Home / Тавсия этимиз / 3улмгa бeфapқ бўлмaнг

3улмгa бeфapқ бўлмaнг

25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан

зўравонликка барҳам бериш куни

 

Узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган аёл ҳикоя қилади:

– Бой қудаларнинг ваъдасига ишониб, қизимни университетни битиришини ҳам кутмай узатдик. Ҳамма ота-оналар каби не-не орзулар қилмаган эдик… Афсус. Куёв зиёли, ўзига тўқ хонадоннинг боласи. Ким ўйлабди ана шу куёвнинг укаси қиморбозлигини? У қизимни ҳеч бир сабабсиз эрининг, қайнонасининг (қайнотаси оламдан ўтган) кўз олдида уриб-тепар экан… Қизим шўрлик яшириб, чидаб юрган. Отамга айтиб қўймасин, катта жанжал чиқмасин деб ҳатто менгаям айтмаган. Бўйида борлигида ҳам урганидан кейин чидолмапти. Эри, қайнонасига ортиқ чидолмаслигини айтганида, “чидасанг шу…” деган жавобни эшитибди.

Қизим шўрлик дардини менга эмас, опасига – катта қизимга айтибди. Эшитиб қандай аҳволга тушдим, ўзимга аён. Лекин “Чида, қизим, ҳарқалай эринг урмаяпти-ку, укасигаям инсоф кириб қолар” дейман фақат. Лекин эримга айтолмайман. Жаҳл устида анави нобакорни бир нима қилиб қўймасин, оловга мой сепмай дейман. Орада фарзандли бўлди. Энди бари изга тушар деб ўйлаган эдик, яна адашган эканмиз.

Майли, уни худо уриб қўйган экан, қизимнинг эри, қайнонаси нима қилган? Нега ахир деб сўрасам нима деганини биласизми? “Нима қипти, янгасини уришга, сўкишга ҳаққи бор” дейди! Ўзларини оқлаш учун шундай деган одамлардан нима кутайлик, айтинг?

Аслида улар ҳам бу бехосият боладан қўрққанидан миқ этишолмаган. Ҳатто қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳам ўзларини четга олишган.

Кунларнинг бирида ака-ука ўртасида қаттиқ жанжал чиққан. Ука акасини урган. Эрининг ёнини олиб, ажратишга уринган қизим қаттиқ калтак ебди. Аччиқ устида участка нозирига чиқмоқчи бўлган экан, эри йўлини тўсибди. “Бу гаплар ишхонамга етиб борса, менга гап тегади…”. Ана шунақа одамлар ҳам бор экан-да, нимаям қила оламиз?!

Эртаси куни куёв қизимни уч ойлик боласи билан уйимизга ташлаб кетди…

* * *

Ўгай оналар ҳақидаги машъум ҳикояларни эшитмаган ким бор?! Одатда улар яхшилик билан якун топади. Бу ҳикоя ҳам шундай якун топиши мумкин эди. Эҳтимол, яхши якуннинг ўзи шудир…

Воқеанинг қаерда ва қачон бўлгани муҳим эмас: Н.Ғ. ўзи турмушга чиқаётган эркакнинг аввалги аёли вафот этгани, тўртта фарзанди борлигини билар эди. Оила қуришдан олдин бўлажак эрига болаларга ғамхўрлик қилиши ҳақида ваъдалар ҳам берган. Бироқ Н.Ғ.га боғли уйнинг бекаси бўлишига шу норасидалар тўсиқ бўлаётгандай туюлгани учунми, у ҳимоясиз болаларни қийноққа солишни одат қилади.

Эркак кўчанинг одами, фарзанд­ларининг бу аҳволидан бехабар қолган ёки ўзини билмаганга солган. Балки аёлнинг макрига алдангандир, бизга қоронғу.

У “Бировга айтсаларинг баттар қиламан” дея болаларни муттасил қўрқитиб келган. Унинг бегуноҳ болаларга қилган зуғумлари, одам боласининг ақлига сиғмайдиган қилғилиқлари ҳақида матбуотда ўқигандирсиз.

Болалар ўгай онанинг қилмишлари ҳақида тоғаларига хабар бермагунча бу азоблар давом этаверган…

Савол туғилади: наҳотки одамлар шу қадар бефарқ? Ахир боланинг кўнглини кўзлари ҳам айтиб туради-ку. Нега биров улардан ҳол сўрамаган?

Ёвуз ўгай она-ку қилмишига яраша жазосини олди. Суд ҳукмига кўра 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Лекин шундай азобларни бошидан кечирган болалар у кунларни унута олармикан?

* * *

Ёш келин-куёвнинг аҳиллиги, бир-бирига бўлган муҳаббати ҳамманинг ҳавасини келтирар эди. Аммо уларнинг бахтли кунлари узоққа чўзилмади. Тоштемир арзимаган муаммолар учун ҳам Мазлумани калтаклашни одат қилди. Фарзандли бўлишгач ҳам бу одатини ташламади.

Ота-онасига айтсинми ёки ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилсинми? Ундан кейин нима бўлади? Фарзандининг тақдири нима кечади? Мазлума нима қиларини билмай, хўрликларнинг ниҳоясини кутиб чарчади. Лекин қайнонаси ва катта овсини Тоштемирни гиж-гижлашдан чарчашмади. Қайнотаси-чи? “Турмуш мушт, хотин эрнинг муштига чидаши керак-да” деган одамдан ниманиям кутиш мумкин?

Аёлнинг изтиробларидан қариндош-уруғи ҳам, маҳалла-кўй ҳам хабар топмади. Хабар топмади десак, ёлғон бўлар, ҳеч ким хабар олмади. Тоштемир ҳам билганидан қолмади.

Мазлума бир неча марта ота-онасиникига кетиб қолди. “Отангга нима дейман? Қизи эрдан чиқиб келди деган гапни қандай кўтарсин? Ўзинг яхши – олам яхши. Ҳамма айб ўзингда, эрингнинг гапини икки қилма…”. Онанинг даккисиям, насиҳатиям бир бўлди. Охирги сафар ҳам Мазлума отасининг кўзига қаролмай, яна рўзғорига қайтди. Кетар чоғи онасига айтди: “Онажон, сизларга кўп ташвиш келтирдим. Хавотир олманг, ўлигим ўша уйдан чиқади…”.

Эрининг узлуксиз хўрлашларига унинг бардоши етмади: оғир гуноҳга қўл урди – ўз жонига қасд қилди. Бу биргина Мазлуманинг зулмга, оилавий зўравонликка қарши исёни эмас…

* * *

Уч ҳикояда баён қилинган воқеалар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Аммо улар кўпайиб бораётгандай.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори моҳиятан зўравонликка учраган аёлларга ёрдамлашиш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга қаратилган. Яъни, эндиликда оилавий зўравонлик масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилади. Чунки бу муаммо аллақачон оила қўрғонидан ташқарига чиқиб, жиддий ижтимоий муаммога айланган.

Оилавий зўравонликни қандай таърифлаш мумкин? У нимаси билан шахс ва жамият учун хатарли?

Аслида оилавий зўравонлик фақат бир мамлакат ё халққа хос иллат эмас, у билан инсоният азалдан курашиб келади.

Оилавий зўравонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзосининг мунтазам такрорланиб турувчи зўравонлигидир. У асосан оила ичида рўй беради. Статистикага назар ташласак, бундан асосан аёллар ва болалар жабр кўриши маълум бўлади. Аммо бу оилавий зўравонликнинг жабрини фақат шулар тортади дегани эмас. Аёлнинг эрига, келин ёки куёвнинг бетоб қайнона ёки қайнотасига, катта фарзанднинг кичикларига босим ўтказиши ҳам учраб туради.

Оилавий зўравонлик содир этилганда шахснинг ҳуқуқлари бузилади, натижада жабрланган шахс жиддий психосоматик касалликлар орттириши ёки бошқа аянчли ҳолатлар, оғир жиноятлар рўй бериши мумкин.

Оилавий зўравонлик туфайли фарзандларнинг руҳий ҳолати ва ахлоқига жиддий зарар етказилади. Бундай муҳитда ўсган бола асабий, аламзада бўлар экан. Оилавий зўравонликнинг оқибатлари кичик болаларда турли касаллик­лар шаклида намоён бўлса, ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилишга олиб келиши ҳам кузатилади.

Яна бир маълумотга эътибор қаратсак. Яқинда ҳудудларимиздан бирида аёллар (асосан келинлар) ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 14 фоизи оила аъзолари томонидан камситилиши ва эри томонидан ҳақоратланишини, 9 фоизи оилада куч ишлатилгани ёки калтакланганини маълум қилган.

Демак, муаммо аён. Ўзбекистон Президентининг “Ижтимоий реаблитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада катта аҳамиятга эга.

Қарорга мувофиқ эндиликда аёлнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келадиган низоларнинг, депрессив вазиятларнинг олдини олишга қаратилган ишлар кучайтирилади: маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар тизими ҳамкорлигида “хавф гуруҳи” аниқланиб, тушунтириш, огоҳлантириш ва зарур бўлса, жазолаш чоралари қўлланади.

Оилавий зўравонликка учраган аёлларга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш учун реаблитация ва мослашув марказлари очилди. Зўравонликка учраган аёл шу марказлардан паноҳ топиши мумкин. Унга маълум муддатга бошпана, таом, мутахассис (врач, психолог ва ҳ.) ёрдами берилади, зарур бўлса, ички ишлар ходимлари чақирилади.

Жамиятда оилавий зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга ҳаракат қилинади. Яъни, фуқароларнинг муштумзўр эр, зулмкор қайнона ёки бош­қа қариндошларга нисбатан тоқатсиз бўлиши тарғиб қилинади.

Оилавий зўравонлик ҳақида алоҳида қонун қабул қилинади. Эр-хотин муносабатларига учинчи шахсларнинг аралашуви, жисмоний ва руҳий босим ўтказиш, кишини ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келиш каби барча хатти-ҳаракатлар қонунда қамраб олинади ва уларга бериладиган жазолар белгилаб қўйилади. Зўравонлик учун жазо муқаррарлиги таъминланади.

Ҳозир мамлакатимизда Зўрлик иш­латишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ҳамда 197 та ҳудудий марказ фаолият олиб бормоқда. Уларда 2018 йилда 7463 нафар, 2019 йилнинг 9 ойида эса 9800 дан ортиқ оғир вазиятга тушиб қолган аёлга тиббий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатилди.

Агар эътиборлироқ бўлсак, ҳар биримизнинг қариндошларимиз, дугоналаримиз, танишларимиз, қўшниларимиз орасида оилавий зўравонликка дуч келганлар борлигини кўрамиз. Лоқайд яшашда давом этсак, уларнинг сони ортиб бораверади. Қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Фазилат Ёдгорова,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: