Home / Тавсия этимиз / Мутолаага қайтиш – ўзликка қайтиш демак

Мутолаага қайтиш – ўзликка қайтиш демак

“Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз — вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз — уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз — уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Хўш, ўтмиши буюк халқ бўлатуриб нега бугун биз, дунё тан олган Ал-Хоразмий ва Ибн Сино авлодлари илм-фанда орқада қолдик? Нега интернетда ғийбатлашиш, бўлмағур пост ва хабарларни ўқиб, уларга муносабат билдириш, бачкана кўрсатув ва концертларни томоша қилишга, бир сўз билан айтганда, ўз савиямизни туширишга соатлаб вақт сарфлаймизу, аммо йилда ақалли бир маротаба кутубхона ёки китоб дўкони остонасидан ҳатламаймиз?

Ўзбек оилаларида китобга муҳаббат, уни асраб-авайлаш қадимдан анъанага айланган. Авваллари узун қиш кечалари маҳалла аҳли танча атрофига жам бўлиб, китоб мутолаа қилар, бошқалар эса воқеа-ҳодисалар баёнини жон қулоғи билан тинглаб, сўнг ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашарди. “Навоийхонлик”, “Бедилхонлик”, “Машрабхонлик”, “Бобурхонлик” каби китобхонлик кечалари ўтказиларди.

Халқимиз учун илму маърифат ҳамиша ва ҳар вақт энг муҳим маънавий озуқа бўлиб келган. Европаликлар ҳали мудраб ётган замонларда оламшумул кашфиётлари билан бутун дунёни уйғота олган, фалакиётдан тортиб тиббиётгача, ҳатто ҳозир мисл­сиз ривожланган ахборот технологиялари соҳасининг ҳам тамал тошини қўйган ўнлаб буюк аждодларимиз болаликдан илму маърифатга интилгани, билим олишни юксак қадрият деб ҳисоблагани учунгина даҳо бўлиб етишдилар.

2700 йил аввал аждодларимиз 12 минг қорамол терисига битиб кетган “Авесто” китобида: “Ҳар бир болани шундай тарбиялаш зарурки, у аввал яхши ўқиш ва сўнгра эса ёзишни ўрганиш билан энг юксак поғонага кўтарилсин”, деган даъватлар борлиги боболаримиз таълим ва мутолаага катта эътибор қаратганини кўрсатади. Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, деган ҳикмати ҳам мутолаага даъват этади.

Қадимги юнон императори Искандар Зулқарнайн муқаддас китобимиз “Авесто”нинг инсонларни Ватан ҳимояси йўлида бирлаштира олишини билгани учун уни ёқиб юбориш ҳақида фармон берган эди. Ота-боболаримизнинг китобга эътиборсиз бўлмаганлигини Самарқанд­да бундан 2000 йил олдин қоғоз ишлаб чиқарила бошланганидан ҳам билиш мумкин. IХ – ХII асрларда она заминимиздан жаҳон илм-фанини юксакларга кўтарган буюк алломалар етишиб чиқишининг замирида ҳам илмга ташналик ётади. Улар китобни муқаддас санаб, кўз қорачиғидек асраганлар.

Ривоят қилишларича, қадимда бепоён саҳрода кетаётган карвонни қароқчилар тўхтатиб, талабдилар. Шунда кимдир жонини асраш, кимдир молини яшириш пайида бўлибди. Қароқчилар сардори ҳар бир туяга ортилган молни кўздан кечирибди. Улардаги қимматбаҳо буюмларни, олтину зарни битта қўймай йиғиштиришни буюрибди. Навбат устига китоблар ортилган туяга келибди. Китоблар соҳиби ёнидаги бор бойлигини тортиб олишаётганда индамабди-ю, гал китобларига келганда сардорнинг оёқларига йиқилиб, тавалло қилибди: “Хоҳласанг, бойлигимга қўшиб жонимни ҳам ол, лекин китобларимга тегма”. Қароқчилар сардори: “Эй, эси паст нодон, ёнингда бир миринг қолмади-ку, бу бир туя қоғоз жонингга оро кирармиди? Ундан кўра мендан уйингга етиб олиш учун корингга ярайдиган пул, егулик сўрасанг бўлмайдими?”, дея мазах қилибди. Китоблар соҳиби унга шундай дебди: “Тўғри, мен уйимга етиб олгунча қийналаман. Сен тортиб олган бойликни ўрнига  келтириш мумкин, аммо йўқотган китобларимни пул билан ўрнига келтириб бўлмайди”. Бу гапдан қаттиқ таъсирланган қароқчилар сардори талаб олган бойликларининг ҳаммасини ташлаб, отига қамчи босибди.

Бу-ку, бир ривоят. Бугун китобга муносабатимиз қандай? Муносиб даражада деб айта оламизми? Афсуски, ижобий жавоб қилиш қийин. Бугун нафақат ёшлар, балки биз, катталар ҳам китобдан йироқлашиб бораяпмиз. Эҳтимол, биз шунчалик ақлли бўлиб кетганимиздан китоб ўқишга эҳтиёж қолмагандир ёки аксинча, ақлан заифлашиб, ўқишни ҳам унутиб қўйдикми? Ваҳоланки, яхши китоблар юз минглаб нусхада чоп этилиб ҳам эҳтиёжни қондириб бўлмаган даврларда луғатимизда “маънавият” деган сўз йўқ эди. Бироқ китобхонлик даражаси анча баланд эди. Бугун-чи? Ҳар икки жумланинг бирида маънавият, маърифат сўзларини ишлатамиз, амалда эса…

Биз маънавият ҳақида жар солиб юрган давримизда мактаб ва қишлоқ кутубхоналари йўқ бўлиб кетди. Қолганлари ахборот-кутубхона маркази, ахборот-ресурс маркази, дея қайта номланиб, моҳиятан нуфузи тушириб юборилди. Натижада бу марказларга “китобхон”лар китоб ўқиш учун эмас, у ерда интернетга уланган компьютер борлиги учун, улар ёрдамида тайёр мавзуларни кўчириб реферат, диплом иши “ёзиш” учун борадиган бўлиб қолди.

Талабалик йилларимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунида курсдош қизларга ёппасига китоб совға қилардик ва улар ҳам биз йигитларни ҳарбийлар байрамида шундай туҳфа билан табриклар эди. Шунингдек, турли хил газета ва журналларга обуна бўлардик ва уларни талашиб ўқирдик.

Бугун айрим ёшларимиздан “Instagram”, “Теlegram” ва “Facebook”ни сўрайлик. Лекин асло “Алпомиш”, “Фар­ҳод ва Ширин”, “Ўткан кунлар”, “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Юлдузли тунлар” романлари ҳақида сўрай кўрмайлик. Жаҳон адабиётидан эса асло сўз очмаганимиз маъқул. Чунки ўғлимиз ёки қизимиз “Дада, шу китобларни ўзингиз ўқиганмисиз?” деб сўраб қолса, хижолатда қолишимиз мумкин.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, кирилл алифбосида бўлгани ва энг ачинарлиси, ғоявий ва сиёсий мазмунидан қатъи назар, титул варағида эски тузум тамғалари бўлгани, аннотациялари ўша давр руҳини акс эттирувчи сўзлар билан бошлангани учунгина миллионлаб нусхадаги китоблар ёппасига олиб чиқиб ташланди. Ваҳоланки, “Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмай”, ўша бизга ёқмаган тамғалар устига бир парча қоғоз ёпиштириб қўйиб, жуда бўлмаса, титул варағини йиртиб ташлаб, ўша китоблардан фойдаланиш мумкин эмасмиди?

Афсуски, мустақиллик йилларида ўқув юртлари ўқув режасига бир қатор янги фанларнинг киритилиши билан адабиёт бўйича дарс соатлари ҳаддан зиёд қисқартирилиб, бу дарсларга эътибор ва қизиқиш пасайиб кетди. Ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг кутубхоналари янги ўқув, бадиий ва илмий адабиётлар ҳамда даврий нашр­лар билан етарли даражада таъминланмади. Аксар кутубхоналар ва газета киоскалари ёпилди. Юз минглаб нусхада чоп этилган романларнинг бугунги энг катта адади 5 мингдан, шеърий тўпламларнинг энг катта адади 500, нари борса 1000 нусхадан ортмаслиги жаҳон тамаддунининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшган, Алишер Навоий каби буюк шоир ва мутафаккирларни етиштирган ўзбек халқи учун ачинарли ҳол эмасми?

Бирор кишининг қандай инсонлигини билиш учун унга: “Сиз кимнинг ва қайси асарини ўқияпсиз?”, деган савол бериш ва шу саволга берган жавобига қараб унинг кимлигини айтиш мумкин. Чунки бадиий асар, ундаги адабий қаҳрамон, у хоҳ Отабек ёки Йўлчи, хоҳ Михаил Шолоховнинг Соколови ёки Чингиз Айтматовнинг Едигейи бўлсин, бош қаҳрамонлар билан бирга китобхонларнинг шахс сифатида шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Агар сиз юқорида таъкидлангани сингари “катта” қаҳрамонлар тасвирланган асарларни кўпроқ ўқисангиз, шу қаҳрамонларга ўхшаган катта шахс бўлиб шаклланасиз. Агар енгил-елпи асарларни ўқишдан нарига ўтмасангиз, шу асарлардаги енгил-елпи қаҳрамонларнинг реал ҳаётдаги нусхаларидан бири бўлиб қоласиз.

Афсуски, айрим юртдошларимиз фарзандини илму маърифатли қилиш ўрнига ҳалиям дабдабали тўю томошалар қилиб ном чиқаришга интилмоқда. Юқорида давлатимиз раҳбарининг гапида таъкидланганидек, дастурхондаги маҳсулотлар кўпга қолмай тугайди-кетади. Китоб эса қалбларда мангу қолади. У фарзандларимизни тарбиялайди, яхшиликка эргаштиради.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб китобхонликка жиддий эътибор қаратган Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Хитой ва Ҳиндистон сингари давлатлар тараққиётда анча илгарилаб кетди. Бундай йўлни биз ҳам босиб ўта оламиз. Буюк аждодларимиздан ибрат олиб яшасак, кифоя. Ёшлар мутолаага қайтмагунча ҳеч нарса ўзгармайди. Китоб ўқимаган телевизорга ёпишади. У ерда намойиш этилаётган фильм, сериал ва кўрсатувларнинг ҳаммасини ҳам савияли, деб бўлмайди. Савиясиз медиа маҳсулотларни қайта-қайта истеъмол қилаверган инсон, табиийки, маънан қашшоқлаша бошлайди.

Хуллас, ўзимиз сезмаган ҳолда маънавий инқироз жари ёқасига шу қадар яқин бориб қолибмизки, оқибатда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиш чиқаришни мақсадга мувофиқ топиб, кўзимизни очиб қўйди. Миллат фожиасининг олдини олишга қаратилган бу фармо­йиш чиқмаганда, билмадим, қуруқ маънавият сўзини байроқ қилиб қаёққа кетаётгандик?..

Шунингдек, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида  ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган бешта муҳим ташаббусида ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тар­ғиб қилиш ҳамда китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратган эди. Шу асосда “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида ҳаракат бошланиб кетди ва натижада мактаб кутубхоналари фонди ўқишли китоблар билан бойиб бормоқда. Бу —  китоб ўқишни жон-дили деб билган ёшларни тўлқинлантириб юборди. Масалан, Китоб туманидаги 2-давлат ихтисослашган мактаб-интернатида “Китоб­лик китобхонлар клуби”нинг ташкил этилиб, “Зукко китобхон” танловининг ўтказилгани ва ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирлангани фикримизнинг тасдиғидир.

Қарши давлат университети рўпарасида китобга монумент ўрнатилди. 12 дона энг нодир асарлар тўплами акс этган ушбу монументда ўзига хос рамзий маъно мужассам. Тўпламга  буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан бир қаторда Бальзак, Шекспир, Пушкин каби жаҳон адабиётининг етакчи намояндалари асарлари ҳам киритилган.

Буюк маърифатпарвар шоир Чўлпон адабиётни “ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви” дея таърифлаган эди. Биз фарзандларимизни ана шундай маърифат сувидан баҳраманд қилмас эканмиз, уларни комиллик чўққисига эриштира олмаймиз. Дилбандларимиз китобдек мўъжиза билан қадрдон бўлсалар, у билан сирлашиб, бадиият оламида кезсалар, китобга ошнолик уларнинг ҳаётий эҳтиёжига айлансагина у чўққини “забт” этишлари мумкин.

Халқимиз тараққиётнинг янги, юксак босқичи сари дадил ва мардона қадам қўяётган бир даврда мамлакатимизда китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш, китоб маҳсулотларини нашр этиш борасида улкан ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани бежиз эмас. Президентимиз мамлакатимизнинг қайси гўшасига бормасин, албатта, ёшлар қалбида китобсеварлик туйғусини уйғотиш, уларни мутолаа маданиятига ўргатиш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Кейинги йилларда ҳудудларда ташкил этилаётган кутубхоналар, китобхон ёшларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган турли танловлар, танлов ғолибларига Президент совғаси сифатида автомобиль туҳфа этилаётгани, кўчма кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани, машҳур адибларимиз номи билан аталадиган ижод мактабларининг бунёд этилгани, буюк адиблар хотирасини абадийлаштириш, адабиётни ривожлантириш бўйича кетма-кет қарор ва фармонлар қабул қилинаётгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

“Huquq”

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: