Home / БОШ ПРОКУРАТУРАДА / Ижoбий кўpcaткичлapгa мaҳлиëлик — туpғунлик вa инқиpoз oмили

Ижoбий кўpcaткичлapгa мaҳлиëлик — туpғунлик вa инқиpoз oмили

2020 йил 8 февраль куни Бош прокуратурада видеоселектор тарзида ўтказилган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ҳамда прокуратура органларининг 2019 йилдаги фаолияти натижалари муҳокама қилинди.

Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

Йиғилишда прокуратура органлари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, қонунлар ижроси устидан назорат, шунингдек, ислоҳотлар ва давлат дастурлари ижросини ташкил этиш борасидаги тадбирлар натижасида 90 мингга яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, 154 минг кишининг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдорлар жами 2 трлн. 341 млрд. сўмлик зарарни қоплаши таъминланди.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспортни кўпайтириш каби долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 4163 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди, 15961 нафарига муаммосини бартараф этишда кўмаклашилди.

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилди. Жумладан, Бош прокуратурага бириктирилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон ва Бекобод туманларида барча манбалар ҳисобидан 601 млрд. сўмлик коммуникация тармоқлари ҳамда уйларни таъмирлаш, ижтимоий объектларни қуриш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Президентимиз илгари сурган бешта ташаббусни рўёбга чиқариш бўйича кенг қамровли ишлар қилинди. Хусусан, 1554 та оғир шароитда яшаётган ҳамда 9896 та уйга муҳтож оилага ёрдам кўрсатилди, 7324 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорликда кўрган чоралари натижасида умумий жиноятчилик 6 фоиз камайди, 3074 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Судларда жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар кўрилишида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишлар қилинди. Прокурор протестларига асосан жиноий судларнинг 1997 нафар шахсга нисбатан қарорлари, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 1455 та, иқтисодий судларнинг 786 та, маъмурий суд­ларнинг 1085 та қарори ўзгартирилиши ёки қонунга мувофиқлаштирилиши таъминланди.

Прокуратура органлари томонидан 2019 йилда 313 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати ҳал этилди, 46 мингдан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент органлари томонидан бюджетга 1,4 трлн. сўмга яқин қўшимча маблағ ҳисоб­ланиб, шундан 563 млрд. сўми ундирилди, ноқонуний муомаладаги 3 млн. 306 минг АҚШ доллари ва 6,9 млрд. сўм олиб қўйилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳам газ ва электр энергиясидан 37 трлн. сўм қарз, ижро ҳужжатлари бўйича 15,7 трлн. сўм маблағ ундирилди.

Маърузада асосий эътибор прокуратура органларининг 2019 йилдаги хато ва камчиликлари ҳамда уларни бартараф этиш чораларига қаратилди. Зотан, 2020 йил барчамиз учун алоҳида синов ва масъулият йили бўлади. Энди кечаги ютуқлар бизни сира қониқтирмайди. Прокурорлар айрим рақамларда акс этган ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка берилмаслиги керак.

Ҳайъат мажлисида ҳар бир ҳолат бўйича масъулларнинг изоҳи тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Энг муҳими, 2020 йилда прокуратура органлари ишида сифат ва самарадорлик, таъсирчанликни таъминлашга қаратилган аниқ чоралар уларни рўёбга чиқариш механизмлари билан уйғун тарзда белгилаб берилди. Хусусан, тизимдаги аксарият раҳбарлар ишни режалаштиришни билмаслиги оқибатида йиллар давомида профессионал фаолият қолиб кетиб, вақти ва кучини беҳуда сарфлашга одатланиб қолгани таъкидланди. Ана шундай кайфиятда юрган 180 нафарга яқин раҳбар ва ходим лавозимидан озод этилган ёки бошқа интизомий жавобгарликка тортилган.

Прокурорлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясига оид муаммоларни бартараф этиш, айниқса, бюджет маблағи талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича назоратни кучайтиришлари талаб этилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммолар, хусусан, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар тарқалиши масалалари доимий эътиборда бўлиши шартлиги уқтирилди. Шунингдек, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, халқ ўртасида уларнинг ҳурматини оширишга прокуратура органлари ҳам муносиб ҳисса қўшишлари зарур.

Тиббиёт ходимларини ҳақоратлаш, уларга жароҳат етказиш каби ҳолатларга нисбатан қатъий муносабат билдириб, уларнинг олдини олиш устувор вазифалардандир.

Хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқлари, меҳнатга оид қонунчилик ижросига ҳам  эътибор қаратилди. Ҳар бир прокурор мурожаатда белгиланган ва хотин-қизлар ҳамда ёшлар учун шароит яратишга ажратилган маблағларнинг ўз эгаларига етиб боришини ҳамда тўғри ишлатилишини таъминлаш чорасини кўриши керак.

Прокуратура органларида ёшлар ташкилотининг бошланғич тизими фаолиятини тўлиқ ва самарали йўлга қўйиш талаб этилади. Ҳар бир прокурор ўз ҳудудида бирон-бир ёшнинг, жумладан ишсиз, имконияти чекланган, меҳрибонлик уйида тарбияланган ва бошқа тоифадаги йигит-қизларнинг эътибордан четда қолмаслиги учун шахсан жавобгардир.

Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси бўйича ҳам муаммолар жуда кўп. Мурожаатда белгиланган мактабгача таълим билан қамровни 60 фоизга етказиш, шу мақсадга бюджетдан қарийб 1,8 трлн. сўм маблағ ажратиш, мактаблар қурилиши ва таъмирланишига 1,7 трлн. сўм йўналтириш бўйича вазифалар ижроси, бу пулларнинг тўғри ишлатилиши прокурорларнинг доимий назоратида бўлиши керак.

Вояга етмаганлар ўз жонига қасд қилишининг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўриш тақозо этилади.

Яратилаётган янги иш ўринларига, аҳолининг бандлигига доир ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш ҳам прокурорларнинг асосий  вазифаларидан  бири  бўлиши  лозим.

Мурожаатда белгиланган иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйи­ча вазифалар ижроси устидан назоратни таъминлашда прокуратура органлари зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Бу борадаги муаммоларга прокурорлар эътиборсиз бўлса, фақат «статист» вазифасини   бажариб ўтирса, кўзланган мақсадга эришиш қийин кечади.

Прокурорлар тадбиркорликнинг ҳар бир соҳасига чуқур кириб, ундаги муаммолар, бюрократик тўсиқларни ўрганиши керак. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тадбиркорлар муаммосини аниқлаш учун, зарур бўлса, экспериментлар ўтказиб бориши лозим.

Соғлом рақобат ва қулай инвестиция муҳитини шакллантириш учун яширин иқтисодиётга барҳам бериш тақозо этилади. Айнан ана шу йўналишда ҳам департамент зиммасига катта масъулият юклатилади.

Хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам прокурорларнинг доимий эътиборида   бўлиши зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Прокурорлар инвестиция дастурига киритилган объектлар бўйича пудратчиларни танлашдаги қонунбузарликлар, хусусан, тендер талабларини четлаб ўтиш ҳолатларига чек қўйиш учун масъул эканлиги алоҳида қайд этилди.

Яқинда кўрилган аниқ чоралар натижасида мамлакат бўйича бир ойда қурилиш лойиҳаларидан 54 млрд. сўм тежаб қолинганига урғу берилиб, прокурорлар олдига бу борада янгидан жорий этилган назорат амалиётини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда прокурорлар раҳбарлигидаги секторлар фаолияти юзасидан талабчанлик кескин оширилиши ҳам қайд этиб ўтилди. Бу масалага иккинчи даражали вазифа сифатида қараган прокурорлар жуда қаттиқ адашиши ва қатъий жавобгар бўлиши айтилди.

Тизимнинг чинакам халқ прокуратурасига айланиши биринчи навбатда секторлар фаолиятига боғлиқлиги таъкидланди. Секторлар ҳар бир вазиятда фуқаро кўтарган масалани тезкорлик билан жойида ҳал этиш чорасини кўриши шарт. Шундай йўл тутиш лозимки, секторга мурожаат қилган фуқаро ўз муаммосининг ечимини айнан шу сектор раҳбари ёрдамида топиши керак.

Мурожаатда қайд этилганидек, корхоналар фаолиятини текширишга эълон қилинган мораторий муддати тугади. Шу муносабат билан эски усулда, ёппасига текшир-текширлар бошланиб кетишининг олдини олиш прокуратура органларининг муҳим вазифаларидандир.

Ҳозир фаолият юритаётган 50 га яқин назорат органи фаолияти юзасидан талабни кескин кучайтириш зарур. Бундан 10 йиллар олдин назорат органлари билан имзоланган қўшма тартиблар замон талабларига умуман жавоб бермайди. Бинобарин, тез кунларда уларни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда мурожаатда белгиланган илғор тажрибалар асосида барча даражадаги назорат идораларида янги тизим жорий этиш вазифаси сўзсиз инобатга олиниши шарт.

Мурожаатдан келиб чиқадиган яна бир муҳим вазифа шуки, прокуратура органларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан ҳамкорлигини тубдан яхшилаш талаб этилмоқда. Шу боис прокурорлар олдига маҳаллий кенгашларга номига ахборот киритиб қўйиш ёки расмиятчилик учун ҳисобот беришдек номақбул амалиётдан воз кечиш вазифаси қўйилди.

Қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича мурожаатда белгиланган вазифалар прокуратура органлари зиммасига қўшимча масъулият юклайди.

Ҳайъат мажлисида ҳозир салкам 120 минг гектар суғориладиган ернинг   ҳокимликлар захирасида тургани ва ундан самарали фойдаланиш борасида прокурорлар ташаббус кўрсатиши шартлиги уқтирилди. Барча вилоят прокурорлари ушбу масалани атрофлича ўрганиб, биринчи чорак якуни бўйича аниқ таклифлар тақдим этиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, кластерларга бюджетдан ажратилган имтиёзли кредитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини таъминлаш, улар фермер хўжаликларига тўлаши лозим бўлган маблағларни ундириш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилди.

Айни пайтда айрим ҳудудларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ҳамда ноқонуний қурилишларни аниқлаш ҳамон сустлиги танқид қилиниб, прокурорларга бу борадаги сусткашликка чек қўйиш вазифаси юклатилди.

Ҳайъат мажлисида жиноятчиликка қарши курашиш масаласига алоҳида урғу берилди. Айрим ҳудудий прокуратура органлари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга етарли эътибор берилмаётгани кескин танқид қилинди.

Прокуратуранинг ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорати самарадорлигини ошириш бўйича янги вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган инсон ҳуқуқларини поймол этиш, қийноққа солиш билан боғлиқ ҳар бир хабарга прокурорлар қатъий муносабат билдириб боришлари талаб этилади.

Ҳайъат мажлисида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, кўп йиллар давомида бу борадаги ишлар расмиятчилик учун қилинган, комиссия йиғилишлари ҳам номига ўтказиб келинган. Ҳолбуки, коррупцияга қарши курашиш борасида қўлга киритилган ютуқлардан кўра ҳали қилинадиган ишлар кўп.

2017 – 2019 йилларда 6127 нафар мансабдорнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилингани ҳам коррупцияга қарши курашиш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Ўз навбатида, биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи билан коррупцияга қарши курашда ижобий натижаларга эришиб бўлмаслиги ҳам сир эмас. Аввало, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши зарур.

Давлатимиз раҳбари айтганидай, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балони бартараф эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак.

Албатта, бу машаққатли, бироқ амалга оширишимиз мумкин ва шарт бўлган вазифадир. Зотан, 2019 йилда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровда қатнашганларнинг 86,6 фоизи коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Бош прокуратура томонидан яқинда соғлиқни сақлаш, олий таълим тизимларидаги, шунингдек ердан фойдаланишдаги коррупция таҳлилига бағишлаб тадбирлар ўтказилди. Уларда коррупция ҳолатлари аниқ таҳлиллар, факт ва рақамлар асосида муҳокама қилиниб, масъулларга, хусусан, прокуратура органларига қўшимча кўрсатмалар берилди.

Бироқ, эътироф этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг бу борада мурожаатда илгари сурган ташаббуслари ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Хусусан, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш коррупцияни йўқотишда ҳам катта самара беради.

Ҳайъат мажлисида қайд этилганидек, охирги йилларда прокуратура тизимининг ўзида ҳам коррупциянинг олдини олиш ишлари самарасиз ташкил этилган, коррупциянинг туб сабабларини бартараф этишда сезиларли натижага эришилмаган.

Қисқа даврда тизимни номуносиб ходимлардан тозалаш мақсадида 98 нафар ходим тизимдан бўшатилди, 282 нафари лавозимидан озод қилинди. Бу ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилади.

Прокуратура органларида мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш давр талаби эканлиги алоҳида таъкидланди. Агар фуқаро қуйи прокуратура қароридан норози бўлиб, юқори прокуратурага мурожаат қилса, бу қуйи бўғинда муаммо борлигидан дарак бериши қайд этилди.

Ҳайъат мажлисида давлатимиз раҳбарининг мурожаатида белгиланган яна бир муҳим вазифа – амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик кодексларини янгитдан қабул қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Ишчи гуруҳлар зиммасига янги кодекслар лойиҳасига давлатимизнинг янгиланган сиёсатидан келиб чиқадиган муҳим қоидаларни киритиш вазифаси қўйилди. Айниқса, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида мурожаатда белгиланган вазифаларга мувофиқ кодекслар лойиҳасида суд мустақиллигига раҳна солиши мумкин бўлган бирон-бир бўшлиқ ёки имконият бўлмаслиги шарт. Бунинг учун лойиҳалар тор доирадаги мутахассислардангина иборат гуруҳлар томонидан эмас, барча манфаатдор тузилмалар, жумладан, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб қилган ҳолда пухта тайёрланиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.

Ҳалим БОЛТАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: