Home / Жиноят ва жазо / Зиёратни барбод қилган «турфирма»

Зиёратни барбод қилган «турфирма»

Бутун умрини фарзандларига бағишлайдиган халқмиз. Шундан бўлса керак, ҳар бир ота-она бола-чақасини оилали, уйли-жойли қилиб, уларнинг ташвишидан салгина енгиллаганидан сўнг муқаддас динимизнинг фарз амалларидан бўлган ҳаж ва умра зиёратларига бориш ҳаракатига тушиб қолади.

Мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний қоидаларга амал қилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “ҳаж” ва “умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори мазкур зиёратларни юқори савияда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этди.

Қарорга асосан ҳаж зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилган низом қабул қилинди. Унда ҳаж ва умра зиёратларини ихтиёр этаётган юртдошларимизнинг ягона онлайн навбат тизимини яратиш ва уни ҳар йили янгилаб бориш, навбатда турган зиёратчиларнинг доимий яшаш манзили ўзгарган ҳолатда ҳам уларнинг навбати ўша жойда сақланиб қолиши, авиачипталар нархини арзонлаштириш, барча босқичдаги тиббий кўрикнинг бепул амалга оширилиши ва ҳаж зиёрати билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам ўз ечимини топган.

Гапнинг сирасини айтганда, бугун «ҳожи» бўлишни ният қилганларга енгилликлар яратилди. Аммо баъзи содда одамларимиз пул учун имонидан кечган, ҳатто муқаддас динимиз фарзларини бажаришга бел боғлаган инсонларни ҳам тунашдан орланмайдиган кимсаларнинг тузоғига илиниб қолишмоқда.

Хуррам Ниёзов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2015 йилда МЧЖ шаклидаги сайёҳлик фирмаси очиб, талабгорларнинг мамлакатимиз тарихий жойларига саёҳатини ташкиллаштириш билан шуғулланиб келарди. Аста-секин бу борада тажрибаси ортиб, эн­ди ўзини халқаро сайёҳликни ташкил қилишда ҳам синаб кўрмоқчи бўлди. Унинг бу мақсади яхши, бироқ асл нияти қора эди-да.

У ҳаж ва умра зиёратига бориш истагидаги фуқароларни жалб қилиш мақсадида туман марказидаги аҳоли гавжум жойларда ўзининг реклама ва эълонларини ўрнатди. Қарабсизки, орадан кўп ўтмай офисининг эшигини тақиллатиб келувчилар пайдо бўлди. Шундай «ўлжа»лардан бири фуқаро М.Умаров бўлди.

Ўтган йилнинг апрель ойида Хуррам эълон бўйича келган Маҳмуд ака билан обдон суҳбатлашди. Суҳбат асносида у мижозни 14 миллион сўм эвазига «Ўзбектуризм» миллий компанияси орқали умра зиёратига юборишга ишонтирди. М.Умаров бу «уддабурон» йигитни диёнатли бўлса керак, деб ўйлади, чамаси, сўралган миқдордаги пулларни унга келтириб берди ва зиёрат тадоригини бошлаб юборди. Аммо бир муддат ўтгач, аввалига ваъдани катта қилган Х.Ниёзов бошқа гап топиб келди. Нима эмиш, уни умрага жўната олмас экан-у, лекин Тошкентдан ҳажга юборармиш. М.Умаров бу гал ҳам унинг алдовига чув тушди. 2018 йилнинг 4 июнь куни яна 21 миллион сўм олиб келиб, фирибгарга қўш-қўллаб топширди. Хуррам пулни қурт­дай санаб олаётганида мижозига кўнглини тўқ қилишини тайинлашни ҳам унутмади. Шу тариқа у отахоннинг кўнглини тўқ, 35 миллион сўмни эса «йўқ» қилди.

Бу пайтда унинг қармоғи қўнғироғини чалаётган биргина М.Умаров эмасди. Фирибгарнинг фуқароларни Саудия Арабистони давлатига зиёратга юбораётганидан хабар топган Абдужалил Қосимов Хуррамнинг ҳузурига келиб, турмуш ўртоғи билан умрага бориш ниятида эканлигини маълум қилади. Ўз оёғи билан келиб турган ўлжани қўлдан чиқариб юбормаслик учун уни ҳам авраб, ваъдани қуюқ қилди. Чол-кампирни зиёратга юбориш учун тўлов сифатида 28 миллион сўмни қўлга киритиб, яна эски найрангини қўллади. Яъни умра масаласи ҳал бўлмаганини айтиб, пойтахт орқали ҳажга юборишни ваъда қилди ва уларни яна 42 миллион, жами бў­либ 70 миллион сўмга «аъзо» қилди.

У даромад келтираётган усул билан яна 8 нафар «ҳожи» бўлиш ниятидаги фуқароларни ҳам тузоғига «илинтирди». Хусусан, С.Салимовни 16 миллион, И.Азимовни 35 миллион 600 минг, М.Давроновани 35 миллион, С.Баратовни 32 миллион, М.Имомовани 16 миллион, К.Маликовани қариийб 19 миллион, Х.Бакировани 17 миллион ва Н.Холиқовни 17 миллион 600 минг сўмга «ухлатиб» кетди.

Умуман олганда, Х.Ниёзов ҳаж ва умра зиёратига юбораман деб, 10 нафар фуқаронинг қарийб 300 миллион сўм маблағини ўзлаштирди.

«Ўрганиб қолсанг, бировнинг ошига, кунда борарсан анинг қошига» деганларидек, текин луқмага ўрганиб қолган фирибгар ҳар бир қадамида кимгадир фириб бериш ҳа­қида ўйлайди чоғи, Х.Ниёзов кекса отахон-онахонларни чув тушириш билан бирга ижарага «Isuzu» русумли автобус ҳайдаб юрган фуқарони ҳам «аҳмоқ» қилиб кетди. Гап шундаки, у Р.Қиёмовнинг ишончига кириб, агар ўзининг сайёҳлик фирмаси орқали фуқароларни юртимизнинг Самар­қанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига олиб бориб келса, ҳар бир сайёҳ учун маълум ҳақ беришини айтди. Ўтган йилнинг июнь-август ойларида Р.Қиёмов 3 марта сайёҳларни саёҳатга олиб бориб келди. Ҳисоб-китоб вақти келганда эса Хуррам тутқич бермай, ҳайдовчини 4 миллион 300 минг сўмга туширди.

Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судида Х.Ниёзовнинг қилмишлари атрофлича ўрганилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, унга жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлаш мажбурияти ҳам юклатилди.

Хулосани қуйидаги мисол билан якунламоқчимиз. Буюк саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида масжидга ҳаммадан эрта келиб, ҳаммадан кеч кетиши билан Расулуллоҳнинг назарларига тушган саҳоба эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Дардони шу одатлари учун яхши кўрар эдилар. Аммо хурмо пишган пайтда Абу Дардо масжидга кеч келиб, эрта кетадиган бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Эй Абу Дардо, сенга нима бўляпти, ўзгариб қолдинг? Кеч келиб, эрта кетадиган бўлиб қолдинг?», деб сўраса, шунда у: «Ё Расулуллоҳ, қўшнимнинг хурмоси пишган, унинг шохлари ҳовлимга осилган. Хурмо пишса, меваси менинг ҳовлимга тўкилади. Болаларим қўш­нимнинг хурмосини еб қўйишидан қўр­қаман, шунинг учун ҳар куни эрталаб бомдодга кетишдан аввал кечаси тўкилганларини тўплаб, қўшнимга чиқариб юбораман. Масжиддан тезроқ қайтиб бориб, яна кундузи тўкилганларини болаларим еб қўймасин деб, тўп­лаб, қўш­нимга чиқараман. Узрим мана шу», деган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом хурсанд бўлганлар, Абу Дардонинг ҳаққига барака тилаб дуо қилганлар.

Афсуски, Х.Ниёзов бундай ҳикматлардан бехабар экан. Акс ҳолда, келиб-келиб ҳаж ва умра зиёрати учун мисқоллаб маблағ йиққан инсонларнинг ҳаққига хиёнат қилмаган, осонгина жиғилдонига урмаган бўларди.

Мирзобедил НАЗАРОВ,

Бағдод туман прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: