчиси бундай оқинди сувларни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгилаб қўйилган даражада тозалаб бериш шарти билангина йўл қўйилиши белгиланган. Яъни, ишлаб чиқарувчи корхоналар заҳарли кимёвий моддалар, буёқ билан ифлослантирилган оқава сувларни бирламчи тозалашдан ўтказгандан сўнггина канализация қувурларига ташлашлари шарт.

Иншоотга «Baytex», «Saff textile», «Soft mega textile» ва бошқа тўқимачилик корхоналарида локал тозалаш иншоотлари ишламаслиги туфайли ҳар куни ифлос сув коллекторлардан келади. Иншоот эса бўёқни тозалашга мўлжалланмаган. Натижада тозаланган сувлар қорамтир рангда Бўзсув каналига тушади. Иншоотда кимёвий физик усул билан рангни тозалайдиган иншоот қурилишига жой йўқ. Шунинг учун Тошкент шаҳридаги тўқимачилик корхоналари ўз локал иншоотларини қуриши зарур.

Афсуски, кимёвий моддалар билан ишловчи корхоналарнинг аксарияти бундан кўра белгиланган жаримани тўлашни афзал билмоқда. Улар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгиланган товон пулини тўлаб, чиқинди сувларини бемалол канализацияга оқизиб юбормоқда.

Демак, бу борада сайловолди ташвиқоти вақтида катта-катта ваъдаларни берган депутатлар ҳам бош қотириб кўрмоғи ва қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида таклиф киритмоғи лозим.

Ўз мухбиримиз

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: