Home / Тавсия этимиз / Тиббий билимимиз оқсаса… нафақат ўзимиз, жамият ҳам зарар кўради

Тиббий билимимиз оқсаса… нафақат ўзимиз, жамият ҳам зарар кўради

Соғлиғим важидан шифокорга учрашмоқчи эдим. Бироқ бугунги ҳолатдан келиб чиқиб, аввал вазиятни билиш, ишда бўлсагина унинг қабулига бориш ниятида таниш шифокор – Манзура опага қўнғироқ қилдим. Жавоб бўлавермагач, ортиқча безовта қилгим келмади.

Икки соатдан сўнг опанинг ўзи қўнғироқ қилиб қолди:

– Операцияда эдим, узр, телефонингизни ололмадим…

– Ҳечқиси йўқ! – унинг ишини билганим учун самимий жавоб қилдим. – Ўзим ҳам шундай деб ўйладим. Қалай, чарчаб қолмадингизми?

– Чарчашга-ку чарчамадим… Фақат кайфиятим бузилди… Ёшгина келинчакни операция қилдик… – опа оғир хўрсинди. – Биринчи ҳомиласи экан…

– Худонинг айтгани-да… – бу хабардан менинг ҳам кўнглим ғаш тортган бўлса-да, Манзура опага таскин бердим. – Бўлар иш бўлибди… Яхши даволанса, яна ҳомиладор бўлади… фарзанд кўради…

– Э-э, ҳамма гап шунда-да!.. – опанинг овозидан асабийлашаётгани сезилиб турарди. – Энди фарзанд кўролмайди бечора… Бир ҳафтадан буён белида оғриқ бор экан. «Ҳомиладорликда шунақа оғриқлар бўлиб туради. Ортиқча эътибор қилмасангиз, ўзи ўтиб кетади» деб қайнонаси шифокор кўригига юбормабди. Мана оқибати… Аёллик ички аъзоларини олиб ташлашга мажбур бўлдик. Хуллас, энди у она бўлолмайди. Вой, ёшгина-я. Энди ўн тўққизга тўлаяпти…

Орага ноқулай жимлик чўкди. Опанинг ҳолатини кўз олдимга келтирдим. Шу тобда дам дастрўмоли билан пешонасидаги терларни артар, дам қўлидаги кўзойнагини ўйнаётган чиқар… Асабийлашса шунақа қилади.

Бироздан сўнг у гап бошлади:

– Бола ташлаган, чала туққан келин-жувонларни кўриб ҳам онага, ҳам нобуд бўлган болага ачинасан киши… Бу каби кўнгилсизликларнинг туб илдизи аҳолининг тиббий маданияти пастлигида. Мени маъзур тутингу, айримларнинг онгсизлигида ҳам!

Опанинг фикрларига қўшилдим. Чиндан ҳам соғлиғимизга жуда эътиборсизмиз.

– Э-э, бу гапларни қўяйлик, ўзингизда нима гаплар? – опа бироз чалғиш учунми, суҳбат мавзусини ўзгартириб юборди.

– Доимгидек – кўрик-да!.. Вақти келиб қолибди… – ҳазингина кулдим. – Шифохонага борсаму, йўқ бўлсангиз деб олдин қўнғироқлашай дегандим…

– Яхши қилибсиз! Сиз индинга келинг, барибир ўзингиз кўрикдан ўтмасангиз бўлмайди.

Опа билан хайрлашгач, гўшакни қўйдиму яна хаёлим ўша келинчакка кетди. Бечора, энди ҳаёти қандай кечади?!

Эртаси куни кўрикдан ўтиб бўлгач, кечаги келинчак ҳақида гап очилиб қолди.

– Эри уч-тўрт йил Россияда ишлаган. Бўйдоқ йигит нопок аёллар билан зино қилиб, тезда юзага чиқмайдиган касаллик, шамоллашни юқтириб олган. Тўйдан сўнг бу касаллик келинчакка ўтган. Қарабсизки, ҳеч қанча фурсат ўтмай пайдо бўлган ҳомилага ўз таъсирини ўтказган… Мана оқибати. Бунинг устига, экологияни ўзингиз кўриб турибсиз, табиатга ёвузларча муносабатда бўлаётганимиз эвазига бизни боплаб жазолаяпти. Аслида табиат эмас, биз ўзимиз ўзимизни жазолаяпмиз…

Опа бир муддат деразадан узоқларга тикилиб қолди. Кейин яна менга юзланди:

– Барибир тиббий маданият ўнгланмас экан, кўнгилсизлик билан ўралашиб юраверамиз. Орзу-ҳавас деб ёшгина қизимизни турмушга берамиз. Кейин унинг она бўлиши учун шароит яратиш, яхши овқатлар едириш, вақтида дўхтир кўригидан ўтказиш ўрнига топган пулимизга бешиктўй учун латта-путталар оламиз, қудаларнинг орзу-ҳавасини ушалтириш учун югурамиз…

Опа яна анча гапирди, мен сассиз тинг­ладим. Афсуски, у ҳақ эди.

Кечгача нохуш кайфият мени тарк этмади. Аксига олгандек, эртаси куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг нохуш хабари юрагимга муз бўлиб кирди – коронавирус туфайли учинчи қурбон… Кейин тўртинчиси… Яна ўша тиббий билимсизлик…

Мутасаддилар шу балони даф этиш ҳаракатида. Қанча-қанча маблағ сарфланаяпти, фидойилар жон койитаяпти, тиббий хавфсизлик чоралари кўрилаяпти, аҳоли сонияма-сония огоҳлантирилаяпти. Касаллик белгилари ҳақида ҳам, ундан қандай ҳимояланиш ҳақида ҳам.

Аммо шунча тарғибот ишларига қарамай тиббий билими етишмаётган, ўз соғлиғига ўзи бефарқ айрим ҳамюртларимиз вазиятни янада чигаллаштириб юбораётгани ҳаммани ташвишга солмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра касаллик асосан хориждан қайтган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларида, улар билан муносабатга киришган кишларда кузатилмоқда.

Масалан, 15 март куни хориждан келган ҳамюртимиз 15 кишига касалликни юқтирган. 27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Ўз навбатида, унинг отаси 36 нафар ҳамкасбига бу инфекцияни юқтирган. Ҳамкасбларидан бири эса 4 нафар қариндошига юқтирган. Улар билан мулоқотда бўлганлардан 3 кишига ҳам касаллик ўтган. Яъни, бир одамдан 46 одамга коронавирус юққан. Занжир реакцияси!

Вазирлик хабарига кўра беморлар орасида касаллик аломатлари кўрина бош­лаганда ҳам шифокорларга хабар бермаслик ҳолатлари мавжуд.

Тошкент шаҳридаги бемор турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келиб, 8 нафар оила аъзосига касаллик юқтирган.

Яна бир бемор хорижда бўлганидан сўнг 7 нафар оила аъзосига касалликни юқтирган. У билан мулоқотда бўлган 153 киши ҳам кузатувга олинди.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи яна бир беморда 26 мартда касаллик бошланганига қарамай, 5 кун уйида ётган. 30 март куни тез ёрдам орқали оғир аҳволда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга барча зарур муо­лажалар кўрсатилган.

31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Рес­публика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатория таҳлили унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлади.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Бироқ қатор мутахассисларнинг муолажаларига қарамай беморнинг аҳволи оғирлашган ҳамда юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб вафот этган…

Энг ёмони, касаллик аниқланган беморлардан тўрт нафари ким билан учрашганини сир сақлаган. Фақатгина улар билан мулоқотда бўлганларнинг ҳарорати кўтарилгачгина шифокорлар бундан хабар топган.

Туркия орқали умрага бориб келган аёл ва унинг турмуш ўртоғи Наманганга қайтгач, уйга меҳмон чақириб, эҳсон қилади. Ҳозир ана шу оилавий тадбир қатнашчиларидан 23 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Улардан бир нафари – аёлнинг 72 ёшли онаси касаллик туфайли вафот этди.

Ижтимоий тармоқларда мазкур аёл онаси ўлими ва унинг яқинлари иштирокисиз дафн этилиши туфайли бир умр виждон азобида қолиб кетиши муқаррарлиги ва бошқа таъналарга қоришиқ эътирозлар кўпайгандан-кўпайди. Бу энди бошқа масала. Бироқ юракларни ларзага солган яна бир оғриқ бор – касалликка чалинганлар орасида икки ойлик чақалоқ – аёлнинг набираси ҳам бор! Яхшики, таҳлил чақалоқнинг онасида инфекция йўқлигини кўрсатди.

Шу тадбирда қатнашган қўшнининг икки боласи ҳам вирус юқтириб олган экан. Улар 19 март куни Наманган шаҳрида ўтказилган тўйда куёвжўра сифатида иштирок этади. Оқибатда тўй эгалари ва меҳмонлардан 13 нафарига вирус юқишига сабабчи бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазири тўғри таъкидлади: «Бу – жиноят! Била туриб шунча одамга касаллик юқтириш хиёнатдир».

Карантин пайти юзлаб одамларни тўплаб, маросим ўтказиш ҳолатлари аниқланмоқда. Ахир буларнинг бари тиббий билимсизлик, ўзи ва атрофдагилар соғлиғига эътиборсизлик эмасми?!

Кеча ижтимоий тармоқда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг яна бир хабари тарқади: профилактика чораларига оммавий равишда амал қилинаётгани туфайли юртимизда грипп, гепатит, овқатдан заҳарланиш каби касалликлар кескин камайибди. Демак, оддийгина гигиена қоидаларига фақат карантин даврида эмас, ҳар доим риоя қилсак, бундай касалликлар бизга асло илашмайди.

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: