Home /   / 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Pocт вa coз cўз aйтиш caнъaти

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Pocт вa coз cўз aйтиш caнъaти

Бугун ҳаётимизнинг бирон соҳасини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, истиқлол руҳига мос тафаккур тарзини шакллантириш, умуминсоний қадриятларни қарор топтириш, халқимизнинг маънавиятини бойитишда журналистларнинг муносиб хизмати бор. Жаҳон матбуоти тарихи оддий бир ҳақиқатни тасдиқлаган: ОАВ мамлакат тараққиётига темирйўл ёки кон саноатидан кам фойда келтирмайди! Жамият аъзоларининг маънавий камолоти нечоғлик зарур бўлса, бу соҳага ҳам шунчалик эҳтиёж бор.

Журналистни жамиятнинг виждони дейишлари бежиз эмас. Негаки, жамият тараққиётининг ҳеч бир қирраси журналистнинг синчков нигоҳидан четда қолмайди. Ундаги қусурларга муросасиз бўлиб, танқидий, таҳлилий мақолалари билан камчиликларни бартараф этиш пайида бўлади. Француз ёзувчиси Стендаль «Одамзот бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишилар онгига сингдириш буюк санъатдир» деган эди. Ҳақиқий журналист шундай санъатни мукаммал эгаллаган инсонлар тоифасига киради. Журналистлик осон касб эмас. Шу боис у вақтни қизғанади, изланишни камолот калити деб билади.

Журналист – ижодкор. Ижодкор эса велосипед ҳайдаб кетаётган одамга ўхшайди, педални айлантириб турмаса йиқилиб тушади. Фақат ўз касбига садоқатли, доимо эл-юрт манфаати, ўзгалар дарди билан ёниб яшайдиган қалами ўткир журналистларгина халқ орасида чинакам обрў қозона олади. У одамларни фикрлашга, бирор муаммо юзасидан мушоҳада юритишга ундовчи, пировардида, жамият тараққиётига ҳисса қўшувчи, ҳаёт билан ҳамнафас, бошқалардан бир қадам олдинда юрадиган кишидир. Журналистлар жамиятда бўлаётган ўзгаришларни, ижтимоий муҳитни ҳаммадан олдин илғайди, уни тезкорлик билан халққа етказади.

Журналистнинг фидойилиги жарроҳлик столида беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга масъул шифокорнинг фидойилигидан, юзлаб қоракўзларнинг тақдири ишониб топширилган ўқитувчининг фидойилигидан кам эмас. Аслида фидойилик ва жасорат барча соҳа кишиларидан талаб қилинадиган хислат. Журналистнинг фидойилиги ва жасурлиги эса оммага ҳаққоний ва аниқ ахборот етказиш билан ўлчанади.

Таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммаднинг сўзлари билан айтганда «Журналистлар – жамият қон томирида оқаётган ахборотнинг яратувчиларидир. Улар замоннинг зайлини тез илғайдиган малакали, теран дунёқарашли инсонлар бўлиши керак».

Мен «Қашқадарё ҳақиқати» (ҳозирги «Қашқадарё») газетасида ишлаб юрган кезларимда матбуотда кўтарилган ҳеч бир муаммо эътиборсиз қолмасди. Фельетон бўлган соҳа раҳбарлари бунга ўзлари учун энг шармандали ҳолат сифатида қарашарди. Ўзим ҳам кўплаб танқидий, таҳлилий мақолалар ёзиб, кўпчиликнинг мушкулини осон қилганман. Бугун-чи? Айримлар ҳатто исм-фамилиясигача келтириб танқид қилсангиз ҳам парво қилмайди.

Журналистлар ҳақида гап кетганда, бу соҳанинг қаттиқ нонини тишлаб ҳам кўрмаган кишилар ижтимоий тармоқларда билиб-билмай, ўйламай уларни қўрқоқликда айблаётгани кишига оғир ботади. Икки қатор гапни эплаб ёзиш у ёқда турсин, тайёр матнни тутилмай ўқий олмайдиган айрим раҳбарларни соатлаб тинглаб, олқишлашни биламизу, лекин тунни тонгга улаб, минг бир заҳмат билан халқимизнинг юрагидаги дардини кўтариб чиқаётган журналистнинг мақолаларига масъуллар эътибор ҳам беришмайди.

Телевидение, радио ва матбуот сафига бугунги кунда интернет журналистикаси, ижтимоий тармоқлар ҳамда фуқаролик журналистикаси ҳам кириб келди. Яъни, янги техник имкониятлар билан шаклланган журналистика кўринишлари интерактив журналистика тараққий этишига замин ҳозирлади. Айнан интерактив имкониятлар туфайли интернет оммалашди.

Ҳар қандай ахборот интернет орқали тез етказиб берилаётган бугунги кунда ижтимоий тармоқларда газета-журналларнинг «ўлими» ҳақидаги башоратлар урчий бошлади. Жамиятда муайян фикрни шакллантиришда интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни қандай эканини «Араб баҳори» ва Андижон воқеалари шарҳига оид «чиқиш»лардан яхши биламиз.

Шундай хасталиклар борки, унга чалинган инсон ҳаёти муқаррар ўлим билан тугайди. Унинг номиданоқ ўлим иси келади. Уни ижтимоий касаллик дейишади. Жамиятдаги тубанлик, ахлоқсизлик, маънавий қашшоқлик, эътиқодсизлик туфайли пайдо бўлади бу касаллик. Газеталарнинг муқаррар «ўлими»ни башорат қилаётганлар эҳтимол уларни ҳам ана шундай бедаво дардга чалинган деб ўйлашар. Агар башорат қилинаётганидек «газеталар ўлса», демак, уларни хароб қилган касалликнинг номи – ижтимоий дард. Ўлмаса, башоратчилар оддий лўттибозлардир.

Ваҳоланки, бутун дунёни телефон ва компьютерга кўмиб ташлаган Япония, Ҳиндистон, Хитой ва Франция каби давлатлардаги газета ва журналларнинг адади қанча эканини биласизми?! Мазкур давлатларнинг ҳукуматлари ҳар бир хонадонга телефон ёки компьютер эмас, газета-журналлар кириб боришини таъминлар экан. Биз-чи?! Нашрлардаги бор обунани ҳам камайтириб, салкам бир асрлик забардаст газета ва журналларнинг йўқ бўлиб кетишини киприк қоқмай томоша қилиб ўтирибмиз.

АҚШда ҳар 1000 кишидан 215 нафари, Норвегияда 588 нафари, Россияда эса 105 нафари газета ўқир экан. Ўзбекис­тонда эса 1000 кишидан атиги 7 нафари газетхондир. Шундай экан, маънавият ва маданиятдан лоф уриб гапиришга ҳаққимиз борми?!

Ниҳоят, бу масала ҳукумат томонидан жиддий кўриб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Лойиҳадан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг газета ва журналлари ходимлари маошларини маҳаллий ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қоплаш, соф фойдани таҳририят ҳисобида қолдириш, даврий босма нашрлар ходимларининг малакасини ошириш, хусусан, газета ва журналларнинг электрон нашрини юритишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш бўйича ўқув курслари ташкил этиш каби бир қатор муҳим вазифалар ўрин олган.

Айниқса, қарорнинг биринчи бандида «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг фаолиятини сифатли ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратсин» дейилгани газеталарнинг умри тугади деб қарсак чалувчиларга муносиб жавоб бўлди.

Эзгу ниятли, бағрикенг халқмиз. Бу бизнинг оммавий ахборот воситаларимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Мамлакатимиздаги ўзгаришларга ўзимиз гувоҳ бўлиб, уларни матбуотда ёритаяпмиз. Газетхонлар биздан сифатли маҳсулот, яъни танқидий, таҳлилий, шу билан бирга ўқишли мақолалар кутади. Бу талабларни бажаришда журналистда ёзиш қобилияти ва маҳорат бўлишининг ўзи етарли эмас. У аввало ҳуқуқи поймол қилинган шахсларга ўткир қалами билан ёрдам бера оладиган, ҳаётда кечаётган воқеаларнинг моҳиятини чуқур англаб етадиган ва уларни ўз фаолиятининг асосий мезони деб биладиган фидойи ва довюрак, рост ва соз сўз айтиш санъатини пухта эгаллаган ижодкор бўлиши керак.

Зеро, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид таъкидлаганидек:

Гарчи кўп бўлса-да аймоғи, насли,

Бу фоний дунёда ёлғон оз яшар.

Миллат газетадан бошланар асли,

Газета рост ёзса, миллат рост яшар!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида «Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда» дея таъкидлаган эди.

Тараққиёт сари одимлаётган Ўзбекистонимизнинг шавкати йўлида фидойилик кўрсатадиган, уни ҳар қандай бўҳтон ва хуружлардан ҳимоя қилишга қодир ҳамкасбларимни касб байрами билан табриклайман.

Демократияни инкор қилмаймиз, бироқ биз дунё саҳнида ўзлигимизни асраб қолишга монелик қилмайдиган демократия тарафдоримиз. Бу бугунги тараққиётдан узоқлашиш дегани эмас, узоқлашмаймиз ҳам. Қолаверса, жаҳон тараққиёти бешигини бизнинг аждодларимиз тебратган. Бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз ҳам миллатимиз менталитети, қадриятларини улуғлайдиган фазилатлардан куч олган. Ҳозирги шиддаткор ахборот асрида ҳушёрлик, миллат манфаатларига гард юқтирмаслик ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: