Home / Тавсия этимиз / Тилхатлар очган тилсимлар

Тилхатлар очган тилсимлар

Аслида университетга кириш учун етарли балл тўплаган абитуриент имтиҳон пайтида синовдан четлатилди деган важ билан талабалар сафига қабул қилинмади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари абитуриент устидан тузилган қалбаки баённомани ким ёзганини билолмай хуноб бўлишди. Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси марказининг ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси хулосаси эса бу ҳолатга ойдинлик киритди. Унга кўра тест синовларидан юқори балл тўплаган абитуриентга нисбатан қалбаки баённома расмийлаштирган шахс Давлат тест марказининг ходими бўлиб чиқди.

Тергов ҳамда суд идораларининг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одил тергов ва судловни амалга ошириш ҳисобланади. Мазкур вазифани бажаришда суд-экспертиза муассасалари ҳам муҳим роль ўйнайди. Суд экспертлик фаолияти йилдан-йилга ривожланмоқда ва бугунги кунда адолатни қарор топтириш, низоларнинг қонуний ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳаётда ижтимоий ва иқтисодий муносабатлар ривожланган сайин жиноят турлари, ҳал этиладиган низолар ҳам мураккаблашаяпти. Шунга қарамай Республика суд экспертизаси марказининг ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси турли жиноятларнинг очилишига беқиёс ҳисса қўшаётганига у ерда ўтказилган экспертизалар билан танишиш жараёнида гувоҳ бўлдик.

Мазкур лаборатория мудири Наргис СОЛИЕВА бизга иш фаолияти ва экспертиза билан боғлиқ бир нечта воқеаларни сўзлаб берди:

– Лабораториямизда бешта йўналишда экспертиза ўтказилади. Биринчиси – суд-хатшунослик экспертизаси. Бу йўналишда асосан қўлда ёзилган тилхатлар ва бошқа қўлёзмаларнинг муаллифи аниқланади.

Мисол учун фуқаролар бир-биридан қарз ёки бирор қимматбаҳо буюмни вақтинча ишлатиб туришга олганида буни тасдиқлаш учун тилхат ёзиб беради. Шундай ҳолатлар бўладики, кейинчалик баъзи одамлар ўзи ёзган тилхатни тан олмайди. Бундай вазиятда жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади ва ўша тилхатни ҳам тақдим қилади. Тергов органлари тилхат бўйича экспертиза тайинлайди. Бизнинг лабораториямиз экспертиза ўтказиб, ҳа­қиқатни аниқлаб беради. Албатта, бу жараённинг ўзига хос сирлари бор, лекин одамларимизда экспертизага ишонч бўлиши учун бунга қисман тўхталаман. Бу жараёнга тилхат эгаси деб гумон қилинаётган шахснинг аввалги ҳамда кейинги қўлёзмалари жалб этилади ва ўша тилхатдаги ёзувлар билан солиштирилади. Барчамизга аёнки, одам йиллар давомида ўзига қулай усул яратган ҳолда шахсий ёзувини шакллантирган бўлади. Эркин ҳолатда ёзган одам айнан ўзи кашф қилган усулда қоғоз қоралайди. Демак, ҳарфларнинг ўхшашлиги, айниқса, гап бошидаги катта ҳарфлар экспертиза хулосасининг пойдевори бўлади. Шу тариқа тилхатнинг эгасига ойдинлик киритилади. Мисол тариқасида икки воқеани келтирамиз.

 Тилхатлар тилга киради

Қашқадарё вилоятидан бир қизнинг тилхатини экспертиза қилиш вазифаси топширилди. Бизга маълум бўлишича, ўша қиз турмушга чиқмасдан ҳомиладор бўлиб қолади. У оиласидан буни сир тутиб, вақти-соати келиб тўлғоқ тутганда бошқа тумандаги туғруқхонага боради ва у ердагиларни алдайди. Яъни уйи узоқдалиги, йўлда кетаётган пайтда дарди келиб қолганини, керакли ҳужжатларини олиб, яқинлари уйидан йўлга тушганини айтиб, ёлғон гапиради. Фарзандини дунёга келтиргач эса боласини ташлаб, яширинча туғруқхонадан қочиб кетади. Эртасига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан суриштирув бошланиб, қизнинг манзили аниқланади. Бу ишга ўша ҳудуднинг участка нозири жалб этилгани учун барча ташкилий ишларни ўша ходим бажаради. Участка нозирини келтириб ўтишимизнинг сабаби бор. Бунга яна тўхталамиз.

Хуллас, ўша пайтда қиз боласидан воз кечади. Аммо бир неча ойдан сўнг у боласидан воз кечмагани, уни шундай қилишга мажбурлашгани, бола участка нозиридан эканлигини иддао қилиб, туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилади. Текширишларда эса қиз ўз тилхатига асосан боладан воз кечгани ва болани бошқа бир оила боқиб олгани маълум бўлади. Бироқ у тилхат ўзиники эмаслиги, буни кимдир жиноятини яшириш мақсадида унинг номидан ёзганини айтади. Бунга ойдинлик киритиш учун экспертиза тайинланади. Терговчи ўша тилхат билан бу иш бўйича гувоҳлардан олинган, қўлда ёзилган барча кўрсатмаларни олиб келиб лабораториямизга топширди. Солиштирганимизда қизнинг опасининг ёзуви тилхатдаги ёзувларга ўхшашлиги маълум бўлди. Шундан кейин бунга янада аниқлик киритиш учун экспертизага гумондор шахснинг ишхонасидан унга тегишли қўлёзмалар келтирилиб, яна солиштирилди ва бу тилхатни ўша қизнинг опаси ёзгани аниқ бўлди. У бу тилхатни ёзганини тан олиб, бош­қа қилмиш­ларига ҳам иқрор бўлди.

Маълум бўлишича, опа-сингил келишган ҳолда гўё она боладан воз кечиб, уни туғруқхонага ташлаб кетгандек «спектакль» саҳналаштиришади. Аслида гўдакни фарзандсиз бир оилага катта пулга сотиб юборишади. Болани расмийлаштириш ишларини эса бошқа шахслар ими-жимида қилиб беради. Ўша пайтда участка нозири қизни топиб, бу ишга маҳалла фаолларини ҳам жалб қилган ҳолда туғруқхонага олиб боради ва фарзандини расмийлаштиришни талаб қилади. Қиз қилмишлари овоза бўлишида участка нозирини айблайди ва вақти келиб ундан қасд олишни дилига тугиб қўяди. Унинг бу ишлари эса айнан қасд олиш учун ташкиллаштирилган экан. Шундан сўнг одам савдосига қўл урган опа-сингил ва бу ишга алоқадор бошқа шахслар устидан ҳам жиноят иши очилди. Айбдорлар суд ҳукми билан жазога тортилди. Бировга чоҳ қазисанг ўзинг шу чоҳга тушасан деб бежиз айтишмайди.

 Тест марказидаги ўйин

Бундан бир неча йил аввал Қарши давлат университетига кириш учун тест топширган абитуриент жавоблар чиққанида рўйхатдан ўзини топа олмайди. У қабул комиссиясига мурожаат қилганида, унга имтиҳон пайтида жавоблар варақасини йиртиб қўйгани учун баённома расмийлаштирилиб, имтиҳондан четлатилганини айтишади. Ҳақиқатда эса у ўша куни тест синовидан четлатилмаган, аксинча, имтиҳонни муваффақиятли топшириб чиққан эди. Абитуриентнинг ота-онаси мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади. Бу иш бўйича суриштирув бошланади. Қисқа вақт ичида абитуриент тўлдирган жавоблар варақаси ва у ишлаган саволлар варианти топилиб текширилганида у юқори балл тўплаб университетга киргани маълум бўлади. Демак, иқтидорли абитуриентнинг баллари инобатга олинмаслиги учун кимдир шу йўлдан фойдаланган.

Агар имтиҳон пайтида абитуриент қонун-қоидаларга зид ҳаракат қилса, ўша гуруҳ назоратчиси томонидан баённома тузилади ва у синовдан четлаштирилади. Терговчи сохта баённомани ким ёзганига аниқлик киритиш учун экспертиза тайинлайди ва тегишли ҳужжатларни лабораториямизга тақдим қилади. Баённомадаги ёзувларни солиштириб кўриш учун бизга 200 дан ортиқ кишининг қўлда ёзилган кўрсатмаларини беришди. Кўрсатма эгалари имтиҳонда қатнашган назоратчилар, жавоблар варақасини пойтахтга олиб келган университет масъуллари ва уни текшириш жараёнида қатнашган Давлат тест маркази ходимлари эди. Асосий гумондор сифатида қаралаётган шахс имтиҳон куни ўша гуруҳ назоратчиси бўлган Қарши давлат университетининг ёши улуғ ўқитувчиси экан. Табиийки, бу ёшдагилар кирилл алифбосида ёзишади. Баённома эса лотин алифбосида ёзилган эди. Бу ҳолат бизга калаванинг учини топиб берди. 200 та кўрсатма орасида тест марказининг ёшгина ходими томонидан қисқагина қилиб ёзилган кўрсатма эътиборимизни тортди. У лотин алифбосида ёзилган ва баённомадаги ёзувларга мос келарди. Терговчидан шу ходим ўзининг фаолияти жараёнида ёзган бошқа ёзувларни ҳам тақдим этишини сўрадик. Унга тегишли бошқа ёзувларни келтириб беришгач эса баённомани тест марказининг ўша ходими ёзгани аниқ бўлди. Тергов жараёнида маълум бўлишича, Давлат тест марказида ошпаз бўлиб ишлаётган бу шахс баённомани марказнинг бошқа масъул ходимлари топшириғи билан ёзган экан. Биргина суд-хатшунослик экспертизаси ортидан марказдаги жиноий гуруҳ қилмишлари фош этилди.

 Муҳр ва имзо можароси

Иккинчиси – суд-техник экспертиза. Бунда фуқароларнинг имзолари, муҳрлар ҳамда хорижга чиқиш билан боғлиқ турли ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар текширилади. Айни вақтда имзо ва муҳрни сохталаштирган ҳолда содир этилган жиноятлар бирмунча кўпайди. Мисол учун, яқинда шундай экспертиза ўтказдик. Бир аёл соғлиғини тиклашга, яъни жарроҳлик операцияси ўтказиш учун хорижга кетади. Унинг туғишган жигарлари бундан фойдаланиб, аёлнинг имзосини сохталаштириб, фирмадаги улушини ўзиники қилиб олишган ва пулларни талон-торож қилиб юборишган экан. Бу аёл бир неча ойдан кейин юртимизга қайтганида шундай ҳолатга дуч келади. Экспертизада имзоларнинг бошқа шахс томонидан қўйилгани аниқланди ва бу бўйича хулоса судга тақдим этилди. Шу аснода бир жиноят очилиб, ҳақиқат қарор топди.

Кейинги йилларда юртимиздан Умра сафарига борувчилар сони кескин кўпайди. Бу жараёндан эса баъзи виждонсиз кимсалар фойдаланиб қолишга уринмоқда. Маълумки, қайси давлатга бормоқчи бўлсангиз ўша давлатнинг юртимиздаги элчихонасидан виза олиш талаб этилади, албатта баъзи давлатларга чиқишда бундай тартиб йўқ. Лекин биз келтирмоқчи бўлган воқеада виза олиниши лозим эди. Хуллас, Умрага боришни ният қилган фуқаролар навбати билан жўнатилади. Аммо баъзи ноинсоф­лар бу ишларни маълум ҳақ эвазига навбатсиз қилиб беришларини, шундай хизматлар билан шуғулланувчи фирмаси борлигини айтади. Ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ югур-югурларга тоқат қила олмайдиган фуқаролар уларнинг хизматидан фойдаланади. Лекин аэропортдан учиб кетадиган вақтда уларнинг визалари қалбакилиги маълум бўлиб, самолётга чиқишга рухсат беришмайди. Ўша визалар бўйича ҳам лабораториямизда экспертиза ўтказилди ва уларнинг ҳақиқатан қалбаки эканлиги маълум бўлди. Бу ишни қилганлар эса жиноий жавобгарликка тортилди.

Ички ишлар ходимлари ҳам имзоларни сохталаштирган ҳолатлар учраб туради. Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро йўл қоидасини бузгани учун қўлланган жаримани вақтида тўламагани боис иш судга оширилади. Шундан сўнг ҳайдовчи йўл қоидасини бузмаганини баён қилиб, тегишли жойга ариза ёзади. Суриштирув жараёнида унга йўл-патрул хизмати инс­пектори томонидан тузилган протоколни кўрсатишади ва далолатнома тагида қоидани бузганини тан олиб имзо қўйиб берганини ҳам иддао қилишади. Ҳайдовчи имзо ўзиники эмаслигини айтганида, бу бўйича экспертиза тайинланади. Экспертиза эса имзо ҳайдовчиники эмаслигини тасдиқлаб берди.

Маълум бўлишича, йўл-патрул хизмати инспектори йўловчи машинани тўхтатиб, қоидани бузганини айтади ва бу ҳолатни «протокол»га расмийлаштиради. Аммо ҳайдовчи қоидани бузмаганини, ноўрин айб­ланаётганини инспекторга тушунтиришга ҳаракат қилади. Хуллас, ўртада тортишув бўлади ва ҳайдовчи «протокол»га имзо қўйишдан бош тортиб, воқеа жойидан кетиб қолади. Инспектор эса бу ҳолатни гувоҳлар иштирокида расмийлаштириши талаб этиларди. Бироқ у «протокол»га ҳайдовчининг ўрнига ўзи имзо қўйиб юборган экан.

Шундан сўнг ноқонуний ишга қўл урган ЙПХ ходимига нисбатан ҳуқуқий чора кўрилди.

* * *

Учинчиси суд-сиёсатшунослик экспертизаси бўлиб, бунда ижтимоий тармоқларда тарқатилган ёки китоб шаклида босилган экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи мақолалар ҳамда асарларнинг муаллифлари аниқланади. Бу каби ғоялар муаллифлари ҳеч қачон ўз исм-фамилиясини кўрсатмайди, тахаллусдан фойдаланади. Бу кимсаларнинг шахси суд-сиёсатшунослик экспертизаси орқали аниқланади.

Лабораториямизда ўтказиладиган тўртинчи экспертиза суд-филология экспертизаси бўлиб, унда ҳикоя, роман ва бошқа асарларнинг ҳақиқий муаллифи кимлигига ойдинлик киритилади. Масалан, бир одам китоб чиқаргандан сўнг иккинчиси менинг асаримдан фойдаланган деб уни судга беради. Шу каби ҳолатларга суд-филология экспертиза хулосаси ечим топиб беради.

Бешинчиси эса суд-лингвистика экспертизаси бўлиб, унда аудиоёзувдаги овоз кимга тегишлилиги аниқланади. Бунга кўп мисол келтириш мумкин. Бу бўйича экспертизага асосан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйича ишлар келади.

Бугунги кунда фирибгарлик шу қадар «ривожланиб» кетдики, унинг турли кўринишлари билан боғлиқ ишлар лабораториямизга тез-тез келмоқда. Кимдир уйини ёки машинасини сотади. Шундан сўнг олган одамдан расмийлаштиришгача бўлган оралиқда келишувдаги пулнинг бир қисмини  бўнак сифатида олиб, тилхат ёзиб беради. Уй ёки машинани расмийлаштириш учун келишилган куни эса олувчи сотувчини топа олмайди. Икки кун олдин ёзилган тилхат эса ўчиб кетган бўлади. Олувчи ўша одамни топиб, бўнак учун пул олиб қолганини эслатса, у сизни биринчи бор кўриб турибман, одамга туҳмат қилманг деб сурбетлик қилади. Маълум бўлишича, фирибгарлар буни олдиндан режалаштириб, қисқа вақт ичида сиёҳи ўчиб кетадиган ручка билан тилхат ёзиб беришар экан. Айни пайтда лабораториямизда шундай ручкаларда ёзилган ёзувларга аниқлик киритиб берувчи ускуна бор.

Ҳар бир экспертиза хулосасини тегишли жойга юбораётганда албатта ушбу хулоса жиноятни очишда ёки низони ҳал қилишда қандай аҳамият касб этганини билиш учун ўша идорага хат жўнатамиз. Аксарият жиноят ишлари билан боғлиқ экспертизалар бўйича тергов идораларидан миннатдорчилик хатлари оламиз. Лекин фуқаролик ишлари бўйича судларнинг масъуллари экспертизаларимиз қандай аҳамият касб этгани хусусида хат йўллаш у ёқда турсин, телефон орқали ҳам раҳмат айтишмайди. Бу каби ҳолатлардан баъзан лабораториямиз жамоаси қаттиқ хафа ҳам бўлади. Чунки шундай ҳолатлар бўладики, экспертиза хулосасини тайёрлашда баъзан ойлаб, йиллаб изланиш олиб борамиз.

Шу ўринда фуқароларимизни ўта ҳушёр бўлишга чорлайман. Ҳатто паспортингиз нусхасини ҳам бировга ишониб топширманг. Агар юқорида келтириб ўтилган вазиятларга тушиб қолсангиз, марказимиз ёрдамидан бемалол фойдаланишингиз мумкин.

* * *

Хулоса қиладиган бўлсак, суд экспертизаси одил судловни амалга оширишга кўмаклашади. Суд мажлисида тарафлар берган баёнот, гувоҳлар берган кўрсатмалар муҳим ўрин эгалласа-да, суд экспертизаси орқали аниқланган далиллар ҳам ўзига хослиги, ишончлилиги, объективлиги билан ажралиб туради.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: