Home / Тавсия этимиз / Хотира ёғдуси

Хотира ёғдуси

Наим КАРИМОВ, академик

Шу йил 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида ўзбек диёрида истиқомат қилаётган халқлар Россия империяси ва совет ҳокимияти йилларида Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизни ёд этиб, уларнинг ёрқин хотираси олдида таъзим бажо келтиради. Улар қачон ва қаерда ҳалок бўлган бўлмасин, ўзбек диёрининг мустақил ва тараққий этган мамлакат бўлишини орзу қилган, шу қутлуғ йўлда кураш олиб борган қатағон даври қурбонларини ҳурмат билан ёд этиб: «Ётган жойингиз момиқ, охиратингиз обод бўлсин, табаррук зотлар», — деймиз. Уларнинг тирик руҳлари олдида мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши йўлида меҳнат қилишга ваъда берамиз, уларни ҳаракатга келтирган Ватанга бўлган, озодлик ва мустақилликка бўлган муҳаббат бизнинг, бугунги авлодларнинг юрагида доим жўшиб туришини Аллоҳдан сўраймиз…

Ҳали самолётлар кашф этилмаган, темирйўл транспорти эса тармоқ ёзмаган давр­ларда ота-боболаримиз Ғарбдан Германия ва Франциягача, Шарқдан Япониягача бориб, шу мамлакатлардаги халқ­ларнинг турмуш тарзи, маориф ва маданияти билан танишганлар. Ўша пайтлардаёқ уларда ўзбек диёрини илғор мамлакатлар қаторига олиб чиқиш ғояси туғилган. Афсуски, қарийб 130 йил давом этган мустамлака йилларида уларнинг бу орзу-армонларини рўёбга чиқариш имкони бўлмади. Негаки, маориф ва маданияти равнақ топган халқ­нинг мустамлакачилик кишанларини парчалаб ташлаши ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун ҳам мустамлакачилар янги очилган мактаблар эшигига қулф солишга, ҳуррият ғояларини тарғиб қилган газеталарни ёпишга, миллатни уйғонишга чақирган зиёлиларни йўқ қилишга зўр бердилар. Россия империяси ҳокимияти бошлаб берган бу қувғин советлар даврида қирғинга айланди. Ўзбек халқининг ор-номуси ва маънавий раҳнамоси бўлган маърифат ва маданият намояндалари қатағон этилди.

Инсоният ўз тарихи давомида кўплаб даҳшатли воқеаларни бошидан кечирган. Қирғинлар, қамашлар, талашлар оз бўлмаган. Лекин қирғин қилинган халқ вакилларини фақат советларгина «босмачилар» деб атади. Ноҳақ қамоққа олинган ва отиб ташланган халқнинг асл фарзанд­лари манглайига фақат советларгина «халқ душмани» деган тамғани босди. Фақат советларгина ўзи ўйлаб топган туҳмат асосида минглаб ватандошимизни ҳибсга олиб, Россиянинг турли шаҳарларидаги мудҳиш қамоқхоналарда қийнаб, сўнгра қизил хаританинг энг олис ва борсакелмас нуқталаридаги лагерларга юборди. Фақат советларгина бу ажал тегирмонларига «меҳнат-тузатув лагерлари» деган ном берди.

Иссиқ ўлкада ўсган киши учун энг катта азоб ёз деган ноз-неъматлар фаслини билмаган совуқ ҳудудларда яшаш ва ишлашдир. Агар ўзбек халқининг Мунаввар қори Абдурашидхонов сингари фар­занд­лари Москвада отиб ташланган бўлса, Саидносир Миржалилов ва Боту каби сиймоларимиз Соловец оролларига, Элбек ва Усмон Носир сингари шоирлармиз эса абадий музликлар ўлкаси — Колимага жўнатилди. Юзлаб ватандошларимиз Москва — Волга канали қурилишида ва бошқа жойларда совуқдан музлаб, ҳалок бўлиб кетдилар…

Инсоният тарихи ўз халқига, ўз фуқароларига нисбатан бундай шафқатсиз бўлган бош­қа бир давлатни кўрган эмас.

Республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбарлари совет давлатининг қандай мудҳиш давлат эканини, уни идора қилаётган кишиларнинг қандай мудҳиш кишилар эканини яхши билишган. Шунинг учун ҳам Файзулла Хўжаев баъзи бир дўстона йиғилишларда машҳур ҳофиз Қори Ёқубов ижросида Фитратнинг аламнок шеърларини эшитишни хуш кўрган экан. Тергов ҳужжатларидан маълум бўлишича, у шундай кечаларнинг бирида кўнгли тўлиб, ҳўнграб йиғлаб юборибди. На дўстлари ширин сўз билан, на Қори Ёқубов шўх ашуласи билан овута олишибди уни. Шунда воқеадан хабар топган онаси фарзандининг қошига келиб, бошини силабди-да, «Ўғлим, нега йиғлайсан? Подшолар ҳам йиғлайдими? Ахир сен каттагина бир юртнинг подшосисан-ку!» деб юпатмоқчи бўлибди. Шунда Файзулла Хўжаев: «Она, сен подшони эмас, қулни туққан экансан! Қулни!! Мен қулман!!! Биласанми, Маскавнинг айтганини қилмасам нима бўлади? Мен сен айтгандек подшо бўлсам ҳам Маскав калламни олади!», — дея баттар ҳўнграб йиғлаган экан.

Файзулла Хўжаев сингари республикамизнинг айрим раҳбарлари совет даврида қанчалик катта мавқега эга бўлса-да, ўзларининг «қўғи­р­чоқ раҳбар» эканлигини яхши билишган. Шу сабабдан улар етмиш йил давомида республикамизда олиб борилган қирғин-қатағондан бирорта кишини ҳам ҳимоя қилиб олиб қола олмаган.

Мана, қўлимда 1937 йилда, ҳали қатағон тўқмоғи ишга тушмасдан олдин тузилган ва Сталин бошчилигидаги Сиёсий бюро аъзолари тасдиқлаган «халқ душманлари»нинг иккита рўйхати. Биринчи рўйхатда 155 кишининг, иккинчисида эса 10 кишининг исм-фамилияси ёзилган. Биринчи рўйхатдагилар отишга, иккинчисидагилар эса 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши лозим эди (Ўзбекистон бўйича яна бир нечта шундай рўйхат тузилган). Афсуски, республика, вилоят ва туман НКВД бошлиқларининг ташаббуси билан бу «отув рўйхатлари»га кирган бечоралардан ташқари, яна юзлаб бегуноҳ кишилар қамоққа олиниб, кўпчилиги йўқ қилиб юборилган.

Мамлакат осмонини жаҳолатнинг қора булути қоплаган шу даврда «Сталин конституцияси» деб бутун дунёга жар солинган Асосий қонунда белгиланган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тамомила оёқости қилинди. Уларнинг совун кў­пигидек беҳуда нарса эканлиги ошкор бўлди-қолди. Ҳали бирор айби исботланмаган кишиларнинг кимнингдир чақуви асосида тузилган рўйхатлари қонун кучига эга бўлди. Қамоққа олинган маҳбусларнинг бир қисми қийноқ остида ўзларига қўйилган айбларни тан олишга мажбур бўлдилар. Маҳбусларга қўйилган айблар бирор далил асосида исботланмаганига қарамай, Москвадан юборилган терговчилар уларни «халқ душмани» бўлганликда айблаб, отув ёки 10 йиллик қамоққа ҳукм қилдилар. Даҳшатли қийноқларга қарамай, ўзларига қўйилган сиёсий айбларни қаҳрамонларча рад этган маҳбуслар ҳам шундай фожиали қисматга дучор этилди.

Маълумки, 1920 — 1930 йилларда аксар ўзбек аёллари кексайиб қолган ота-оналари ва фарзандларига қа­раш­лари лозим бўлгани учун уй бекаси мақомида турмуш кечирганлар. Улар турмуш ўртоқларининг кундалик ижтимоий ҳаётлари билан қизиқмаган. Лекин қатағон замбараклари ишга тушиши билан таниқли давлат, фан, адабиёт ва санъат намояндаларининг рафиқалари ҳам қамоққа олинди. Улар эрларининг «аксилинқилобий-миллатчилик фаолияти»га доир маълумотларни бермагани, яъни эрларига туҳмат қилмагани учун уларнинг «жиноий ишлари»га шерикликда айбланиб, таҳқирланди, қийноқларга дучор этилди, олис ўлкаларга сургун қилинди.

Бу ҳам озлик қилганидек, уларнинг уч ёшдан катта болалари оиласидан тортиб олиниб, республикадаги ва ҳатто бошқа республикалардаги болалар уйларига юборилди. Уйлари тортиб олинди, қамалмай қолган оила аъзолари эса кўчада, оч ва ночор аҳволда қолди. Шаҳар ва қишлоқларда «Арзон моллар» дўконлари очилиб, уларда қамоққа олинган маҳбусларнинг мусодара қилинган мол-мулки сотилди.

«Қани жаҳондаги энг илғор, энг инсонпарвар Сталин конс­титуциясида халққа «берилган» ҳақ-ҳуқуқлар?» дейдиган одам йўқ!.. Қани, бирор кимса шу сўзларни айтиб кўрсин-чи, НКВД уни ва унга қўшиб уруғ-аймоғини ҳам қириб ташлар!!

1937 йилда 10 йилга кесилган ва омон қолган маҳбусларнинг бир қисми 1947 йилда жазо муддатини ўтаб, ота-оналари бағрига қайтиб келди. Мен шулардан бири — наманганлик шоир Рафиқ Мўминнинг уйига борганимда унинг қайтиб келган кунини бундай «таърифлаб беришган». Эшикдан оёқларига машина камерасидан «тикилган» бе­сўнақай «пойафзал»ни кийиб олган, устига ямоқсиз жойи қолмаган «телогрейка»ни илиб олган, узун бўйли, ориқ бир одам, аниқроғи, скелет кириб кела бошлаган. Уни кўрган кишининг қўрқиб кетмаслиги иложсиз эди. Ҳовлидаги бола-чақалар қўрққанидан бақириб юборишган. Уларнинг бақириғини эшитиб, ҳовлига югуриб чиққан катталар эса «скелет»ни кўриб, донг қотганлар. Аммо «скелет» тилга кириб, болалари томон қучоқ очиб, кўз ёшларини тўкиб кела бошлаган. Шундагина улар «скелет»нинг қадрдон оталари — Наманганнинг «Чўлпони» — Рафиқ Мўмин эканлигини билганлар…

Катта бир шоирни бекордан-бекорга қамаб, уйини вайрон, оиласини сарсон қилиш қайси адолатли давлат ҳуқуқлар мажмуасининг қайси моддаси асосида амалга оширилган?!. Бундай модда ҳатто фашистлар Германиясининг конституциясида ҳам бўлмаган! Совет давлати конституциясида шундай модда бўлмаганига қарамай, у қатағончилик сиёсати билан Адолат дар­ёсидан олисда, Ноҳақлик даштида вужудга келган давлат эканлигини бутун дунёга намойиш этди.

Таниқли тарихчи олим Рустам Шамсуддиновнинг маълумот беришича, андижонлик Султонмасъуд Холботиров 1937 йил 11 октябрда қамоққа олинган. Тергов вақтида унга Войлошников ва Чалий деган терговчилар навбатма-навбат қуйидагидек ўнлаб саволларни беришган:

— Андижон шаҳрида қандай аксилинқилобий ташкилотлар фаолият олиб борган?

— Бу аксилинқилобий ташкилотларнинг бирортасига алоқадор бўлганмисиз?

— Ўзбекистон халқ комиссарлари советининг собиқ раиси Каримов билан қандай алоқада бўлгансиз?

— Укангиз Шоҳрух Холботиров билан қандай алоқадасиз?..

Султонмасъуд Холботиров бу саволларга аниқ ва рост жавоб берган. Бу жавоблар, шубҳасиз, маҳбусни айблашга асос берувчи жавоблар бўлмаган. Лекин терговчилар унинг жавобларини ўзларича таҳрир қилиб, уни маҳбусга ўқитмасдан қўл қўйдириб олганлар. Бу ҳам унинг, минглаб маҳбусларнинг ҳуқуқларини янчиб ташлаш билан баравар иш эди. Ҳақ-ҳуқуқлари шундай топталиши натижасида Султонмасъуд Холботиров Волит-Невер темирйўл станцияси яқинидаги Амур лагерида 10 йилдан зиёд азоб-уқубат чекишга мажбур бўлган.

Андижонлик Абдуқодир мулла Мирзабой ўғли Қудратилло ҳамшаҳри Жасурбек Ҳакимбековга отасининг фожиали тақдири ҳақида сўзлаб, жумладан, бундай сўзларни айтган:

«…1946 йилнинг ёз ойларида Магаданда қамоқ жазосини ўтаб келган бир одам келиб, мени суриштирди. У вақт­да Ворошилов номидаги тўқимачилик корхонасида ишлар эдим. Тоғамиз Орифжон мироб орқали ишхонамга келибди. Келган вақтда тушликда эканман. У одам билан кўриша олмадим. Лекин менинг номимга дадамнинг адресини бериб, «Мен андижонликман» деб ўзини танитмай кетибди. Адрес қуйидагича эди: «Хабаровский край, город Магадан, колонна №80. Начальник колонны Никишев».

Орадан бир-икки ой ўтгач, Марҳаматнинг Туямўйин деган жойидан Магаданда қамалган ва ўз юртига қайтган бир қирғиз одам келганини эшитдим. У одамнинг олдига тоғамнинг ўғли билан бирга бордик ва шу кеча мана шу уйда меҳмон бўлиб қолдик… У одам отамнинг ҳаёт эканини, уйланганини, икки ўғил ва бир қизи борлигини айтиб берди*. Отамнинг у ерда қиладиган вазифаси қадимий қўлёзма китоб­ларнинг таржимаси ва таҳлили, мазмун ва моҳиятини очиб беришдан иборат экан. Бу одам менга илтимос қилиб, «Мен айтганимни сир тутинглар. Агар мен айтганимни билиб қолишса, мени яна қамаб юборишади» деб айтди.

Кейин мен астойдил ҳаракат қилиб, Магаданга, Никишев номига хат ёзиб юбордим. Ўн кундан кейин ишхонамга НКВДдан одам келиб, мени олиб кетди. Етти соат мобайнида сўроқ қилиндим. «Бу адресни қаердан олдинг? Отанг қанақа одам бўлган? Қаерда қариндошларинг бор?..», — деб сўрашди. Мен ҳаммасини гапириб бердим. Шунда улар: «Агар иккинчи марта хат ёзсанг, сени ҳам отангга ўхшаб бадарға қилиб юборамиз», — деб айтишди. Шундан сўнг қўрқиб, қайтиб хат ёзмадим…».

Андижонлик оддий йигитнинг бу сўзларидан совет даврида рўй берган қанчадан-қанча аччиқ ҳақиқатлар — араб ва форс тилини билган, маърифатли отасининг қатағон қилиниши, 10 йиллик қамоқ муддатини ўтаганидан кейин бошқа маҳбусларнинг қайта қамоққа олинганини эшитиб, «поселение»да қолиб, янги оила қуришга мажбур бўлгани, отасининг бошига тушган ташвишлар ўзиникига ҳам тушиши мумкинлиги — НКВД деган аждаҳонинг ҳамма нарсани ютиб, одамзодни қўрқоқ ва иродасиз оммага айлантиргани яққол кўриниб турибди.

Совет давлати раҳбарлари ва уларнинг ишонган тоғи — НКВД бир юз эллик миллионлик кўп миллатли халқни эзиб, қамаб, отиб, сургун қилиб, итдек ишлатиб, уларнинг фуқаро сифатидаги ҳақ-ҳуқуқларини янчиб келди. Бу давлат, шу давлат ва шу тузум барпо қилган НКВД деган зулм ва ўлим машинасининг чириб, тарих ахлатхонасига тушгани чин бўлсин! Бу давлат ва у ҳукмронлик қилган замонга бизнинг — миллионлаб кишиларнинг лаънатлари бўлсин!..

Бугун Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин олганини ана шу мудҳиш воқеалар оша кўрадиган бўлсак, ўзбек халқининг тақдирида, мамлакатимизда яшовчи барча халқларнинг тақдирида оламшумул ўзгаришлар рўй бергани учун Аллоҳга шукроналар айтамиз.

Мустамлакачилик йилларида қатағон этилган аждодларимиз ўзбек тупроғида ҳуррият гулларининг чаман бўлиб очилишини, ўзбек осмонида ҳуррият қўшиқлари янграшини, ватандошлари чеҳрасида эса саодат жилваларини кўришни орзу қилган эдилар.

Бугунги кун — уларнинг орзу-армонлари ушалган муборак кундир.

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: