Home / Тавсия этимиз / Икки ëpти – биp бутун…

Икки ëpти – биp бутун…

Жажжи қизалоқнинг ўз оиласи ҳақида ёзган иншоси ижтимоий тармоқларни ларзага солди: «Менинг оилам – энг ёмон оила…». Бола изтироби, кўзидаги мунг… Ҳозирданоқ ҳаётдан безган, бировга ишончи қолмаган…

Бу бўлган воқеадир ёки кимдир гуруҳига кўпроқ аъзо тўплаш, шов-шув кўтариш илинжида ўйлаб топгандир… Бироқ жамиятда ота-онасининг инжиқлиги, бесабрлиги ёки оилага учинчи, тўртинчи одамлар аралашуви туфайли ажримлар кўпайиб, болалиги ўғирланиб, жисми эмас, қалби мажруҳга айланаётган болакайлар камми?!.

Муяссар университетни тугатган куни ота-онаси унга янгилик етказишди. Кечагина қўшни тумандан совчилар келиб, уларнинг розилигини олиб кетишибди. Ҳатто тўй куни ҳам белгиланган.

Муяссар рози бўлишдан бошқа чораси қолмаганини англади-ю, индамай қўя қолди. Куёв бўлмиш ўқимишли, зиёли оиладан эканини эшитиб, анча хотиржам тортди. Қайнонаси шифокор экан…

Назарида тўй жуда файзли ўтди. Унинг янги хонадонга ўрганиши қийин кечди. Бу хонадон негадир жуда сирли эди. На қариндошлар билан борди-келди бор, на қўни-қўшни билан. Боз устига, тўйдан бир ой ўтар-ўтмас келинининг ишга чиқиб кетиши қайнонага ёқмади. Муяссар ота-онасининг «Куёв тараф ишлашингга қарши эмас» деган сўзларини эслади-ю, бу шунчаки тўйдан олдинги ёлғон ваъда эканлигини англади. Эри Сардорбек «Сандиқни очгин-да, дип­ломингни кўринмас ерига жойлаб қўй! Ота-онам “Келин ишламасликка рози” де­йишгани учун сенга уйланганман» деганида бўлажак турмуш ўртоғи билан тўйдан олдин учрашиб суҳбатлашмаганига, уни яхши билмай туриб тақдирини боғлаганига пушаймон бўлди.

Пушаймонлик ёмон экан. Айниқса, хатонгни тўғрилашнинг имкони бўлмаса…

Бир куни Муяссар ишдан эртароқ қайт­ди. Ҳомиладор эмасми, толиққанди. Уйига дам олишга кирганда ногоҳ ҳовлидаги қайнонаси ва қайнсинглисининг гапларини эшитиб, вужуди музлаб кетди гўё.

«Ойи, келинингизни уйга ўтқазиб қўйсангиз бўлмайдими?! Ҳеч бўлмаса, мен келганимда хизмат қилмайдими?! Мен қайнсинглим келишидан уч кун олдин тайёргарликни бошлайман. Акам ҳам индамаяптими? Агар бу хотинини ҳам бўш қўйса, “кўчага чиқиб кетиши” аниқ!».

Муяссар қайнсинглиси яна нималар деганини англамади. Сўнгги пайтларда эри аввал ҳам уйлангани, буни ундан яширишганини сезгандек бўлиб юрганди. Бугун эса…

Дам олиш куни ота-онасининг уйига кетиб, қайтмади. Истамади. На юзсиз эрини, на унинг ёлғондан қўрқмайдиган ота-онасини кўргиси келарди.

У икки норасида ҳақида ўйлайвериб, ўйининг охирига етолмасди. Ўзини бировнинг бахтини ўғирлагандек сезар, бундан эзиларди.

Ҳомиласи олти ойлик бўлганида қайнонаси орага одам қўявериб келинини олдириб кетди. Ўртадаги сирлардан бехабар ота-она ҳам унинг тиниб-тинчиб кетишини ўйларди. Муяссар ҳам куёвнинг аввал уйланганини, боласи борлигини айтиб, уларнинг дилини ўрташни истамади.

Борган куни қайнонаси ўзича қўни-қўшнилар орасида Муяссарни шарманда қилди. «Ўзи кетган, мана, ўзи келди», – дея жар солди. Унинг феълини яхши билишгани учун баъзи қўшни аёллар «Эътибор қилманг, ҳаммаси ўтиб кетади!» дея кўз қисиб унга далда бергандек бўлишди. Боласи ҳаққи келин яна босиқлик қилди.

Бир ой ўтар-ўтмас қайнона эски қилиғини бошлади. Мабодо келиннинг боши айланиб, ҳолсизлангандек ўтириб қолса, уни касалмандликда айблаб, кун бўйи жавранар, кечқурун эри ва ўғлига уни ёмонлаб, ўзидан жабрдийда ясаб олар, уй юмушларининг бари ўзига қолиб кетаётганидан нолирди. Кейинроқ эса уни руҳий носоғлом экан дейишгача борди.

Бу гапга чидай олмаган Муяссар «Ойижон, бундай дейишга қандай тилингиз борди?! Наҳот худодан қўрқмасангиз?!» деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.

Ҳаммаси эри келгач бошланди. Куни билан ҳеч нима демай қовоқ уйиб юрган қайнонаси эрига чунонам келинни қораладики, Сардорбек ичкарига кира солиб уни калтаклай кетди. Ҳомиладорлигига ҳам қарамади. Қайнотаси уни ажратмоқчи эди, қайнонаси яқин йўлатмади.

Муяссар бир ҳафта оғриқлардан азоб чекди. Фақатгина қорнидаги ҳомиласининг қимирлаб қўяётгани унга таскин эди. Ўша кундан қайнонанинг буйруғи билан дарвозага қулф урилган, келин кўчага ҳам чиқармай қўйилганди.

– Келин, мана бу уколни қилиб қўяй, қувват бўлади, – қайнонасининг мулойимлик билан кириб келиши Муяссарни ажаблантирди. Кейин калтакланган келинга раҳми келаяпти шекилли деган хаёлга борди. – Боласи қурмагур шунчаликка ҳам борадими?! Ахир хотин киши нозик бўлса, бир-икки қаттиқ-қуруқ гап айтсанг етарди-да, уришга бало бормиди?! Ёш-да, сабр қилсангиз, ақли кириб қолади…

Қайнонаси шифокор бўлгани боис унинг укол қилмоқчилигидан ёмон хаёлга бормади. Аксинча, дилида унга нисбатан бироз илиқлик уйғонди: «Хайрият, дили бутунлай муз эмас экан-ку?!».

Ҳар гал қорнида типирчилаб, бир зум тинмайдиган ҳомиласи жим бўлиб қолгач, келинчак юраги бир нимани сезгандек шифокорга бормоқчи бўлганди, кечагина мулойим тортиб қолган қайнона яна эски ҳолига қайтди. Қудаларини чақириб, «Қизингиз ҳам, унинг боласи ҳам керак эмас» дея эшикдан қувиб солди. Келиннинг кийим-бошларини ҳам улоқтирди.

Муяссар шуларни ўйлар экан, ота-онасини қийнаб қўйганидан куюнди. Бироз қаддини эгганча ўчоқ бошидаги онаси томон юрди.

– Ойи, ош қилайлик! Негадир ош егим келаяпти…

Ош дамланаётганда Муяссардаги оғриқ кучайиб, тез ёрдам чақиришди. Онаси бир коса паловни дастурхонга ўраганча ортидан етиб борди. Борди-ю, қизининг ҳомиласи икки кун олдин ўлганини эшитиб, изтироби ортди. «Қизингиз охирги пайтларда бирор дори ёки укол олмаганмиди?!» деган савол жавобсиз қолди. Ахир у қаёқдан ҳам билсин?! Қизини шу бугун кўриб турган бўлса…

Дам ўтмай шифокорлар югур-югур қилиб қолишди. Уни эса ичкарига қўйишмасди.

Бир вақт эшик очилиб, шифокор «Қўлимиздан келганини қилдик, бироқ бемор ҳаётини сақлаб қололмадик… Худо сабр берсин!» деганида шифохона деворлари ҳам ларзага келгандек бўлди.

Қизига деб олиб келинган ош тўла коса онанинг қўлидан тушиб чил-чил синди…

Муяссар норасидаси билан ёнма-ён қўйилди. Афсуски, унинг жанозасида на эри қатнашди, на унинг оиласидагилар…

Оила, ҳаёт, инсон қадрига етмаганларнинг кейинги тақдири аянчли кечибди. Сардорбек тирноққа зор, онанинг эса кўпдан буён оёқ-қўли ишламай ётганмиш. Қайнсингил эса тўрт норасидаси билан эридан ажраб келган, хонадонда кунда жанжал эмиш…

Бу дунё ҳисобли дейишади. Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам жавоби бор.

* * *

Раъно тақдир раво кўрган хонадонга келин бўлиб тушибдики, бўлар-бўлмасга аразлаб келавериб ота-онасини ҳам қийнаб юборди. Хижолатда қолган Ҳамида ая қизига ҳаётдан сабоқ беравериб чарчади.

– Болали бўлса тиниб кетар, – деди бир куни унинг изтиробларини сезиб юрган қўшниси. – Баъзида бошқоронғиликда ҳам шундай бўлади – эр уйини ёқтирмай қолади келинлар.

– Илоҳим шундай бўлсин… – деди у умидворлик билан.

Қўчқордек ўғил кўрганида Раънонинг шодлиги оламга сиғмасди. Ёш оила шу гўдак қадами билан бахтиёр бўлсин деган мақсадда унга Бахтиёр деб исм қўйишди. Келинларининг ҳуда-беҳуда аразларидан безган қайнона-қайнота ҳам шу гўдакдан умидвор: «Зора энди ақли кирса…».

Ой, йил ўтиб чақалоқ ёшига етай деганда эндигина изга тушиб қолган ҳаётнинг яна мароми бузилди. Ўғлини кўтариб йўлга отланган келинни на қайнона-қайнота тўхтата олди, на эри…

– Ортингдан одам тугул, ит ҳам бормайди, кўзингни оч! – дея бақирди бу гал сабр косаси тўлган Козимжон. – Жилла қурса, ота-онамнинг кўнглига қарамасанг, билганингни қил!

Раъно шу кетганича ота уйида уч ой ўтирди. Чиндан ҳам бу гал ортидан ҳеч ким келмади. Бу орада болакай тез-тез касалланиб қолаверди. Шифокорга олиб боришса, «Болангиз соппа-соғ» дейишар, бироқ гўдак тинмай ғашланишини қўймас, ҳарорати кўтарилиб кетаверарди. Бора-бора овқат ҳам емай қўйди.

Буни эшитган Козимжон югуриб келди. Бироқ Раъно қайсарлик билан боласини кўрсатмади.

Козимжон шу кетганича қайтиб келмади. Боланинг эса кундан-кунга аҳволи оғирлашиб борарди. Раъно «Болам шамоллаган» дея шифокорларга дори-дармон ёздириб, бир неча кун ўзича даволатди. Барибир фойдаси бўлмади. Шундай кунларнинг бирида маҳалладаги ёши саксондан ошиб қолган Розия момо ҳассасини дўқиллатиб ҳовлига кириб келди.

– Болани адо қилаёзибсан, жувон қурмағур! – деди Раънони койиб. – Бунақада ўғлингдан айрилиб қоласан!

Раъно қўрқиб кетди. Момога илтижоли боқди:

– Нима қилайлик?..

– Тезроқ отаси, буви-бобосига етказ! Уларга ичиккан бола! Ҳе бола боққан сени!..

Буни эшитган Раъно онасига жавдираб боқди. Шундоқ ҳам хавотирда қийналаётган Ҳамида ая набирасини қучоқлаганча қудасиникига отланди. Раъно ҳам ортидан эргашди.

Кўзларини очишга ҳам мадори қолмаган гўдак отаси ва бобо-бувисини кўриб, сал жилмайгандек бўлди. Бирор соат ўтмай отаси оғзига тутган овқатни ейишга тушди…

«Икки ёрти – бир бутун» деганлари шу бўлса керак-да! Оиласи бағрига қайтди-ю, гўдаккина кундан-кунга қувватга кириб, иштаҳа билан ўзини овқатга урадиган бўлиб қолди. Табиатнинг бу синоати олдида лол қолган Раъно шундан кейин аразламай қўйди…

Икки ҳолатдан ўзингиз хулоса чиқаринг, муҳтарам ўқувчи.

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: